Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан журналист ва блогерларни янгиланган маҳаллалар, замонавий мактаблар ҳамда мактабгача таълим муассасалари билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги янгиланган Шодлик ҳамда Янги Камолон маҳаллалари, реконструкция қилинган мактаб ва МТТлар билан танишди.

Шодлик маҳалласи бугунги кунда Тошкент шаҳридаги энг фаол ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар майдонига айланган. Маҳалла ҳудудида амалга оширилган кенг кўламли инфратузилма ва ижтимоий лойиҳалар, аҳоли ҳаётини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили 1990 йилда қурилган 588 сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Муассасада 2023 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан тўлиқ капитал таъмирлаш ишлари бошланган. Натижада ДМТТнинг томи, фасади, иссиқлик, сув ва электр тизимлари, эшик ва деразалари ҳамда пол қопламалари тўлиқ янгиланди. ОАВ вакилларига барча ўзгаришлар ва боғчанинг замонавий қиёфаси таништирилди.

Шунингдек, пресс-тур доирасида иштирокчилар 84 мактаб ҳамда 567 сонли ДМТТдаги ўзгаришлар билан яқиндан танишди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 1990 йилда барпо этилган 567 сонли ДМТТ 2024 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Бино замонавий мебель ва техникалар билан жиҳозланди, иссиқлик, электр, сув тизимлари бутунлай янгиланди.

Шу билан бирга, тадбир қатнашчилари 1983 йилда қурилган 846 ўринли 84 сонли умумтаълим мактабини ҳам бориб кўрди. Мазкур масканда “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида ҳамда туман ҳокимлигининг молиявий кўмаги асосида бино томлари ва деразалари тўлиқ янгиланган. Бундан ташқари, мактабнинг ташқи ҳудуди ободонлаштирилиб, ташқи деворлар ҳам таъмирланди.
Мактабнинг бошланғич синфларида инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган хона ташкил этилди. Шунингдек, янги робототехника синфи очилиб, замонавий компьютер техникалари ва ўқув мебеллари билан жиҳозланди.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Янги Камолон маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди.
Ҳудудда жорий этилган "Обод маҳалла", "Обод хонадон" ва "Обод кўча" дастурларининг ижроси мазкур ой аввалида давлатимиз раҳбарига намойиш этилиб, юқори баҳоланди.
Гувоҳи бўлганимиздек, бу ерда 13 км. узунликда пиёдалар йўлаклари қурилиб, аҳолининг хавфсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратилган. 10 та болалар майдончаси, маҳалла гузари ва нуронийлар оромгоҳи ҳамда 1 та спорт майдончаси ташкил этилган. 20 дан ортиқ ноқонуний қурилмалар бартараф этилиб, марказий иссиқлик қувурлари изоляцияси қайта тикланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА