Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистнинг белгиланган иш вақти бўлмайди...
10:15 / 2024-06-27

Ўзбекистонда 27 июнь – Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ўзига хос бир байрам сифатида нишонланади. Мана неча кунки, ушбу байрам нафасини ҳис қиласан киши...

Ҳа, жамиятдаги ўзгаришлар, янгиликлар аввало матбуотда акс этади. Шу маънода матбуот, такрор бўлса ҳам айтаман – кўзгу. 

Бугун кўп соҳаларда тилга олинадиган “Янги” ибораси оммавий ахборот воситалари ҳақида гап кетганда ҳам бот-бот қулоққа чалиниб қолади. Бу, Янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш учун улкан ўзгаришларни янги ғоя, ташаббуслар, янгича фикр, ёндошувлар асосида ёритиш, дегани, албатта...

Аслида бу кун биргина журналист, мухбир, фотомухбир, теле ва радиожурналистлар, матбуотчиларнинг байрами эмас, балки ҳаммамизники. Бугун лоақал ижтимоий тармоқлар орқали у-бу воқеа-ҳодисларга муносабат билдирмаётган одамнинг ўзи борми?.. 

Журналистнинг нони қаттиқ. Халқ, эл-улус дарди, ҳаёти билан яшаётган баъзида “жамият санитарлари” ёрлиғи пешонасида ёпиштириладиган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иши ҳеч бир замонда осон кечмаган. Журналистнинг белгиланган иш вақти йўқ. У 24 соат маълум бир лаҳзалар, ҳолатларни пойлайди, тиним билмайди. Унинг тун-у кун чеккан заҳматга кундалик матбуот – газета-журналларни қўлга олган ёки электрон ахборот воситаларини кўздан кечираётган ўқувчи баҳо беради. Қалам аҳли учун бундан ортиқ баҳо  бўлмаса керак. Шу маънода оммавий ахборот воситалари жамиятимизнинг барча йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўзгуси ўлароқ кенг халқ оммасини маънавий уйғоқликка, онгу тафакурини ўзгартиришга даъват этадиган жуда катта куч дейиш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ. Ватанимиз нуфузи дунё бўйлаб кенг таралаётгани эса бизни янада фаол ва масъулият  билан ишлашга ундайди.

Матбуот эркинлиги ҳақида гап кетганда, нодавлат медиаташкилотлар билан ҳамкорликда журналистлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилиб келинаётганини таъкидлаш ўринли. Республикамизда фаолият юритаётган журналистлар учун жаҳон стандартлари ҳамда бугунги ўқувчиларнинг диди ва талабига мос келувчи сифатли миллий контент яратишга қаратилган ўқув семинарлари жараёнларида ЮНЕСКО, ЙХҲТ, БМТ Тараққиёт дастури каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги ҳам бу соҳа ривожи учун муҳим қадамлардандир. 

Бугуннинг журналисти ким деган саволга, том маънодаги фидоий инсон, деб жавоб бериш мумкин. Ўқувчини рост, тўғри ахборот билан таъминлаётган, тезкорлик, холислик билан ўз вазифасига ёндашаётган, кўп ҳолларда ҳаётини хавф остида қўйиб бўлса ҳам мақсадига эришаётган инсонларни ким дейиш мумкин?!.

Журналистика Халқ, Ҳаёт ва Дунёни яхши томонга силжита олиши билан бирга, шаффофлик тамойили асосида бор ҳақиқатни баралла айта олади. Бугун бу соҳада етук, қалами ўткир, бой тажрибага эга ходимлар қаторида ёш, шижоатли, ўзининг қатъий сўзи ва позициясига эга бўлган ижодкорларнинг борлиги эса, кишини қувонтиради.

Ахборот маданияти шаклланишида ижтимоий-сиёсий, миллий, маънавий-маърифий, ҳуқуқий, тиббий, фалсафий, эътиқодий, иқтисодий, умуминсоний аспектлар ҳақида биринчи бўлиб ким бонг уради? Албатта, журналист. Шунинг учун ҳам ҳозирги тезкор даврда ўз ишининг устаси бўлган профессионал журналист кадрларга эҳтиёж катта. 

Шу ўринда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари вакилларига шахсан ҳурмат ва эътиборларини қуйидаги сўзларидан ҳам англаш қийин эмас: “Мен, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни – ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша президент ҳимоясида бўлади”... 

Сўз дури кўнгилдан сўзга кўчиб, нутқ шарафига эришади. Унинг қиймати ҳам ўзининг даражасига қараб шуҳрат қозонади ва ҳамма ёққа ёйилади. Яхши сўздан баданга тоза руҳ етади. Сўз айтгувчи суҳбат чоғида тингловчининг кўнгил сирларини очувчи, қалб дардларига малҳам бўлувчи, меҳрга ташна қалбни ўзининг сўзлари билан даволагувчи бўлмоғи лозим. Зеро, яхши сўз жонга озиқ эрур, дилларни ўзига пайванд қилиб, меҳр қуёшини порлатгай. 

Телерадио, газета-журналлар, қолаверса, электрон ОАВлари ҳақида гапирилганда, нафақат сўз, балки овоз, таъсирчан тасвир, пухта режиссура, ҳар бир деталь, ҳатто ташқи кўриниш ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, ОАВи минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этишида намоён бўлади. 

Баъзи бир касблар борки, унга маълум бир қатламгина мурожаат қилади.  Лекин ОАВи ходимларининг меҳнатларидан фойдаланмайдиган инсоннинг ўзи йўқ. Бу бир қарашда жўн, аммо – ҳаётий ҳақиқат. Демак, яратувчанлик ва фаровонликни ҳар қадамда таъмин этиш учун зарур бўлган давлат бошқаруви ва халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни айнан ОАВи ходимларининг меҳнатисиз тасаввур этиш мушкул. 

Ҳаётимизнинг мазмуни ҳисобланган холис ва ҳаққоний ахборотга бўлган эҳтиёжни қондиришда, ўз навбатида, халқ ва давлат бирлигини таъминлаб, демократик  ислоҳотларга камарбаста бўлиб, мамлакатимизда олиб борилаётган одилона ва халқпарвар сиёсатни тарғиб этадиган ОАВи вакилларининг хизматлари беқиёс. 

Шоирнинг ушбу сатрлари журналист меҳнатига берилган энг самимий, беғараз баҳо бўлиб янграйди:

Битта хабар учун, бир сатр учун,

Гоҳ олам нурафшон, гоҳида тутун,

Шундан бахтиёрсиз, шундан бахтлисиз,

Дунёда бахт йўқдир шу бахтдан устун.

Элим деб, юртим деб ёнган жонларим,

Журналист дўстларим, қадрдонларим!

Мадина ЗУФАРОВА,

“RENAISSANCE” университети

Филология ва тилларни ўқитиш 

факультети талабаси,

ЎзА