Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналистик фаолиятнинг ҳуқуқий ҳимояси: қонунчиликни қўллаш ва ислоҳотлар
14:07 / 2023-12-05

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан “Журналистик фаолиятнинг ҳуқуқий ҳимояси: қонунчиликни қўллаш ва ислоҳотлар” мавзусида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу семинарда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, ҳуқуқшунослар қатнашди.  

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов  юртимизда медиа соҳаси ривожини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.    

Янгиланган Конституцияда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби янги норма ва моддаларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши тарихий воқеа бўлганини алоҳида  таъкидлади.  

Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди. Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, улар сони 128 тадан 155 тага ошди, нормалар сони 275 тадан 434 тага кўпайди, яъни Конституциямиз 65 фоизга янгиланди.  

Мамлакатимизда кейинги етти йилда журналистика соҳасига қаратилган алоҳида эътибор, яратилган имтиёз ва имкониятлар туфайли оммавий ахборот воситалари сони 1 минг 514 тадан 2 минг 140 тага кўпайгани, уларнинг 65 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келиши,  биргина интернет нашрлар сони 395 тадан 745 тага ортгани ҳам эътирофга молик.  

Ҳар бир соҳада, жумладан, журналистик фаолият олиб боришда ҳам ҳуқуқий саводхонлик муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида тузилган меморандумга кўра журналист ва блогерларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.  

Семинарда ОАВ вакилларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг манфаатини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтилди.  

Эркин мулоқот тарзида ўтган семинарда журналистик фаолиятнинг ҳуқуқий асослари, соҳада ахборот олиш ҳамда тарқатиш билан боғлиқ муаммолар учраётгани, уларни бартараф этиш йўллари хусусида фикр-мулоҳазалар  билдирилди.  

Семинар иштирокчилари замонавий журналистиканинг ривожланиш тамойиллари, бугунги кунда муҳим вазифалар, мавжуд муаммолар, ОАВ ходимларининг касбий маҳоратини ошириш, босма ва интернет нашрларда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатишни таъминлаш сингари муҳим масалаларни муҳокама қилди.  

Журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш  зарурлиги, айрим ОАВ вакиллари томонидан ижтимоий тармоқларга инсоннинг шахсий маълумотлари, унинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қиладиган, баъзан очиқдан-очиқ зўравонлик ва ҳақорат кўринишидаги пост ва изоҳларни жойлаштириш, айрим жойларда эса журналистик фаолиятга тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам учраётганига эътибор қаратилди.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА