Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ мамлакатимизнинг вилоятлари Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган.
Жумладан, Бухоро вилояти Хўжайли туманини ўз тажрибаси асосида янада ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Жумладан, 2022-2024 йилларда туманда саноат ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш, янги ерларни ўзлаштириб, боғ-роғлар барпо этиш, йўл таъмири, ирригация тизимини тартибга келтириш, гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳудуд инфратузилмасини равнақ топтириш каби йўналишларда қатор лойиҳалар амалга оширилди. Бухоро тажрибаси асосидаги ушбу янгиланишлар ҳудудни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш имконини бермоқда.
Жорий 2025 йил мобайнида Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан бунёдкорлик, аҳолига муносиб шароит яратиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсизларни ишли, даромадли қилиш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-25651]
Ана шундай ўзгариш ва янгиланишлардан жамоатчиликни кенг хабардор қилиш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан ҳудудда пресс-тур ўтказилмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикасидаги оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, марказий телеканаллар, интернет нашрларининг ҳудудий мухбирлари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб туман тиббиёт бирлашмасида бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан туман тиббиёт бирлашмаси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, бухоролик шифокорлар кўмагида бир қатор мураккаб юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Бирлашма мутасаддилари журналистларга ана шулар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари замонавий тиббий асбоб-ускуналари билан танишишди.
Хўжайли туманидаги марказий ўйингоҳ 2005 йилда қурилган. Бироқ ўтган йиллар давомида жуда таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи инжиниринг хизмати" давлат унитар корхонаси буюртмачилигида бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1000 та томошабинга мўлжалланган ўйингоҳ 2500 та томошабин сиғимига мослаштирилмоқда. Сунъий қопламали майдон янгиланди, югуриш йўлаклари барпо этилди. Айни пайтда ҳудудда сўнгги босқичдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадларга қарийб 5 млрд сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили стадион бўлди. Журналистларга спорт мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Хўжайли туманида 899 та уй-жойни таъмирлаш, янгидан қуриш режалаштирилган. Ҳозиргача 27 та уй-жой янгидан қурилди ва 620 та уйнинг том қисми таъмирланди.
Пресс-тур иштирокчилари “Қирқ уйли” аҳоли пунктида яшовчи Ғафур Эшчанов хонадони мисолида ҳудудда ушбу йўналишда амалга оширилган ишларга гувоҳ бўлди. Маълум бўлишича, хонадон эгаси қарийб 30 йил давомида жуда оғир шароитдаги уйда яшаб келган.
– Икки нафар қиз ва бир нафар ўғлим бор. Турмуш ўртоғим оғир касалликка чалинган. Ўзим кунлик юмуш топиб, ишлайман. Эски уйда, айниқса, қиш ойларида, ёғин-сочинли кунларда қаттиқ қийналиб қолар эдик. Шунча вақт давомида уй-жой қуришга имконим бўлмади. Президентимизга раҳмат айтаман. Ҳозир ҳамма шароити бор уй қуриб беришди. Бухороликлардан ҳам миннатдорман, - дейди Ғафур ака .
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, ҳудуд муҳандислик–коммуникация тармоқларини қайта тиклаш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/b-LF03kpHQU" title="Бухоро вилояти хокимлигининг маътбуот котиби Олим Жураев 1" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА