Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар божхона омбори фаолияти билан танишди
17:35 / 2025-12-10

Андижон вилояти божхона бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида “Божхона органларида коррупцияга қарши курашиш тизими” мавзусида пресс-тур ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари қатнашган пресс-тур аввалида божхона органлари томонидан бугунги кунда соҳани ривожлантириш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш орқали коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан мутасадди ҳамда мутахассислар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди. 

– Кейинги йилларда божхона тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди, – дейди вилоят Божхона бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари, подполковник Бекзод Шукуров. – Айниқса, божхона органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, ушбу иллатга қарши курашиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. 

Мулоқотда божхона ходимларига яратилган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, ходимларга уй-жой учун ижара компенсациялари, даволаш харажатлари учун моддий ёрдам, уй-жой сотиб олиш учун ссудалар ажратиш, шунингдек, ходим фаолияти натижадорлигига қараб алоҳида рағбатлантириш тартиблари жорий этилганлиги айтиб ўтилди.

  Кейинги йилларда ташқи иқтисодий фаолият субъектларига кенг қулайликлар яратилганлиги, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини тўлиқ рақамлаштирилганлиги, божхона процедураларининг соддалаштирилганлиги, дастурий таъминотлар, буларнинг барчаси тадбиркорлар манфаатига хизмат қилаётганлиги алоҳида қайд этилди.  

Иштирокчилар юқоридаги йўналишларда амалга оширилган ишлар акс эттирилган, шунингдек, коррупцион ҳолатларнинг юзага келиш омилларини очиб берувчи видеолавҳа билан танишди.  

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Андижон шаҳрида жойлашган божхона омборида бўлди. 

Бугунги кунда Андижон вилояти бўйича божхона органлари томонидан берилган лицензияга асосан жами 28 та божхона омбори фаолият юритмоқда. Шундан 15 таси ёпиқ, 12 таси очиқ турдаги божхона омбори бўлиб, 1 та бож олинмайдиган савдо дўкони мавжуд. 

Авваллари чегарадан кириб келадиган ҳар бир транспорт ТИФ божхона постларига етказилиши ва божхона ходимлари томонидан ҳар бир ҳужжатга штамп ва муҳр босиш билан тасдиқланиши лозим эди. Бунда, юкни тушириш талаб этилганда, божхона ходимининг иштироки мажбурий бўлиб, ҳар бир ҳолатда постга келиб,  божхона органидан рухсат олишига тўғри келган. Ҳозирда ушбу жараёнлар рақамлаштирилиб, қатор енгилликлар яратилган. Жумладан, дастур орқали ҳар бир товар ва транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар онлайн кузатиш, ташувчилардан ҳужжатларни божхона органларига тақдим этмасдан омборлар томонидан қабул қилиш, транспортдан юкни туширишда божхона ходими қатнашиши ёки қатнашмаслиги хавфни бошқариш тизими томонидан белгиланганлиги шулар жумласидандир. Бу билан ТИФ субъектларининг вақт сарфи ҳамда молиявий харажатлари тежалади.

[gallery-26670]

Божхона омборида пресс-тур иштирокчиларига божхона кўриги жараёнларининг тартиби кўрсатилди. Марказлаштирилган тарзда расмийлаштирув ва кўрикни амалга оширишда техник воситалар, рақамли технологиялар имкониятлари намойиш этилди. Божхона кўригида ҳаракатини назорат қилишга асосланган махсус кузатув ускуналари билан таништирилди. 

Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди. 

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари