Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Журналист ва блогер фейк хабарни ажрата билиши керак (+видео)
15:32 / 2025-11-06

Тошкентда Марказий Осиё ёшлари иштирокида икки кунлик минтақавий анжуман бўлиб ўтди. Унда “Радикаллашув ва терроризмнинг олдини олиш контекстида ёшларнинг медиа саводхонлиги” мавзуси диққат марказида бўлди.

Тадбирни ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори ҳамда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорликда ташкил этди. Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва тадқиқотчилар, ёш мутахассислар иштирок этди.  

Сўзга чиққан ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори, элчи Антти Картуннен медиа саводхонлик ва ахборот хавфсизлигини миллий хавфсизлик билан узвий боғлиқ соҳалар сифатида таърифлади.  

“Бугунги рақамлашган дунёда факт билан дезинформацияни ажратиш қийин бўлиб бормоқда. Ёшлар интернетнинг энг фаол фойдаланувчилари сифатида ёлғон маълумот таъсирига кўпроқ тушмоқда. Шунинг учун медиасаводхонлик уларни ҳимоя қилувчи қалқон бўлиши лозим,” — деди у.  

Элчининг фикрича, ЕХҲТнинг бу йўналишдаги лойиҳаси нафақат ахборот таҳлили кўникмасини оширишни, балки фактчекинг, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларида ёшларнинг салоҳиятини кенгайтиришни ҳам назарда тутади.  

“Ёшлар фақат билим олувчи эмас, балки уни тарқатувчи бўлиши керак. Улар оилалари ва дўстларига танқидий фикрлаш маданиятини етказса, жамиятдаги иммунитет мустаҳкамланади,” — дея қўшимча қилди Картуннен.  

Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова медиасаводхонликни радикаллашувга қарши курашиш билан бир қаторда, журналистиканинг ички масъулиятини кучайтирувчи омил сифатида таъкидлади.

“Журналист — фақат ахборот етказувчи эмас, балки жамият онгини тарбияловчи шахс. Ёш блогер ёки ОАВ вакили ҳар бир хабар орқали тинчлик ва бағрикенгликни илгари суриши зарур. Бу —касбий этиканинг энг муҳим жиҳати,” — деди Бобожонова.

Унинг таъкидлашича, Марказ ЕХҲТ билан ҳамкорликда вилоятларда медиасаводхонлик бўйича қатор курсларни ташкил этди. Бу орқали журналистлар ва блогерлар дезинформацияни фош этиш, фейк янгиликларни таҳлил қилиш ва контент орқали ижтимоий масъулиятни кучайтириш бўйича билим олди.

Анжумандаги муҳокамаларда радикал ғоялар кўп ҳолларда ахборот маконидаги ёлғон ёки нотўғри талқин қилинган маълумотлар орқали тарқалиши айтиб ўтилди. Элчи Картунненнинг маълум  

қилишича, келаси ҳафта Ўзбекистонда ЕХҲТнинг Оммавий ахборот эркинлиги бўйича вакили томонидан ташкил этиладиган 25-Марказий Осиё медиа конференцияси ўтказилади. Унда ҳам медиасаводхонлик, фейк янгиликлар ва сунъий интеллектнинг ахборот сиёсатига таъсири каби масалалар муҳокама этилади.  

Бу ташаббуслар нафақат медиа соҳаси, балки жамият барқарорлиги ва тинчлик маданиятини мустаҳкамлаш  йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/umoPSk679Ls" title="Jurnalist va bloger feyk xabarni ajrata bilishi kerak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>  

Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА