Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистларнинг сўзи ўткир, кўзи-чи?
18:29 / 2026-02-25

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ва тиббий кўрик ташкил этилди.

Самарқанд вилояти аҳолиси билан бирга республикамизнинг бошқа вилоятларидан келадиган беморларга ихтисослашган офтальмологик тиббий хизмат кўрсатиб келаётган филиалда ҳар йили ўртача 8000 нафар юртдошимиз стационар шароитда даволаниб, 38000 аҳолига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилади. Йилига 6000 га яқин жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Шунингдек, тиббий туризм доирасида Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон давлатларидан ҳам беморлар келиб, муассасада дардларига даво топмоқда.

[gallery-27863]

– Бугунги кунда 130 ўринли шифохона ва 100 қатновга мўлжалланган поликлиникамизда 30 нафар юқори малакали врач ҳамда 60 дан ортиқ ҳамшира фаолият кўрсатади, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Ботир Тўхтаев. – Шифохонамиз таркибида болалар, микрожарроҳлик, лазер, лаборатория сингари 7 бўлим, 5 та операцион блок мавжуд. Барча бўлимларимиз замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Жумладан, 4 турдаги лазер аппарати, 5 та замонавий микроскоп, 1 та фундус камера, 2 та когерент томограф, 1 та витреоретинал жарроҳлик аппарати ёрдамида ноёб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Биргина 2025 йилда асоратли катаракта (Цин боғламлари узилган гавҳар касалликларида) ИОЛни склерага тикиш, витреоретинал жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилди. Ўтган йил давомида 1780 нафар беморда бепул, давлат тиббий суғуртаси асосида жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Бу йил эса филиалда яна икки турдаги юқори технологик жарроҳлик операцияларини амалга ошириш йўлга қўйилади. Бунинг учун мутахассисларимиз хорижда малака ошириб келди.

Аҳолига ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига филиалнинг юқори малакали врачлари масъул этиб бириктирилган. Улар ҳафтада бир кун ўзлари масъул бўлган ҳудудларда бўлиб, аҳоли учун тиббий кўрик ва скрининг текширувлари ўтказади. Кўзида нуқсони бўлган беморларга туманнинг ўзида ёки филиалда тиббий ва профилактик ёрдам кўрсатилиши таъминланади.

Пресс-турдан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари филиал мутахассислари томонидан кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур тиббий тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари