Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан ҳудудда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб “Бегжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 25-сонли умумтаълим мактаби биносини қайта реконструкция қилиш ишлари билан танишди. Ушбу бино учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 2 миллиард 975,3 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, ҳозирги вақтда бинода “Aral Qurilish Servis” масъулияти чекланган жамияти томонидан ички пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Кейинги ташриф манзили "Кетенлар" овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Хоразм вилояти ҳомийлиги асосида қуриб битказилган 14-сонли мактабгача таълим ташкилоти биноси бўлди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари объектнинг қурилиш ишлари бўйича кенг маълумот олиб, мактабгача таълим муассасасининг қулайликлари билан яқиндан танишишди.
Пресс-тур иштирокчилари "Маданият" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, қурилиш ишлари тўлиқ якунланган, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника биносида ҳам бўлишди.
[gallery-25130]
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан туман поликлиникасининг янги биносини қуриш "Ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш" дастурига киритилиб, 9,4 миллиард сўм маблағ асосида 400 қатнов қувватига эга янги кўп тармоқли марказий поликлиника фойдаланишга топширилди.
Поликлиника биносининг очилиш маросимида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этиб, халқимизга юқори сифатли хизмат кўрсатиш борасида яратилган қулай шароитлар билан танишишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА