Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жумали ШАБАНОВ: ТДТга уч йил олдин аъзо бўлган Ўзбекистон бугун тузилмадаги энг фаол мамлакатга айланди
13:45 / 2023-03-18

Хабарингиз бор, 16 март куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти фавқулодда саммитига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилди.

Юқори даражада ташкил этилган тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга батафсил етказиш мақсадида ЎзА мухбири Тошкент давлат Шарқшунослик университети Туркшунослик факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Жумали Шабанов билан суҳбатлашди.

— Туркий давлатлар ташкилотига Ўзбекистон уч йил аввал, айтмоқчиманки, бироз кеч қўшилди. Қисқа фурсат ўтганига қарамай, мамлакатимиз бугунги кунда тузилманинг энг фаол, ишончли аъзоларидан бири сифатида тан олинмоқда. Ўтган йил Самарқандда ТДТнинг навбатдаги саммити юқори даражада ташкил этилди. Ўшанда мамлакатимиз аъзо давлатлар ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан муҳим таклиф, ташаббусларни илгари сургани, қарорлар қабул қилгани ташкилотдаги мавқеимизни яна бир поғона кўтарди.

Навбатдан ташқари саммитда турк қардошларимиз бошига тушган кулфат туфайли, шунингдек,бошқа аъзо давлатлар ҳудудида ҳам табиий офатлар кузатилаётгани боис сув тошқини, зилзила ва инсоният учун хавф туғдирадиган турли офатларнинг олдини олиш, муаммоларни имкон қадар тез бартараф этиш масалалари кўтарилди.

Мутахассис суҳбат давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи, учрашув якунида қабул қилинган Анқара декларацияси, Туркий инвестиция жамғармасини ташкил этиш ҳамда фуқаро муҳофазаси механизмини шакллантириш тўғрисидаги битимларни тайёрлаш қарори мазмунига алоҳида тўхталди:

— Зилзиладан жабрланган ёши улуғ инсонлар ва нуронийлар юртимизда соғлиғини тиклаши ва дам олиши, шунингдек, тарихий объектларни зиёрат қилиши учун шарт-шароит яратиш, ёшларнинг ёз мавсумида диёримизга сафарини ташкил этиш ташаббуси ниҳоятда оқилона, соғлом фикр, деган бўлардим. Зеро, қалбан яраланган, жиддий жабр тортган биродарларимизга мададкор бўлишимиз керак.

Измирда жойлашган Мармара университетида Туркия ёшлар иттифоқи вакиллари билан учрашиб, муассасада таҳсил олаётган талаба ёшларнинг таътил пайтида Ўзбекистонга келиши билан боғлиқ масалада аниқ келишувга эришганмиз.

Ўтган йил Туркистонда ўтган йирик конференцияда ТДТ давлатлари университетлари уюшмаси ташкил қилинган. Уюшмага саккиз давлатнинг турли ўқув юртлари қабул қилинган. Ўзбекистоннинг ушбу иттифоққа аъзо етти олий таълим даргоҳи қаторида ТДШУ ҳам бор.

Таъсис этилаётган Туркий инвестиция фонди давлатлар бошига оғир мусибат тушган дамда ўта зарур кўмак беради. Бунда ҳар бир давлат бюджетидан қўлидан келганча, маълум миқдорда маблағ ажратади. Жараён ҳужжатларда тасдиғини топади. Шунингдек, ҳужжатлар асосида ҳар бир давлатга аниқ вазифа, мажбурият белгиланади.

Мутахассиснинг батафсил фикри билан тез кунларда эълон қилинадиган видео суҳбатимиз орқали танишиш мумкин.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА