Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан пресс-тур ташкил этилиб, унда оммавий ахборот воситалари вакилларига Нукус шаҳридаги бир қатор йирик қурилиш объектлари ва инфратузилма лойиҳалари таништирилди.
Иштирокчилар дастлаб “Наупир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида олиб борилаётган кўп қаватли уйлар қурилиши билан танишди. Ушбу ҳудудда “Max elit stroy” масъулияти чекланган жамият томонидан 135 та хонадонли 3 та кўп қаватли турар жой биноси, “Fayz magnat” масъулияти чекланган жамият томонидан 150 хонадонли кўп қаватли турар жойнинг қурилиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
“Fayz magnat” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Ботирбой Сейдабуллаевнинг таъкидлашича, ҳар бир объект бўйича алоҳида техник назорат ходимлари бириктирилган бўлиб, ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ва сифатли бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилган. 90 нафар қурувчи-ходим кунни кун, тунни тун демай меҳнат қилмоқда. Шунингдек, турли русумдаги 10 та техника ишчилар меҳнатини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда. Майдони 47 ва 53 квадрат метрни ташкил қилган икки хонали хонадонлар ёш оилалар учун мўлжалланган. Ҳар бир хонадон марказлашган иситиш тизими орқали иситилади.
Кейинги манзил “Кўк-ўзак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган марказлашган иссиқлик тизими объекти бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартдаги “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва ресурс тежамкор ускуналардан фойдаланган ҳолда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш вазифаси белгиланди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан Нукус шаҳрида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, мазкур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мавжуд кўп қаватли уй-жойларга замонавий иситиш қозонхонаси ўрнатилиб, марказлашган иссиқлик тизими билан таъминланмоқда.
“Коммунал иссиқлик таъминоти” масъулияти чекланган жамиятга қарашли Қонликўл, Кегейли, Қораўзак, Амударё, Элликқалъа туманларида ҳамда Нукус шаҳрида 9 та қозонхона, жами қуввати 48,3 Гкал/соат бўлган ҳар хил маркадаги 24 дона қозон ҳамда ҳар хил диаметрдаги узунлиги 19,1 километр иссиқлик тармоғи мавжуд. Шундан бугунги кунда 69 та кўп қаватли уй (1 минг 298 та хонадон) ва 29 та улгуржи истеъмолчи иссиқлик энергияси билан таъминланган. Нукус шаҳрида эса, 4 қозонхона ва ҳар хил диаметрдаги 12,2 километр иссиқлик тармоғи орқали 23 та улгуржи истеъмолчи ҳамда 44 кўп қаватли турар жойга иссиқлик таъминоти етказиб берилмоқда.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили Нукус шаҳри “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги марказий “Турон” стадиони бўлди. Ушбу манзилда асосий эътибор замонавий услубда барпо этилаётган стадионда амалга оширилаётган реконструкция ишлари ва келгусидаги режаларга қаратилди.
Умумий қиймати 101 миллиард 846 миллион сўм бўлган лойиҳа натижасида стадион 12 минг томошабинга мўлжалланган, халқаро стандартларга мос, замонавий инфратузилмага эга бўлади. Бугунги кунда “Nasaf mega stroy” масъулияти чекланган жамият томонидан 59,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.
[gallery-27661]
Тадбир иштирокчилари республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалида бўлиб, ушбу даволаш муассасасининг янги биносини қуриш лойиҳаси билан танишди. Бу ерда 45,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга келиб, “Тупроққалъа махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан 27,2 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.
Тадбир иштирокчилари шаҳар ҳудудида қурилаётган ва реконструкция қилинаётган муҳим объектларда қурилиш ишларининг бугунги ҳолати, қурувчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.