ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари ижроси юзасидан Фарғона вилоятида ҳам томорқа ва деҳқончилик ерларидан самарали фойдаланиш, юқори даромадли ҳамда экспортбоп экинлар етиштириш, уларни ҳисобга олиш ва молиялаштиришга доир қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда аҳолини ўқитиш, уруғ ва кўчат етказиб бериш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқаришни қамраб олган тўлиқ занжир яратилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, “Узагростар холдинг” компанияси ҳамда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари миллий брендини яратиш – экспорт салоҳиятини оширишда муҳим қадам” мавзусида ўтган пресс-турда республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар мазкур йўналишдаги ишлар билан таништирилди. Узумнинг “Ризамат”, “Ҳусайни”, “Келинбармоқ” ва “Қоракишмиш” навларига ихтисослашган “Oltiariq agrostar” ихтисослашган компанияси, ўрик ва туршакка ихтисослашган “Fargʻona agro star” лойиҳа офиси ҳамда шафтоли, гилос, гуллар, кўчатларга ихтисослашган “Quva – Agro Star” ихтисослашган компанияси фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Дастлаб Олтиариқ туманидаги узумчилик ўқув марказига борилди. Тумандаги қуёш панеллари ёрдамида ишлайдиган, 2 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона фаолияти кўздан кечирилди. Бундан ташқари, Фарғона туманидаги ўрикни қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳаси ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда ҳозирда ўрик мағизлари Туркия ва Хитойга экспортга тайёрланмоқда. Корхонада 40 нафардан зиёд фуқаро иш билан банд.
Қува туманида атиргул парвариши билан шуғулланаётган деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар тажрибаси ҳам тадбир давомида таништириб ўтилди. Хусусан, “Қақир” МФЙда истиқомат қилувчи Тўлқин Деҳқонов томонидан 5 сотих майдонда ташкил этилган замонавий иссиқхона меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-24007]
Жорий йилда қурилган бу иссиқхонада 4 минг 500 дона атиргул кўчати томчилатиб суғориш технологияси асосида парваришланмоқда. Совуқ кунларда иссиқликни ушлаб туриш, иссиқ кунларда эса совутиш тизими ишлайди.
“Quva – Agro Star” ихтисослашган компанияси кўчат танлашдан то экспортгача бўлган жараёнларда тадбиркорларга кўмак бермоқда. Бу ерда иштирокчилар қилинган ишлар билан танишиш баробарида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА