Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар фаолияти сарҳисоб қилинди
15:43 / 2025-12-27

Гулистон шаҳридаги вилоят болалар кутубхонасида Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг Сирдарё вилоят бўлими ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳудудий бўлимнинг 2025 йилдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишни уюшманинг Сирдарё вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев кириш сўзи билан очди. У ўз маърузасида ўтган йил давомида вилоят журналистлари томонидан амалга оширилган ижодий ишлар, оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни, ахборот сиёсатида холислик ва профессионаллик тамойилларига амал қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, фахрийлар тажрибасидан самарали фойдаланиш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар борасида гапирди.

Музокараларда сўзга чиққан “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев, “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева, ЎЖУ Сирдарё вилоят бўлими “Фахрийлар кенгаши” раиси, Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Махмудов, “Ишонч” газетасининг вилоят мухбири Баҳор Холбекова ҳамда фахрий журналист Тўхтамиш Боқиевлар ҳудудий бўлимнинг ўтган йилги фаолиятини ижобий баҳоладилар. Улар журналистиканинг жамиятни ислоҳ қилиш жараёнларидаги роли, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ва таҳлилий материаллар салмоғини ошириш зарурлигини таъкидладилар.

Йиғилишда 2026 йилга мўлжалланган иш режаси ҳам кўриб чиқилди. У билан уюшма вилоят бўлимининг мутахассиси Дилором Исмадиёрова таништирди. Таъкидланганидек, иш режаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, ҳайъат аъзоларининг таклифларига мувофиқ қўшимчалар билан қабул қилинди.

Йиғилиш доирасида уюшманинг анъанавий ички танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Жумладан, “Йилнинг энг фаол журналисти” номинациясига Холида Пардабоева ва Муҳаммадали Аҳмад (“Янги Сирдарё”), “Йилнинг энг масъулиятли масъул котиби” — Хасан Абдувоҳидов (“Янги Сирдарё”), “Йилнинг энг яхши дизайнер-оператори” — Лена Кульшина (“Янги Сирдарё”), “Йилнинг энг сермаҳсул ижодкори” — Ғулом Примов (ЎзА Сирдарё вилоят мухбири) муносиб деб топилди.

Шунингдек, “Йилнинг энг яхши туман газетаси” — “Шарафли йўл”, “Йилнинг энг яхши тармоқ газетаси” — “Ҳуқуқ ва онг”, “Йилнинг энг яхши фотомухбири” — Муҳаммад Карим (MINTAQA медиа маркази раҳбари), “Уюшманинг энг яқин ҳамкори” номинациялари бўйича Шоирахон Шукурова (вилоят болалар кутубхонаси раҳбари) ва Моҳира Йўлдошева (“Зиё” нашриёти муҳаррири) тақдирландилар.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот бўйича бош маслаҳатчиси Дилноз Умрзоқова, фахрий журналист Мавлудахон Сиддиқова, “Адабиёт ва замон” газетаси бош муҳаррири Алишер Нурбоев ҳамда фахрий журналист Тўхтамиш Боқиевлар фаол ва ташаббускор ижодкорлар сифатида уюшманинг эсдалик совғалари билан мукофотландилар.

Йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгуси даврда журналистлар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Ғулом Примов, ЎзА