Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистлар автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишлар билан танишди
11:39 / 2024-05-28

Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан пресс-тур ўтказилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб халқаро аҳамиятга эга А-373 “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш” автомобиль йўлининг Андижон вилояти Хўжаобод туманидан ўтувчи қисмида автомобиль йўли тармоғини сақлаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишида вазн ҳамда ҳажм параметрларини назорат қилиш мақсадида ташкил этилган кўчма тарози пости фаолияти, мазкур постдаги назорат-рейд тадбирлари жараёни билан танишди.  

Мутасаддилар томонидан ушбу кўчма тарозининг мақсад ва вазифаси, аҳамияти ҳақида иштирокчиларга маълумотлар берилди.

[gallery-17585]

– Мазкур тарози орқали автомобиль йўлида юк олиб кетаётган барча турдаги юк автомобилларининг оғирлиги вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларида ҳаракатланиш учун белгиланган меъёрий ўлчовларга мос келиши назорат қилинди, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарварбек Митиллаев. – Ортиқча юк ортилганлик ҳолати ёки транспорт воситаларига тушадиган ортиқча юк аниқланди. Белгиланган меъёрга амал қилинмаган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига нисбатан қонуний чоралар кўрилди.  

Бу йўллар ҳолати ва сифатига зарар етказилишининг олдини олишга, юк автомобиллари ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.  

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида ҳаракатланаётган жами 367 та оғир вазнли автомобиль назоратдан ўтказилган. Шундан 64 та юк автомашинасининг белгиланган меъёрдан ортиқча юк ортганлиги аниқланди. Уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан тегишли тартибда баённомалар тузилган.  

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари инвестиция дастури асосида “O’zyo’lko’prik” кластери Андижон филиали томонидан А-373 халқаро автомобиль йўлининг Хўжаобод туманидаги юқори тирбандлик юзага келадиган участкасида барпо этилаётган 48 метр узунликдаги ер ости пиёдалар ўтиш йўли қурилиши, мазкур участкада амалга оширилаётган ишлар, асфальтлаш жараёнлари билан яқиндан танишди.  

– Умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўмга яқин лойиҳа доирасида барпо этилаётган, ер ости пиёдалар ўтиш йўлининг қурилиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда, – дейди “O’zyo’lko’prik” кластери Андижон филиали раҳбари Фарҳодбек Нурматов. – Автомобиллар тирбандлигининг олдини олиш, пиёдалар учун катта қулайлик яратадиган мазкур ер ости ўтиш йўли жорий йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.  

Тадбир иштирокчилари автомобиль йўллари инфратузилмасини янада яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз қатновини таъминлаш мақсадида “Андижон тажрибаси” сифатида амалга оширилаётган асфальт қопламасига сиртқи ишлов бериш жараёнлари билан танишди. 

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари мавзу доирасидаги ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.  

 

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (сурат),  

ЎзА мухбирлари.