Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолияти божхона пости фаолияти билан яқиндан танишди
15:39 / 2023-01-26

26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни

Сурхондарё вилояти Божхона бошқармаси томонидан “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига медиа-тур ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.  

Соҳа мутахассислари божхона постига келаётган юкларни қабул қилиш тартиби ва импорт товарларини сақлаш омборхоналари фаолияти билан иштирокчиларни батафсил таништирди.

“Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости Ўзбекистон Республикасининг дарё соҳилида жойлашган ягона божхона маскани ҳисобланиб, 1991 йил 26 октябрда ташкил этилган. Божхона пости Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида Амударё орқали юк ташувида сув транспорти ва уларда ташилаётган товарларни божхона ходимлари ва чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида текширувдан ўтказади. Медиа-тур давомида журналист ва блогерлар ушбу жараённинг бевосита гувоҳи бўлди.  

[gallery-10373]

Ўтган 2022 йил давомида мазкур божхона пости ходимлари томонидан жами 474 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган. Ушбу божхона юк декларацияларининг 198 таси қизил, 266 таси сариқ ва 95 таси яшил йўлакларда расмийлаштирилган. 16 миллион АҚШ долларлик товарлар хорижга экспорт қилинган бўлса 9,7 миллион АҚШ долларлик товарлар импорт қилинган.  

2022 йилда пост орқали жами 1986 та сув транспорти ҳаракатланган бўлиб, кириш ва чиқиш йўналишларида сув транспорт воситалари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Шу билан бирга, пост орқали жами 9930 нафар фуқаро (хизмат кўрсатувчи ходимлар) ҳаракатланган.

Медиа-тур давомида соҳада амалга оширилаётган ишлар ва юк ташиш борасида журналистларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб берилди.  

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА