Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналист ва блогерлар EPS-Topik тест имтиҳони жараёни билан танишди
22:38 / 2022-07-01

Бугун, 1 июль куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқаролар учун бўлиб ўтаётган EPS-Topik тест имтиҳони жараёни билан таништириш мақсадида журналист ва блогерлар учун прeсс-тур ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ўртасида имзоланган Меморандумга асосан мамлакатимиз фуқароларини малака талаб этилмайдиган Е-9 ишчи визаси бўйича ушбу давлатда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби белгилангани қайд этилди.

Маълум бўлишича, мазкур виза орқали ишчи фуқаролар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб этилади.

2020 йилда пандемия сабабли барча ишчи кучи етказиб берувчи давлатлар қаторида, юртдошларимизнинг ушбу давлатга оқими сезиларли даражада қисқарди. 2021 йил 5 ноябрь куни Корея Республикаси махсус комиссиясининг қарорига асосан чет эллик ишчиларни Корея давлатига киришига рухсат берилгач, 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида пандемия чекловлари шароитида жами 915 нафар фуқаро ташкилий тарзда жўнатилди.

Жорий йил январь-июнь ойлари давомида Корея Республикасидан меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган фуқароларнинг 1896 нафари иш жойига қайтиб кетган ҳамда Е-9 виза тури бўйича 2026 нафар фуқаро ташкилий тарзда жўнатилган.

Ҳозирги вақтда икки давлатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ушбу жараёнлар тўлиқ тикланди.

Кореяда ишлаш истагидаги фуқаролар учун 2022 йилда белгиланган корейс тили бўйича EPS-Topik ҳамда малака тест имтиҳонларида иштирок этиш учун жорий йил 28 апрель куни labormigration.uz дастурий мажмуасидан 18 ёшдан 39 ёшгача бўлган 16 минг 601 нафар номзод рўйхатдан ўтган.

Республиканинг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг EPS-Topik agency базасига рўйхатдан ўтган 16 минг 601 нафар номзоддан 1391 нафари талабларга мос келмагани туфайли қабул қилинмаган.

Шундай қилиб, барча талабларга мувофиқ рўйхатдан ўтган номзодлар учун 2022 йил 2 июнь куни Тошкент шаҳрида корейс тилидан EPS-Topik тест имтиҳони бошланган ва 15 июлгача давом этади.

Таъкидлаш жоиз, ушбу босқичдан муваффақиятли ўтган номзодлар малака тест имтиҳонларидан ҳам ўтиши лозим.

Айтишларича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларни Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишини кафолатламайди.

Тест имтиҳонлари бевосита Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўтказилмоқда ва баҳоланади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар рўйхати Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати ва Агентлик веб-сайтларида эълон қилинади.

Кейинги босқичда Агентлик томонидан синовлардан ўтган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар (анкета маълумоти, сканер қилинган паспорт нусхаси, фотосурат) Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг SPAS электрон базасига киритилади. Ушбу базага киритилган маълумотлар қачон киритилишидан қатъий назар номзод рўйхати КИРРХ томонидан тасдиқлангандан сўнг, 1 йил муддатга амал қилади ва бу муддат ичида номзод корейс иш берувчилари томонидан танланмаган тақдирда КИРРХ томонидан яна 1 йил муддатга қайта тасдиқланади.

Иккинчи йилда ҳам танлаб олинмаган фуқаролар рўйхати электрон базадан чиқариб юборилади ва Кореяда ишлаш истагида бўлган фуқаро синовлардан қайтадан ўтиши лозим бўлади. Мазкур базада шаклланган номзодлар тўғрисидаги электрон маълумотлар Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан исталган номзодни танлаб олиш учун корейс иш берувчиларига тақдим этиб борилади.

Корейс иш берувчилари томонидан танлаб олинган номзодларга меҳнат шартномаси лойиҳаси юборилади. Шундан сўнг, Корея Адлия вазирлиги томонидан берилган виза тасдиқномаси асосида номзод мамлакатга юборилади.

Юқоридаги маълумотларда келтирилганидек, фуқароларни корейс иш берувчилари томонидан танлаш жараёнларида Агентликнинг ҳеч қандай иштироки мавжуд эмас.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Корея томонидан хорижий фуқароларни, жумладан, юртдошларимизни ишга жалб қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг EPS.GO.KR веб-сайтида ҳар бир номзодга шахсий кабинет очилган.

Шахсий кабинет орқали фуқаролар ўзи тўғрисидаги маълумотлар, яъни, унинг синовлардан ўтиш бали, анкета маълумоти, иш берувчи томонидан танлангани ёки йўқлиги, танланган бўлса, меҳнат шартномаси ва ишчи виза тасдиқномаларини юборилган вақти тўлиқ ёритиб борилади.

ЎзА