Тил – жамиятнинг асосий таянчи, инсоний мулоқот-муносабатнинг бирламчи воситаси, миллат руҳи ва давлатчилик тақдири, деб бежиз айтишмайди. Тил – мулоқот зарурати туфайли яралган, мулоқот жараёнида инсоният яратган барча янгиликларни, тафаккур меваларини англатиб, авлоддан-авлодга етказиб, авайлаб-асраб келади.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга сифатли таълим бериш, хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўргатиш учун зарур шароит ва имконият яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги Ўзбекистон ёшлари бугун чет тилларини чуқур ўзлаштириб, миллатлар ҳаёти, урф-одатини ўрганишга астойдил бел боғлаган. Самарқанд давлат чет тиллари институти академик лицейида ҳам ана шундай иқтидорли ёшлар кўп.
Мазкур лицей 20 йиллик тарихга эга, кўҳна шаҳар марказида жойлашган, хорижий тилларни ўқитишга мослаштирилган ягона профессионал таълим муассасаси ҳисобланади. Ўқув юрти ҳудудини “талабалар шаҳарчаси” дейишади.
Замонавий бино ва моддий техник базага эга бу даргоҳда хорижий тиллар ва ижтимоий гуманитар фанлар ўқитилади. Хорижий тил йўналишида таълим олаётган ўқувчиларга инглиз, немис, француз, корейс, хитой ва рус тилларидан сабоқ берилади.
Маҳаллий ва хорижий мутахассислар, дунёнинг турли таълим муассасаларидан келган профессорлар лицейимиз хусусида шундай фикрда:
Фазлиддин Рўзиқулов. Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори в.в.б.:
– Академик лицейимиз Самарқанд давлат чет тиллар институтига энг муносиб талабаларни етказиб берувчи таълим муассасаси ҳисобланади. Институтга кирган лицей битирувчилари ўз ақл-заковати, билими, илм олишга интилиши билан ажралиб туради. Юқори натижага эришаётган талабаларимизнинг кўпчилиги айнан академик лицей битирувчилари эканини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.
Лицейда таълим сифатини ошириш учун институт билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Институт томонидан ташкил қилинган “IT”хонаси, ўқувчилар учун тақдим этиб келинаётган “Ректор стипендияси”, алоҳида ўрнак кўрсатган ўқитувчи ва ходимлар учун моддий рағбат шулар жумласидан. Бундан ташқари институтда фаолият юритиб келаётган хорижлик ва малакали маҳаллий ўқитувчилар академик лицейнинг битирувчи босқич ўқувчиларига дарс бериши йўлга қўйилган.
Академик лицейда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инновацион лойиҳалар, хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда қилинаётган ишлар институт жамоаси томонидан эътироф этилмоқда.
Жузеппе Андреа Сапинза, Англиянинг Ковентри университети профессори (Буюк Британия):
– Самарқанд давлат чет тиллари институти академик лицейи бир вақтнинг ўзида 20 дан кўп хорижий ва маҳаллий ташкилот билан ҳамкорликда иш олиб боради. Хусусан, Англия, Германия, Туркия, Япония, ХХР, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Қирғизистон ва Тожикистон университетлари билан йўлга қўйилган шериклик йил сайин мустаҳкамланмоқда. Ҳамкорлар билан бирга ўқувчилар учун ёзги мактаб, ўқитувчилар учун семинарлар ташкил қилиняпти.
Бобуржон Абдураззоқов, лицей ижрочи директори:
– Ўнлаб ўқувчиларимиз фан олимпиадалари, республика ҳамда жаҳон миқёсида ўтказилган нуфузли танлов ҳамда мусобақаларда нафақат лицейимиз, балки бутун мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган ҳолда, юқори натижалар қайд этаётгани бизни жуда қувонтиради.
Ҳар бир ўқувчи эртанги кунимиз эгаси, Ватанимиз ёрқин келажагини қурувчи шахс эканини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг билими ва салоҳиятини ошириб бориб, келажакда комил инсон бўлиб етишишига камарбаста бўламиз. Бу йўлда барчамиз бир тан-бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим! Зеро, фарзандларимиз жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган етук инсон бўлиб шаклланиши биз учун ҳар нарсадан муҳим.
Цин Фен, хитой тили ўқитувчиси (Хитой):
– Хорижий ҳамкор ташкилотлар билан бирга лицейда чет эллик ўқитувчилар ҳам ишлайди. Англия, Германия, Франция ва Япониядан келган мутахассислар ўқувчи-ёшларга семинар ўтишади. Хитой Халқ Республикаси ва Жанубий Корея профессорлари мунтазам равишда дарс жараёнига жалб қилинади.
Муассасада миллий маданиятимиз доимий эътиборда. Бу ерда тез-тез ўзига хос тадбирлар ташкил қилинади. Табиийки, чет тилларини ўрганиш учун қулай муҳит яратилган. Айтмоқчиманки, нафақат хитой, балки инглиз, рус, корейс тиллари ҳам ўргатилади. Ўқувчилар устозларини жуда ҳурмат қилиши, айниқса, эътиборимни тортди.
Миржалол Дувланов, инглиз тили ўқитувчиси:
– 25 нафар юқори малакали ўқитувчидан 12 нафари чет тили ўқитувчиси. Улар чет тилини билиш даражасини аниқловчи халқаро ва маҳаллий сертификатларни қўлга киритган. Ўқитувчилар учун ҳар ой малака ошириш семинарлари ўтказилади. Машғулот давомида хорижлик мутахассислар маҳаллий ўқитувчилар маҳоратини оширишга кўмаклашмоқда.
Мураббийлар илмий йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Қувонарлиси, 5 нафар ўқитувчи тилшунослик ва тарих фанлари бўйича изланиш олиб боряпти. Сўнгги бир йил давомида “Scopus” базасидаги манбаларда, нуфузли илмий журналларда, халқаро ва республика илмий конференциялар тўпламларида устозларимизнинг юзга яқин илмий мақоласи чоп этилди.
Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейи ўқувчиларга хорижий тилни чуқурроқ билиш имконини беряпти. Зеро, IELTS ва CEFR миллий тил имтиҳонларида юқори натижага эришиш талаба ва ўқитувчилар учун устувор вазифа ҳисобланади.
Шин Хюнми, корейс тили ўқитувчиси (Жанубий Корея):
Таълим масканида корейс тилини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилган. Жанубий Кореяда жойлашган университет ва мактаблар, Тошкент шаҳридаги корейс тили марказлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Корея университетлари билан ҳамкорлик доирасида академик лицей ўқувчилари ушбу давлатда тил курсларида қатнашиб келади.
Корея давлатига қизиқиб, шу тилни севиб ўрганаётган талабалар сони ортиб боряпти. Талабаларнинг мамлакатим ҳақида билишга иштиёқини кўриб, уларга янада кўпроқ нарса ўргатишга ҳаракат қиламан.
Нафиса Қуватова, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси:
– Бугунги кунда академик лицейда 350 га яқин ўқувчи таҳсил оляпти. Уларнинг 104 нафари халқаро, 70 нафари миллий тил билиш даражасини аниқловчи сертификат соҳиби. Ўғил-қизлар учун икки турдаги рағбат – “Академик лицей ифтихори” ва “Ректор стипендияси” жорий қилингани ёшларимизни янада ғайрат, шижоат билан ўқишга ундайди, албатта.
Республика миқёсида ўтказилаётган турли мусобақаларда ўқувчиларимиз фаол иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келишади. Ўқувчилар ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни қарор топтириш, уларнинг тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватани, халқига муҳаббат билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда адабиётнинг ўрни беқиёс. Шундай сифатларни ўзида мужассам этиши учун ёшларни бадиий адабиётга, мутолаага тарғиб этиш лозим.
Самарқанд давлат чет тиллари институти академик лицейи кейинги фаолияти давомида таълим сифатини оширишга қаратилган бир қатор ишларни амалга оширишни режалаштирган. Ўқитувчиларни хорижий давлатлар нуфузли университетларига стажировкага юбориш, хорижий таълим муассасалари ёзги ўқув курсларига жалб қилиш, мунтазам илмий-амалий семинар, конференциялар ташкил қилиш шулар жумласидан.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА