Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси фитосанитария лабораториясида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланган медиа-режага асосан, пресс-тур ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар, соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда дастлаб, вилоятда фитосанитар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Сўнг иштирокчилар фитосанитария лабораториясида зараркунанда ва касалликларни аниқлаш борасида олиб борилаётган ишлар, замонавий жиҳоз ҳамда техника воситаларини кўздан кечирди. Мутахассислар томонидан иш жараёнлари амалда кўрсатиб ўтилди.
[gallery-23890]
Таъкидлаш керак, фитосанитария лабораториясидаги мавжуд ПЗР ва Рентген ускуналари водийда ягона ҳисобланиб, улар ёрдамида ўсимликлардаги барча зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўт уруғларини аниқлаш мумкин. Бундан ташқари, лаборатория 2021 йилда 17025-2019 стандарти бўйича Миллий аккредитациядан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда лабораториянинг имкониятлари кенгайган ҳамда нафақат маҳаллий балки, қўшни республикаларга экспорт қилинаётган карантин остидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини текшириш, экспертиза хулосаларини бериш имконига эга.
Лабораториядаги энг сўнгги русумдаги замонавий асбоб-ускуналар ўсимликларга зарар келтирувчи, оддий қурилмаларда кўринмайдиган вирусли ва бактериологик касалликларни аниқлай олади. Жумладан, АҚШ, Польша, Туркия, Хитой, Латвия, Россия Федерацияси, Германия давлатларида ишлаб чиқарилган ускуналар ёрдамида лабораторияда гербологик, энтомологик, фитопатологик текширувлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, сайёр мобил лаборатория орқали ана шундай текширувлар ҳудудларга борган ҳолда ҳам амалга оширилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари пресс-тур жараёнида ўзларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоблар олди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА