Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар кўриш имконияти чекланган шахслар фаолияти билан танишди (+видео)
10:21 / 2024-06-27

Турли сабабларга кўра кўз нуридан айрилиб, бу ёруғ оламни кўра олмасада, ўзидан ўчмас из қолдирган буюк инсонлар бор. Уларнинг амалга оширган ишлари, ҳаёт йўллари ҳаммага ўрнак бўла олади.

Улардан бири Гомердир. Дунёга машҳур «Илиада» ва «Одиссея» достонларининг муаллифи Гомер сўқир инсон бўлган. Ўзи каби кўзи ожиз инсонлар учун Брайл ёзувини яратган Луи Брайль номини танимайдиган одам бўлмаса керак.

Бугун Луи яратган ёзув орқали бутун дунёдаги кўзи ожиз инсонлар ҳаётни ҳарфлар орқали танияпти, рангларни илғаяпти. Брайл ёзувидаги китоблар, ўқув қўлланмалари улар учун маёқ вазифасини ўтамоқда.  

Юртимизда заиф кўрувчи ва кўришида нуқсони бор инсонларни соғлом одамлар қатори ўқиб, изланишлари, ютуқларга эришишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Айниқса, шундай инсонларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Кўзи ожиз инсонларнинг ҳаёт тарзини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур уюштирилди. Пресс-тур давомида журналист ҳамда блогерлар Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳар бўлимларига ва жамиятга қарашли «DIZAYN PRINT» нашриётига ташриф буюрди.

Учрашув давомида журналистлар билан жамият аъзолари ўртасида мулоқотлар уюштирилди. Мулоқотлар чоғида бугунги кунда кўзи ожиз фуқаролар ҳаёти ва меҳнат фаолияти, уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш жараёнлари қандай кечаётгани билан боғлиқ саволларга жавоб берилди.

– Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти фаолияти 92 йиллик тарихга эга бўлган мустаҳкам тузилма ҳисобланади, – деди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Ўлмасхон Тошхўжаева. – Бўлимимиз Тошкент шаҳридаги жамиятга қарашли 10 та туман бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради. Яъни кўриш имконияти чекланган шахслар билан ишлаш, уларни эшитиш, муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш масаласида давлат ва ижро этувчи органларга таклифлари, мурожаатларини киритади.  

Шунингдек, журналистлар кўзи ожиз инсонлар учун ўқув дарсликлари, бадиий китобларни чоп этиш билан шуғулланувчи «DIZAYN PRINT» нашриёти фаолияти билан ҳам танишди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/oCaPleIf3W0?si=kUO8x7Q9zY8zi43l" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Н.Раҳмонова, ЎзА