Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар ҳамкорлиги давом этади (+видео)
13:11 / 2025-10-24

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими оммавий ахборот воситалари ходимлари касб малакасини оширишга ҳамиша устувор масала сифатида ёндашиб келган.

Бунинг учун турли кўринишдаги семинар, форум, конференциялар ўтказади, Ўзбекистон вилоятлари ва хорижий мамлакатларга ижодий сафарлар ташкил этади. 

Бу гал фарғоналик журналистлар Қирғиз Республикасининг Боткен вилоятидаги ҳамкасблари ҳузурида бўлишди. Мулоқотлар аввалида Қирғиз Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Айбек Шаменов Фарғона журналистлар делегациясини қабул қилди.

– Давлатлараро сиёсатнинг шаклланишида журналистиканинг таъсири катта, – деди Айбек Шаменов. – Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев столи устида газеталар турган суратни кўрганимда бу фикрга яна бир бор амин бўлдим. Шунинг учун ҳам Боткенда газета, телевидение, ижтимоий тармоқ ривожига, холис ахборот тарқатилишига эътиборимиз катта.

Учрашув чоғида фарғоналик журналистлар икки вилоят ижодкорлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан амалий таклифлар билдирдилар. Боткен вилояти раҳбари қўшни вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатурлар ташкил этишда узвийлик бўлишини айтди.

Шундан сўнг ижодий мулоқотлар “Боткен тани” газетаси таҳририятига кўчди. Газета Боткен вилояти ташкил топган 2000 йилдан буён чиқиши, у вилоятнинг энг оммавий минбари экани қайд этилди. 500 минг аҳоли яшаётган вилоятда газета қарийб 5 минг нусхада чоп этилар экан. Унинг айрим сонлари эса 8 рангли сифатли қоғозда журнал шаклида чиқарилиши ўқувчи эътиборини ўзига тортади.

– Биз фарғоналик ҳамкасбларимиздан ўрганадиган жиҳатларимиз анчагина экан. “Фарғона ҳақиқати” газетасида таҳлилий–танқидий мақолалар, амалдорлар билан очиқ мулоқотлар, газетага қуар код қўйиб мақоланинг видеотасвирларини ҳам жойлаш биз учун ибратли бўлди, – дейди “Боткен тани” газетаси бош муҳаррири Адилбек Акматов. – Биз ҳар йили бир неча бор бу таҳририят билан газеталарнинг қўшма сонларини чоп этиб келамиз. Келгусида бундай ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдик. 

Фарғоналик журналистлар таҳририят муаммолари ва ютуқлари сабабларини очиқ, ошкора суҳбатларда муҳокама қилдилар. Ўзаро тажриба алмашдилар.

– Газетанинг фаолияти анча жонли. Ходимлар универсал фаолият олиб борар экан. Яъни ҳам ёзишади, ҳам тасвирга туширишади, шунингдек, уни ижтимоий тармоқларга жойлашади, – дейди “Янги Фарғона”–“Новая Фергана” газеталари бош муҳаррири Шоҳид Аслонов. – Бугун биз давлатларимиз раҳбарлари ўртасида имзоланган ҳужжатларни кенгроқ тингловчи, ўқувчи, томошабинларга етказиш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга барча ижодий имкониятларимизни сафарбар этишга келишиб олдик. Бундан ташқари, “Янги Фарғона”–“Новая Фергана” ва “Боткен тани” газеталарининг қўшма сонларини мунтазам равишда чиқариб бораяпмиз. 

Шундан сўнг, мулоқотлар Қирғиз Республикаси Миллий телерадиокомпаниясининг Боткен телеканалида давом этди. Унинг раҳбари ва тележурналистлари кундалик фаолиятлари билан таништирди.
– Кунига 18 соат кўрсатув эфирга берамиз, – дейди қирғиз журналистлари. Вилоят ҳудуди катта. Лайлак районидан Қизилқия шаҳригача 200 километрдан зиёд. Лекин давлат тегишли техник воситалар билан таъминлаган.

Студия ва таҳририятлар фаолияти билан танишган Фарғона журналистлари бундан буён ўзаро телекўрсатувлар ва ахборот алмашишга келишиб олдилар.

– Биз ёз ойларида Фарғонада бўлиб “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририяти, “Рухсор” телевидениеси ҳамда журналистлар уюшмаси фаолияти билан яқиндан танишдик. Мана энди фарғоналик журналистлар Боткенга келишди, – дейди Қирғиз Республикаси Миллий телерадиокомпанияси Боткен телеканали директори Сабур Абдумўминов. 

– Бу биринчидан, икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, туристик масканлар ҳақида икки вилоят аҳолиси таништирилади. Натижада қўни-қўшни халқлар муносабатлари мустаҳкамланиб, борди-келдиси қуюқлашади. Икки давлат президентлари тузган йўл харитаси амалга ошишига ҳиссамизни қўшамиз. 

Икки вилоят журналистларининг мулоқоти Боткен телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Шу куни журналистлар делегацияси Боткеннинг сайёҳлик манзиллари билан ҳам таништирилди.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HyW11fugeSI" title="Jurnalistlar hamkorligi davom etadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов,

Элёр Олимов( сурат, видео), ЎзА