Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналист ва блогерлар кўҳна кешда бўлди
19:15 / 2021-01-19

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-тур шаҳарда иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва туризм соҳаларида амалга оширилган ишларнинг ўзига хос тақдимоти бўлди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг дастлабки манзили Шаҳрисабздаги янги саноат корхонларидан бири – “Oqsaroy Vortex” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Мазкур корхона 2020 йилнинг ноябрь ойида фаолият бошлаган. Ҳозирги кунда бу ерда 250 нафар маҳаллий ёшлар иш билан банд этилган. Корхонада сунъий тола ва пахта толасидан ип йигирилиб, калаваланади. Унинг анъанавий ип-йигирув корхоналаридан асосий фарқи – бу ерда Япониянинг Murata компаниясида ишлаб чиқарилган Vortex технологияси ўрнатилган. Ушбу технологиянинг афзаллиги калава ип тўқилаётганда тола марказлашган ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камаяди, сифати ортади. 

Журналист ва блогерларга “Oqsaroy Group” компанияси таркибига кирувчи Shahrisabz Textile ва Oqsaroy Textile корхоналари фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Бу корхоналарда умумий қиймати 54 миллион доллар бўлган 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириб, 1 минг 610 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мўлжалланган.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари “Садо” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини ҳам ўрганишди. Бу ерда бир йилда 200 минг дона кийим-кечак тайёрланмоқда. Ҳозирги кунда корхонада 215 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Тикувчилик цехида 100 дона янги, замонавий русумдаги тикув машиналари ўрнатилган бўлиб, ҳамкор ташкилотларнинг буюртмалари белгиланган вақтда тайёрлаб берилмоқда.

Келгусида корхона цехларини янгилаш, кенгайтириш ҳамда қайта жиҳозлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Корхона ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ҳамкор корхоналар орқали экспортга чиқараётган бўлса, келгусида тўғридан-тўғри экспорт қилишни мақсад қилиб қўйган.

Шунингдек, журналист ва блогерлар Шаҳрисабздаги мақом санъати музейига ҳам боришди. Қадимий мусиқа асбоблари, дутор, тор, рубоб ва бошқа миллий мусиқамизнинг нодир дурдоналари киши ҳавасини келтиради.

Шаҳрисабз ироқи каштачилиги хорижий сайёҳларни ром этади. Авлоддан-авлодга ўтиб, бугунги кунда ҳам сержило ва мафтункорлиги билан одамлар диққатини жалб этиб келмоқда. 

Саодат Низомова Бирлашган Араб Амирлигида ўтказилган кўргазмада қатнашиб, ироқи каштачилигини намойиш этди. Энг муҳими, бу каштачилик кўпчилик давлат халқлари эътиборини тортди.  

Саодат Низомова 15 йилдан буён каштачиликнинг ироқи тури билан шуғулланиб келаяпти. Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳрида 39 та давлат ҳунармандлари иштирокида ўтказилган халқаро ҳунармандлар фестивалида қатнашиб, юқори ўринларни эгаллади.

Пресс-тур иштирокчилари қадимий ва ҳамиша навқирон Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдилар.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА