Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистларнинг танқидий материалларига масъулларнинг жавоб бериш кўрсаткичи кескин ошди
10:15 / 2021-06-28

Давлатимиз раҳбарининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бораётгани эътироф этилди.

Бу каби ёндашувни Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири эканлиги ҳамда миллий манфаатларимизга жавоб берадиган бу йўлни қатъий давом эттириш кераклиги билдирилди.  

Бу борада, аввало, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани кучайтириш мақсадида кейинги тўрт йилда 12 қонун ҳужжати қабул қилингани, медиа соҳаси, ахборот хизматлари тизими тубдан янгиланганини таъкидлаш лозим.  

Давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилаётгани келтирилди. Жумладан, ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, миллий дастур ва стратегияларнинг бажарилиши юзасидан доимий равишда матбуот анжумани ва брифинглар, очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.  

Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2 минг 410 тага етди.  

Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланмоқда. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра қарийб 90 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.  

Яқинда қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.  

Шу ўринда табрикда келтирилган масалалар бўйича Адлия вазирлиги тажрибасига тўхталсак. Сўнгги 2-3 йил давомида вазирликнинг аҳоли, ОАВ билан ўзаро алоқа тизими сезиларли равишда ўзгарди. Бунга қандай эришилди?  

Вазирлик тизимида инновациялар жорий этилмоқда. Хусусан, кўп тармоқли Call-центр хизмати (1008); “Мадад” ННТ ва унинг ҳудудий бюролари, Advice.uz платформаси, “Biznesga maslahat” (Advice for business) махсус интерфаол портали,   “Huquqiy axborot” телеграм канали.  

Адлия вазирлиги томонидан фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари билан ишлаш ўзаро очиқлик ва тизимли ёндашув тамойили асосида амалга оширилмоқда.  

Шунингдек, “Open Justice” (Очиқ адлия) ижтимоий дастури амалга оширилмоқда. Ушбу дастур жамоатчиликни вазирлик фаолияти (ходимларни ишга қабул қилишдан тортиб, унинг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотларгача бўлган) ахборотлар билан таништиришнинг янги ёндашуви ва механизмларини ўз ичига олади.  

Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими вазирлик марказий аппаратининг таркибий тузилмаси ҳисобланади.  

Бўлим томонидан 2021 йилнинг ўтган даври давомида 20 дан ошиқ брифинг ва матбуот анжумани ўтказилди. “Ўзбекистон 24” телеканали орқали “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” кўрсатуви эфирга узатилмоқда. Шунингдек, апрель ойи давомида республиканинг барча ҳудудларида матбуот котиблари, журналист ва блогерлар учун ҳуқуқий соҳада малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги  Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамкорлигида ўқув семинарлар (қисқа муддатли курслар) ташкил этилди.  

Электрон ОАВ ҳамда телевидениеда доимий равишда раҳбариятнинг чиқишлари ташкил этилади. Йил бошидан  босма ва интернет-нашрларда 600 яқин материаллар эълон қилинди.  

Адлия тизимининг аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилмоқда.

Иш фаолиятида ахборот технологияларининг қўлланилиши билан одамлар ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими кучайиб бормоқда. Учрашувларнинг “юзма-юз” формати онлайн-мунозаралар ва интернет-мулоқот орқали тўлдирилмоқда.  

Адлия органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, Адлия вазирлигини уларнинг фаолиятидаги хато ва камчиликлар хусусида тезкор равишда хабардор қилиш мақсадида Facebook ижтимоий тармоғида “Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией” саҳифаси очилди. Йил давомида мазкур онлайн каналлар орқали беш мингга яқин мурожаат келиб тушади. Фуқароларга жавоблар қайтарилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Бундай саҳифалар бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам бор.  

Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёти жараёни ҳақида ахборот бериш мақсадида Адлия вазирлиги фаолияти йўналишлари доирасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва амалга оширилиб келмоқда. “Мурғак қалб” акцияси, “Сиз доимо эъзоздасиз”,  “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳалари, “Салом Сардоба, биз биргамиз!” акцияси каби ижтимоий лойиҳалар ҳам жамоатчилик билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоли масалаларга ўз вақтида ечим топишга кўмакчи бўлди.    

Биз мана шундай – очиқ ва фаол ишлашда давом этамиз.  

Севара Ўринбоева,  

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари.  

ЎзА