Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Журналистика рақамли қамал остида»
11:14 / 2022-05-03

ЮНEСКО ҳамкорлар билан биргаликда шу мавзуда бутун дунё бўйлаб турли тадбирлар ўтказмоқда.

3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги куни (World Press Freedom Day). Бизда байрамга айлантирилган «3 май» аслида журналистларга катта масъулият юклайди. 1991 йилда ЮНEСКО Бош конференцияси томонидан қабул қилинган «Жаҳонда эркин матбуотни таъминлашни тарғиб қилиш тўғрисида»ги резолюцияда эркин, фикрлар хилма-хиллиги ва мустақил матбуот ҳар қандай демократик жамиятининг асосий компоненти эканлиги таъкидланади. Бош конференция ўшанда ЮНEСКО Бош Ассамблеясига мурожаат қилиб аъзо давлатлар 3 майни Халқаро матбуот эркинлиги куни, дея эълон қилишларига умид билдирган эди.

Аслида бу сана 1991 йил 3 май куни Африка матбуотида мустақиллик ва плюрализмни таъминлашга қаратилган Виндхук декларацияси қабул қилиниши муносабати билан танланган.

Жаҳон матбуот куни ҳар йили нишонланишидан асосий мақсад халқаро ҳамжамиятга матбуот эркинлиги ва фикр эркинлиги Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясида қайд қилинган асосий ҳуқуқ эканлигини яна бир бор эслатиб қўйишдан иборат. Биз бу ҳуқуқни ҳимоя қилишимиз керак. Чунки бу ҳуқуқ демократиянинг асоси ҳисобланади.
Жаҳон матбуот куни ҳар йили бирор бир мавзуга бағишланади. Бу йил ЮНEСКО ҳамкорлар билан биргаликда «Журналистика рақамли қамал остида» деган мавзуда бутун дунё бўйлаб турли тадбирлар ўтказмоқда. Кўзланган асосий мақсад зарарли ва жосуслик дастурлари, уларнинг журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши қўлланилаётгани эркин ва мустақил журналистлар ҳаётини хавф остига қўяётганига эътибор қаратишдан иборат.

1993 йилдан бери Жаҳон матбуот куни муносабати билан йиллик конференция ўтказиб келинади. Бу анжуманда иштирок этадиган журналистлар, олимлар, фуқаролик жамияти вакиллари диққат эътиборни матбуот эркинлиги ва журналистлар хавфсизлигига қаратади. 2022 йилги тадбирлар гибрид форматида ўтказилади. Унда рақамли даврнинг эркин фикр билдирилиши, журналистлар хавфсизлиги, ахборотга кириш ва махфийлик масалалари муҳокама қилинади. Ташкилотчилар бу йилги жаҳон матбуот эркинлиги куни сиёсатчиларни, журналистларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини, фаолларни, ҳуқуқшуносларни бирлаштиришига умид қилмоқда.

Бугун эркин матбуотни ривожланишига ҳисса қўшган журналистлар ЮНEСКО томонидан Гилермо Кано номидаги мукофот билан тақдирланади. 1997 йилда таъсис этилган мазкур мукофот 1986 йилда ҳалок бўлган колумбиялик журналист номи билан аталади. Мукофот ҳар йили матбуот эркинлигига ҳисса қўшган бирор бир шахс, ташкилот ёки муассасага берилади.

Шарофиддин Тўлаганов,ЎзА