Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди
10:02 / 2021-12-20

"Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида” ги фармонига асосан ташкил этилган.

“Ғиждувон” ЭИЗ ни ташкил этиш учун Ғиждувон туманида 1-босқичда 67,5 гектар, Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Когон туманидан қўшимча 200 гектар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 
17 ноябрдаги қарорига кўра Пешку ва Қоровулбозор туманларидан яна 200 гектар ер майдони ажратилган. Бугунги кунда, эркин иқтисодий зонада Маъмурий кенгаш томонидан маъқулланган 30 та инвестор томонидан 36 та 117,7 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳозирда 92,7 миллион  долларлик 29 та лойиҳа ишга тушган. 

[gallery-5149]

Мазкур лойиҳалар асосида 1 минг 632 та иш ўрни яратилган. 2020 йилда 361,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. 20,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.  2021 йилнинг ўтган даврида 427,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.  22,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.
Эркин иқтисодий зонада жорий йил июнь ойида “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ томонидан қиймати 19,3 миллион доллар бўлган “Ип-калавадан мато тўқиш, матони бўяш ва матога гул босиш” лойиҳаси ишга туширилди. Натижада 483 киши ишли бўлган.


Бу маълумотлар "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонасига республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлар учун ташкил этилган  преcс-турда маълум қилинди.  Тадбир иштирокчилари “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ корхонаси фаолияти билан танишди.

– Корхонамиз Швейцария ва Германиядан келтирилган энг замонавий йигирув ва тўқув дастгоҳлари билан жиҳозланган,  – дейди ушбу МЧЖ раҳбари Нодир Умаров. – Айни пайтда ишлаб чиқариш жараёни тўрт босқичда ташкил этилган. Яъни ип-калава ва мато тайёрлаш, газламага гул босиш ва трикотаж маҳсулотлари тикиш йўлга қўйилган. Кунига 29 тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаяпмиз. Маҳсулотимизнинг асосий қисми Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

Август ойида “OLTIN BOSHOQ BUXORO” МЧЖ томонидан қиймати 0,9 миллион долларлик “Ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишга туширилди. 35 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, сентябрь ойида "YORQIN XURSHID TEKSTIL" МЧЖ негизида 0,5 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига “Аҳоли ва ташкилотлар автомобиль ўриндиқлари учун комбинацияланган авто газламалар ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишга туширилди, 20 та иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Шофиркон тумани Мингчинор массивида 80 гектар, Ғиждувон тумани Қуччи массивида 150 гектар, жами 230 гектар ер майдонлари ҳисобига “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Пресс-тур иштирокчиларини қизиқтирган саволларига соҳа мутасаддилари томонидан батафсил жавоб берилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА