Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар каналларни бетонлаш ишлари билан танишди
11:42 / 2026-01-19

“Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан журналистлар учун пресс-тур ўтказилди.

Пресс-тур аввалида оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари вакиллари “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар бўйича тайёрланган тақдимот билан танишди. 

– Бошқармамиз тасарруфига Норин дарёси тизимидаги Катта Андижон, Катта Фарғона каналлари, шунингдек, Қорадарё тизимидаги Андижонсой, Шаҳрихонсой, Савай канали, бошқа кичик сойлар – Майлисой, Тентаксой, Аравонсой, Оқбўйрасой киритилган, – дейди “Норин – Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳратжон Эргашев. – Ушбу сув манбалари орқали Андижон вилоятининг ўзида 273 минг 559 гектар экин майдони суғорилади. 

Ўтган йили вилоятда сувдан оқилона фойдаланиш, тежаш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, экин майдонларига сувтежамкор технологиялар жорий этиш, сув тармоқларини бетонлаш, соҳани рақамлаштириш, умуман, сув тармоқлари иш коэффициентини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. 

Жумладан, жами 49,4 минг гектар экин майдонига сувтежамкор технологиялар жорий этилди. Яъни 6,8 минг гектарда томчилатиб суғориш, 1,1 минг гектар майдонда дискрет суғориш, 2,1 минг гектар майдонда бошқа илғор суғориш усуллари яратилди. Бундан ташқари, 31 минг гектар экин майдони лазерли текислаш ишлари бажарилиши ҳисобига суғориш сифати ва  самарадорлиги ортди. 

Вилоят бўйича ўтган йили 1312,8 километр узунликдаги сув тармоқлари бетонланди. 

Сув хўжалигини рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 67 дона “Ақлли сув ўлчагич”, 38 дона “драйвер”, 1 дона “автоматик” жиҳоз ўрнатилди. 

Олиб борилган ишлар натижасида 40 фоиз сув, 40 фоизгача минерал ўғитлар, 45 фоизгача ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари сарфи тежалди, ҳосилдорлик 15-20 фоизга ортди. 

Тақдимотдан сўнг иштирокчилар Жалақудуқ туманидаги Хўжаобод каналида хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бетонлаш ишлари билан танишди. 

Мутахассислар томонидан 3,8 километр узунликдаги ушбу канал тўла бетонлаштирилгач, 90 фоиз сув йўқотилишининг олди олиниши таъкидланди. 

 Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари яқинда фойдаланишга топширилган Жалақудуқ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг капитал таъмирланган маъмурий биносида бўлиб, бу ерда мутахассислар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. 

Иштирокчилар Жалақудуқ тумани мисолида сув хўжалиги тизими корхоналари тасарруфида ташкил этилган ёрдамчи хўжаликларда чорва ҳайвонлари, парранда боқиш борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди. 

Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди. 

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари