Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар ва ўқувчилар учрашуви
10:17 / 2023-02-23

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида “Китобхонлик тарғиботи ва мутолаа маданиятини юксалтириш долзарб вазифа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини янада юксалтириш, кутубхонага келаётган китобхонлар ўртасида турли танловлар ўтказиш ҳамда бу тадбирларга Журналистлар уюшмаси аъзоларини ҳам кенг жалб этиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.  

– Бугун кутубхонамизга Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзолари ташриф буюрганидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Шамсия Бақоева. – Улар билан китобхонлик тарғиботи, юртимизда янги чоп этилаётган китоблар, ўзбек адабиёти намуналари ва жаҳон адабиёти дурдоналари тўғрисида суҳбатлашдик. Журналист-ижодкорларнинг ижод намуналари билан танишдик. Вилоятимиз журналистлари билан яқин ҳамкорликда бундай ижодий тадбирларни, давра суҳбатларини кўпроқ ўтказишга келишиб олдик.  

[gallery-10674]

Учрашув сўнгида муассасага ташриф буюрган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари китобхон сифатида ахборот-кутубхона марказига аъзо бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Кармана тумани “Дўрман” маҳалласи ҳудудида жойлашган 19-умумтаълим мактабида ҳам уюшма аъзолари ва ўқувчилар иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда журналистика соҳасининг ривожи, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китоб мутолааси ва унинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ҳақида сўз юритилди.  

– Бугун мактабимизга вилоятимизнинг кўзга кўринган журналистлари ташриф буюрди, – дейди 9-синф ўқувчиси Маржона Хайруллаева. – Улар билан ўтказилган мулоқот мен каби ижодга қизиқувчи ёшларда катта таассурот қолдирди.  

Учрашувда ижодкор ўқувчиларимиз мақола, сценарий ва шеър ёзиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларига журналистлардан жавоб олди. Тадбир сўнгида мактабда ташкил этилган адабий тўгарак қатнашчилари ўз ижод намуналаридан ўқиб берди.  

 

А.Бўриев,  

С.Аслонов (сурат), ЎзА