Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар маиший чиқиндиларни қайта ишлаш кластери фаолияти билан танишди
17:27 / 2021-04-23

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Ангор туманидаги “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамиятининг чиқиндиларни қайта ишлаш заводига пресс-тур ташкил этилди.

Президентимиз 2017 йил 10-11 апрель кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур корхона фаолияти билан танишиб, маиший чиқинди маҳсулотларини қайта ишлаш кластерини барпо этиш бўйича тегишли топшириқларни берган эди.  

Шунга мувофиқ корхона қиймати 43 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошириб, бир йилда 25 минг 500 тонна маиший чиқиндини саралаш, қайта ишлаш, гранула, полиэтилен қувур, полиэстр тола ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатди.  

Пресс-тур доирасида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар дастлаб корхона фаолияти билан танишди.  

Туманда маиший чиқинди маҳсулотларини қайта ишлаш кластерини яратиш учун 4 гектар ер майдони ажратилган. Корхона ёнида санитария талабларига жавоб берадиган чиқиндихона бунёд этилиб, девор билан ўралган. Тарози, дезбарьерлар ўрнатилган. Замонавий корхонада 210 киши меҳнат қилмоқда. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, турли дарахт кўчатлари экилган.

Айни пайтда корхона ишчилари Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларида ҳосил бўлаётган маиший чиқиндиларни тўлиқ ташиб келиб, шу ернинг ўзида қайта ишлаш ҳисобига иккиламчи ярим тайёр маҳсулот сифатида фойдаланмоқда.  

Корхона раҳбари Илҳомжон Боқижонов иштирокчиларни бу ерда йўлга қўйилган ишлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништирди. Журналистлар маиший чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини кузатди.  

“Bio Texno Eco” маиший чиқиндилардан тайёрланаётган грануладан пишиқ, арзон ва харидоргир полиэтилен қувур ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Эндиликда баклажкаларни қайта ишлаб, синтетик тола олиш линиясини ишга тушириш режалаштирилган. 

– Бунинг учун хориждан 3 миллион доллар қийматидаги технологияларни олиб келганмиз, – дейди И.Боқижонов. – Ускуналарнинг асосий қисмини ўрнатиб бўлдик. Фақат маҳсулотни қайта ишлаш учун табиий газдан фойдаланиш лозим. Лекин, бу ерга газ қувурларини тортиб бериш чўзилиб кетмоқда. Бу масаламизни куни кеча Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқовнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида ўртага ташладик. Мутахассислар тез орада ҳал этиб беришни ўз зиммасига олди. Синтетик тола цехини ишга тушириб юборсак яна 350 кишининг бандлиги таъминланади. Келгусида ПВХ ва резина маҳсулотларини қайта ишлаш линияларини ҳам барпо этишни режалаштирганмиз. Шу мақсадда ҳозирча бу турдаги чиқиндиларни саралаб, қадоқлаб қўймоқдамиз.  

Пресс-тур ташкилотчилари “Чиқиндиларни қайта ишлашнинг долзарб масалалари” мавзусига бағишланган матбуот анжуманида ҳам иштирок этди.  

Таъкидландики, сўнгги йилларда теварак-атрофни ободонлаштириш, маҳалла ва кўчаларни чиқиндилардан холи ҳудудга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир.

Жанубдаги воҳада ҳам мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш учун вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси таркибида санитар тозалашга ихтисослашган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, ҳудудларга санитар хизмати кўрсатиш графиги туман ҳокимлари билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган. Шу асосда 591 та маҳаллада истиқомат қилаётган 1 миллион 590 мингга яқин аҳоли билан шартнома тузилган. Уларга “сигнал” усулида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси 200 та, “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамияти 70 та чиқинди ташийдиган техника ёрдамида мижозларга кунлик санитар хизмат кўрсатмоқда.

Жорий йилда Осиё тараққиёт банки маблағи ҳисобидан 17 дона чиқинди ташийдиган махсус техника , 340 та чиқинди контейнери, 1 та экскаватор, битта тиркамали тройлер харид қилиш ҳамда битта автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш маркази қуриш режалаштирилмоқда. Шунингдек, “Тозаҳудуд” давлат унитар корхонаси туман филиаллари учун бюджет маблағларидан 16 та чиқинди ташийдиган махсус техника, бешта бульдозер ва битта автоюк ортиш техникаси харид қилинади.

Анжуманда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ўринов, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси раҳбари Эркин Бегимқулов, “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамияти директори Илҳомжон Боқижоновлар шу ҳақда атрофлича сўз юритиб, давлат хусусий шерикчилик асосида ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш борасида йўлга қўйилаётган ишлар хусусида фикр алмашди. Иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглаб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.  

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА