Ядро тиббиёти соҳасининг бугунги кундаги ютуқларини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида журналистлар учун Ядро физикаси институтига қарашли “Радиопрепарат” давлат муассасасида пресс-тур ташкил этилди.
ЎзР ФА ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда медиа вакиллари нафақат ишлаб чиқариш жараёнлари, балки ядро тиббиёти соҳасида қўлланилаётган замонавий технологияларнинг реал амалиётини кўриш имкониятига эга бўлишди. Шу билан бир қаторда уларга радиоактив изотоплар яратишдан тортиб, уларни тайёр дори шаклига келтиришгача бўлган жараён — тўлиқ илмий ва ишлаб чиқариш цикли кўрсатиб берилди.
Корхона фаолияти, аввало, онкология, эндокринология ва юрак-қон томир касалликларини ташхислаш ҳамда даволашда қўлланиладиган радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Айнан шу маҳсулотлар бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг жуда муҳим қисмига айланган.
Бундан ташқари, диагностика учун иммунофермент тест-тизимлар, шунингдек, технеций-99м генераторларининг тайёрланиш жараёни ҳам журналистларга намойиш этилди. Ишлаб чиқаришда халқаро GMP, ISO ҳамда IAEA стандартларига тўлиқ амал қилиниши — бу ерда хавфсизлик ва сифатнинг энг устувор вазифа эканини кўрсатади.
“Радиопрепарат” муассасаси бугунги кунда мамлакат ички эҳтиёжини тўлиқ қондирибгина қолмай, экспорт бозорида ҳам фаол иштирок этмоқда. Россия, Хитой, Туркия, Япония ва Европанинг қатор давлатлари билан доимий ҳамкорлик — маҳаллий технологиялар рақобатбардошлигини яққол исботлайди.
Биргина жорий йилнинг ўзида ўттиздан ортиқ экспорт битимларининг амалга оширилгани ҳам бунга мисол.
Пресс-тур давомида илмий ходимлар, экспертлар ва журналистлар очиқ мулоқот қилдилар. Ядро тиббиётининг келажаги, янги тадқиқотлар, кадрлар алмашинуви ва халқаро лойиҳалар кенг муҳокама қилинди.
Шу тариқа “Радиопрепарат” муассасасининг нафақат ишлаб чиқариш корхонаси, балки миллий ядро тиббиёт инфратузилмасида стратегик марказ сифатидаги ўрни муҳимлигига ОАВ яна бир бор гувоҳ бўлишди. Бу ерда яратилаётган маҳсулотлар — миллий даволаш муассасаларининг самарадорлигини ошириб, беморлар учун аниқлик ва хавфсизликни кафолатлайди.
Юқори технологияли жараёнлар, илмий изланишлар ва амалий ишлаб чиқариш уйғунлиги эса — Ўзбекистоннинг илмий-техник тараққиётида муҳим ўрин тутади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KfGmteATl_A" title="Jurnalistlar yadro tibbiyotining ichki sirlariga guvoh bo`lishdi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов (видео), ЎзА