Мамлакатимиз қурилиш саноатида замонавий материаллар ишлаб чиқаришга, шу йўналишдаги корхоналарни қўллаб-қувватлашга эътибор ортмоқда. Бу юртимизда бунёдкорлик ишларининг жадал ўсиши, янги қурилаётган объектларнинг нисбатан арзон бўлишига хизмат қилмоқда.
«Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки бугунги кунда ўзининг хорижий кредит линиялари орқали жалб қилинган маблағлари билан иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда ишлаб чиқаришни диверсификациялашга доир инвестиция лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган жараёнларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Мазкур банк томонидан жорий йил бошидан бери тадбиркорлик субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш учун 83 та лойиҳага 641 миллиард сўм эквивалентида маблағ ажратилди. Шунингдек, йил якунига қадар истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида ишлар давом этади.
Шу ўринда банкнинг Сирдарё туманидаги «Eurasia Gaz Beton» масъулияти чекланган жамиятининг газобетон ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини қўллаб-қувватлаганига ҳам эътибор қаратиш ўринли. Банк томонидан бир гуруҳ марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ушбу корхонага пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар корхонада газобетон ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишди. Қурилиш саноатида бу маҳсулотнинг нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида мутахассислардан маълумотлар олди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда замонавий, импорт ўрнини боса оладиган, жаҳон бозорида талабгир бу каби қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тадбиркорларимиз томонидан яхши ўзлаштирилгани таъкидланди.
Мазкур корхона лойиҳасининг умумий қиймати 28,9 миллион долларни ташкил этади. Бу маблағнинг 15,4 миллион евроси ҳамда 928 минг доллари “Микрокредитбанк” томонидан ажратилган кредит суммасига тўғри келади.
Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонада Нидерландия технологияси асосида йилига 430 минг кубдан ортиқ газобетон ишлаб чиқариш қуввати мавжуд. Таъкидлаш керакки, корхонада айни дамда 150 та янги иш ўринлари яратилган бўлиб, завод ўзига хос горизонтал кесиш технологияси асосида ташкил этилган.
Маълумотларга кўра, вилоятда ўтган йил давомида инвестиция дастури бўйича жами 117 та объект қуриб битказилган. Шунингдек, 20 та беш қаватли 400 хонадондан иборат турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида эса 67 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бу каби қурилиш, ободонлаштириш ишларининг кўлами жорий йилда катта.
Юқоридаги статистик рақамлардан кўринадики, вилоятнинг ўзида ҳам қурилиш материалларига талаб юқори.
И.Аввалбоев, ЎзА