Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Бектемир кичик саноат зонаси, "Yangihayot” индустриал технопарки ҳамда “Yangi Avlod” махсус иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Ушбу манзиллар Тошкент шаҳрида саноатни ривожлантириш ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган муҳим лойиҳалар ҳисобланади.

Бектемир кичик саноат зонаси 5 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унда кичик бизнес субъектлари фаолият олиб бормоқда. Ҳудуддаги корхоналар экспорт, маҳаллийлаштириш ва энергия тежамкорлиги йўналишларида бўлиб, умумий йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 триллион сўмга етмоқда.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари иккита инновацион корхона — "Parlak Ambalaj” МЧЖ ва “Energo Systema NVA” МЧЖ фаолияти билан танишди.

"Parlak Ambalaj” МЧЖ қадоқлаш саноатида илғор технологияларни жорий этувчи етакчи корхоналардан бири. Журналистлар корхонани ўрганиш давомида унинг замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган қадоқлаш маҳсулотлари билан танишдилар. Корхонада экологик тоза материаллардан фойдаланиш ва энергия тежовчи механизмлар жорий этилгани иштирокчилар эътиборини тортди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар "Energo Systema NVA" МЧЖнинг электр жиҳозлари ва энергия таъминоти тизимларини ишлаб чиқариш жараёнини ҳам ўрганди. Корхона энергия тежовчи технологияларни жорий этишга эътибор қаратиб, маҳаллий ва халқаро буюртмачилар учун сифатли ечимлар таклиф этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА