ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими қошидаги “Ёш журналистлар маҳорат маркази”ни муваффақиятли якунлаган ёшлар махсус сертификатлар билан тақдирланди.
Андижон шаҳридаги “Маърифат уйи” биносида ўтказилган маросимда уюшманинг вилоят бўлими раҳбарлари, фахрий журналистлар, соҳа вакиллари, тўгарак раҳбарлари иштирок этди.
– Бугунги ёшларимизнинг билим олишга, касб сирларини пухта ўзлаштиришга интилиши қувонарли, - дейди “Андижон” телерадиокомпанияси мухбири М. Ортиқова. – Маҳорат маркази 6 ой мобайнида уларга назарий ва амалий билимларни берди. Муҳими, бугун уларнинг кўпчилиги журналистика соҳасида ўз келажагини кўрмоқда.
Марказда таҳсил олган 20 дан зиёд ёш январь ойида ўтказилган кастинг орқали саралаб олинган. Улар мобиль журналистика, видео хабар, репортаж ва лавҳа тайёрлаш каби амалий машғулотларда фаол иштирок этган.
[gallery-24071]
– Устозлардан олган сабоқларим орқали журналистиканинг нақадар масъулиятли ва қизиқарли касб эканини англадим, - дейди Булоқбоши туманидаги 3-умумтаълим мактаби битирувчиси Ҳуснидахон Зокирова. –Эндиги мақсадим, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кириш.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА