Яқин Шарқ уруш бўсағасида(ми?)...
Жо Байденнинг Исроилга ташрифи арафасида Ғазодаги касалхонага тушган ракета драматик тарзда ривожланаётган вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Америка етакчиси Нетаньяхудан ташқари Иорданияда Қирол, шунингдек Фаластин ва Миср раҳбарлари билан ҳам учрашиши режаланганди – ҳаммаси бекор қилинди.
Исроил айбни “Ислом жиҳоди”га ағдариб қўя қолди: гўё араблар ракетаси янглиш госпиталга етиб борган эмиш. Видео лавҳалар эса битта ракета шунча талофат келтириши ҳақиқатдан узоқлигини акс эттиради...
ХАМАС ҳам, араб мамлакатлари ҳам бу ҳодисада Исроилни айблайди. Яқин Шарқда намойиш тўлқини авжланди, айрим мамлакатларда жуҳуд элчиликларига ҳужум қилинди.
Қўшма Штатлар “биродар давлат” ҳимояси учун Шарқий Ўрта ер денгизига тўрт минг ҳарбий билан икки авиация ташувчи кема келтириб қўйди. Ливандаги, Эрон қўлловидаги “Ҳизбуллоҳ” шимол томондан Исроилга қарши иккинчи фронтни очиб, жангга кириши айтилди.
Эрон ҳозирча таҳдидли баёнот бериш билан чекланмоқда. Урушда қатнашиш истагидаги кўнгиллилар тўпланяпти – улар сони уч миллиондан ошгани хабари берилди.
Аксарият араб давлатлари фаластинликларга хайрихоҳ, аммо айримлар кўнглида ХАМАС муаммосини ҳал этиш нияти ҳам йўқ эмас. Масалан, ушбу ҳаракат Миср ва Иорданияда тақиқланган.
Салкам икки ҳафтадир-ки, Ғазо ўққа тутилмоқда. Инсонларнинг оммавий қирғинидан, деярли, бутун дунё норозилиги туфайли Исроил армиясининг Ғазога қуруқликдаги амалиёти кечиктирилиши, кўлами қисқартирилиши ёки умуман бекор қилиниши эҳтимоли йўқ эмас.
Байден Тель-Авивда Нетаньяхуни қизиққонликдан воз кечиш, совуққонлик кўрсатишга, Американинг 2001 йил сентябрдаги хатосини такрорламасликка чақирди.
Оқ уй Конгрессдан Украина ва Исроилни қўллаб-қувватлаш учун салкам юз миллиард маблағ сўрамоқчи. Аслида, бу пул билан на Яқин Шарқ, на Киев муаммосини ҳал этиб бўлмайди.
Вашингтон Исроилнинг қандайдир “қашшоқ гуруҳ”дан, ёки Украинанинг ҳам мағлуб бўлишини сираям ҳазм қилолмайди, дейди таҳлилчилар. Ютқазиш Американинг “супер куч” имижига путур етказади, президентлик сайловига ҳам салбий таъсир этади. Демак, Байден қуруқликдаги жангларнинг муқобили кўрилмоқда, дея бекорга айтмаган, чоғи.
Экспертлар фикрича, Исроилга қарши янги норозилик, аслида, Нетаньяхунинг ўтган йил охирида ҳукуматга қайта келиши билан бошланган. Январь ва май ойларида миллий хавфсизлик вазири Бен Гвирнинг Қуддусдаги мусулмонлар муқаддас жойларига иғвогарона ташрифи ҳам кескинлик кучайишига сабаб бўлган. Ўшанда қатор араб давлатлари билан бир қаторда ХАМАС ҳам жуҳуд вазирига айни амаллари учун жиддий таҳдидлар қилишган эди.
Ҳозирча Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш режаси йўқ, БМТнинг тўлақонли Фаластин давлати ташкил этиш резолюцияси неча ўн йиллардан бери қоғозда қолиб келмоқда. Шу баҳона балки...
Тўғри, режа қабул қилинган вақтдан буён анча сув оқиб ўтди, ҳозир минтақа чегаралари аввалгидек эмас. Фаластинликлар мафкураси анча ўзгарган. Уларни доим қўллаб келган Совет Иттифоқи, социализм лагери ҳам йўқ бугун.
– Яхши маънода, – дейди таҳлилчилар, – Ғазода давлат институтлари яратиш учун, аввало, одамлар онгини ўзгартириш керак, худди-ки, урушдан кейинги Германия каби...
Тинчликпарвар Фаластин давлатига асос солишда араб мамлакатлари, айниқса Миср ва Саудия Арабистони бош-қош бўлмоғи лозим. Кўп йиллардан бери бу мавзуда баландпарвоз гаплардан бошқа амалий саъй-ҳаракат кузатилмаяпти. Яқин Шарқдаги бугунги кескин вазият янги режаларни ўртага чиқариши кутиляпти.
Кошки, фаластинликлар фойдасига бўлса…
Исроилнинг яралиши...
Исроил тақдири 1947 йил 29 ноябрда ҳал бўлган. БМТ Бош ассамблеяси сессиясида Буюк Британиянинг Фаластиндаги мандатини тўхтатиш ва ҳудудда икки мустақил давлат тузиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинади. Араб давлатлари бу ерни иккига бўлиш сиёстатига қарши чиқадилар. Исроил давлати яратилишида Сталин муҳим роль ўйнаганига тарих шубҳа қолдирмайди...
Фаластин 1918 йилгача Усмоний салтанати таркибида бўлган, жуҳуд етакчилари Султонлардан ҳудудга кўчиб бориш учун мунтазам изн сўраб келган ва ҳар сафар “маълум” жавоб олган.
Биринчи жаҳон урушидан кейин Миллатлар лигаси қарори билан Фаластинни бошқариш мандати Буюк Британияга берилади. Бу пайт ҳудудда 568 минг мусулмон-араб, 74 минг насроний ва 58 минг яҳудий яшаган.
Кўп йиллар жуҳуд аҳолиси бу тупроқда партизанлик ҳаракати олиб борган. Иккинчи жаҳон урушига келиб, уларнинг Фаластинга ноқонуний кўчиши анча жонланган.
1946 йил ёзда “Шоҳ Довуд” меҳмонхонасида жойлашган Британия армияси қароргоҳига ҳужум уюштирилади ва 28 англиялик ўлдирилади. Шундан кейин Лондон барқарорликни таъминлай олмагани учун мандатидан воз кечишни маъқул кўради.
1947 йил февралда БМТ Фаластин бўйича махсус комиссия очади. Бу пайт ҳудудда бир миллиондан зиёд араб, 614 минг яҳудий ва 146 минг насроний яшар эди.
БМТ Низомига кўра, резолюция қабули учун мамлакатларнинг учдан икки қисми қўллаб овоз бериши керак. 1947 йил ноябрида халқаро ташкилотга 58 давлат аъзо эди. Совет Иттифоқи БМТда тўртта юрт овозини назорат қиларди – Украина, Белоруссия, Чехославакия ва Польша. Даврнинг агрессор давлатлари – Германия, Япония, Австрия, Руминия, Венгрия кабилар ҳали БМТга кирмаган. Африканинг катта қисми, Осиё мамлакатларининг, деярли, ярми мустамлака...
Исроилга, асосан, мусулмон давлатлар – Афғонистон, Миср, Эрон, Ироқ Ливан, Покистон, Саудия Арабистони, Сурия, Туркия ва Яман, шунингдек, Ҳиндистон, Греция, Куба, Югославия ва Буюк Британия қарши овоз беради.
Хуллас, Исроил Давлати мустақиллиги 1948 йил 17 май куни эълон қилинади. Эртасига АҚШ, икки кундан кейин эса Совет Иттифоқи буни эътироф этади. Исроил билан биринчи дипломатик муносабатни АҚШ ўрнатади.
Сталин қатъият кўрсатмаганда Исроил ташкил этилмасди, дейишади совет тарихчилари. Бу Яқин Шарқдаги вазиятни ўзгартириб юборди ва Совет Иттифоқи сиёсатига таъсир қила бошлади.
Сталин Британияни Яқин Шарқдан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилган, қабилидаги фараз ҳам тўғри эмас. Зеро, Англия Фаластиндаги мандатини ўз ихтиёри билан чўзишдан воз кечган. Қолаверса, Британия Ҳамдўстлигига кирувчи Янги Зеландия, Канада, Австралия Исроилни ёқлаб овоз берган.
Исроил мустақиллиги эълон қилинган куниёқ Ироқ, Сурия, Миср, Ливан ва Иордания янги давлат ҳудудига бостириб киради ва биринчи Араб – Исроил уруши бошланади. Айнан мана шу савашда советлар яҳудийларга тезкор ва самарали ҳарбий ёрдам беради...
Тарихчилар Сталин адолат нуқтаи назаридан Исроилга ёрдам берганини таъкидлашади, аммо жаҳон жамоатчилиги ҳануз совет раҳбарининг асл ниятини охиригача англаб етмаган...
ХАМАС ҳаракати...
ЕИ, Германия, Исроил, Канада, АҚШ, Япония ва бошқа мамлакатлар ХАМАСни террор ташкилоти, деб эълон қилган. Австралия ва Буюк Британия эса ХАМАСнинг жанговар қаноти – “Изиддин Ал-Қассама бригадаси” гуруҳини террорчи атайди.
Бразилия, Қатар, Хитой, Норвегия, Туркия, Швейцария каби давлатлар, шунингдек Ислом ҳамкорлик ташкилоти ХАМАСни террорчи ташкилот, деб билмайди.
Россия ҳам террор ташкилотлари сафига қўшмайдиган бу ҳаракат етакчилари бир неча марта Москвага келиб-кетган.
ХАМАС арабча “Ҳаракат ал-Мукавама ал-Исламия” – “Ислом қаршилик ҳаракати” қисқартмасидир.
Ҳаракат биринчи Фаластин интифодаси бошланиши билан Мисрдаги “Мусулмон биродарлар” ва Ғазо секторидаги Фаластин ислом жиҳоди негизида 1987 йил декабрда ташкил топади. Тузилманинг маънавий етакчиси шайх Аҳмад Ясин Қоҳира университети инглиз бўлими битирувчиси.
Ёсир Арофатнинг Фаластинни озод қилиш ташкилотига мухолифат бўлган ХАМАС, Рамаллоҳдаги ФАТҲ ҳаракатидан фарқли ўлароқ, Исроил давлати мавжудлигини бошидан тан олмайди.
1993 йил Ослода Исроил ва Фаластинни озод қилиш ҳаракати ўртасида Биринчи интифода – Исроил 1967 йилдаги “олти кунлик” урушда босиб олган ерларни қайтариб олиш бўйича 1987-1993 йиллардаги фаластинликлар қўзғолони тугагани тўғрисидаги битим имзоланади.
ХАМАС Осло ҳужжатини тан олмайди ва қаршиликни давом эттиради.
2004 йил март ва апрель ойларида Аҳмад Ёсин ва унинг вориси Абдул Азиз Ар-Рантиссий Исроил ракета ҳужуми натижасида ўлдирилади. Айни шу йили Арофат ўз ажали билан вафот этади. Шундан кейин ХАМАС Фаластин мухторияти сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта бошлайди.
2006 йил Фаластин қонунчилик кенгашига сайловда аксарият овозни олиб, ҳукмрон ФАТҲ партиясидан устунликка эришади.
ХАМАС 2007 йил Ғазодаги ФАТҲ бўлими билан қуролли тўқнашув натижасида минтақа ҳукуматини қўлга киритади. ФАТҲ эса Иордан дарёси ғарб қирғоғидаги мавқеини сақлаб қолади ва Маҳмуд Аббос бошчилигида янги ҳукумат тузади. Шу тариқа Фаластин мухторияти икки жуғрофий қисмга ва икки сиёсий душман лагерига бўлинади.
Ғазога ўрнашиб олган ХАМАС Исроилга ҳужумни давом эттиради. Жуҳудлар бунга жавобан ҳаракат инфратузилмасини яксон қилиш учун “Қуйма қўрғошин” (2009 йил), “Булутлар устуни” (2012 йил) ва “Сўнмас қоя” (2014 йил) ҳарбий амалиётларини йўлга қўяди.
Ғазо сектори дунёдаги энг зич жойлашган туманлардан бири. Бу ерда икки миллиондан зиёд араб истиқомат қилади. Ҳудуднинг узунлиги 40 километр, кенглиги 10 километр атрофида. Умумий майдони тахминан 360 квадрат/километр.
Сектор Исроил ва Миср билан чегарадош, ғарбдан Ўрта ер денгизига туташ. Аҳолисининг катта қисми ўта қашшоқ, халқаро гуманитар ёрдам эвазига кун кўради.
Маълумотларда айтилишича, ХАМАСнинг ракета ускуналари турар-жой, мактаб, касалхоналар томига жойлаштирилган, қўмондонлик маркази кўп қаватли уйлардан бошқарилади, анклавга қурол-аслаҳа етиб келиши учун Миср ҳудудидан тунел-йўллар очилган.
Форс кўрфази давлатларидан кўмак келиб туришига монелик қилинмайди. Ҳаракатнинг энг муҳим донори ва хорижий иттифоқдоши Қатар, мамлакат Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ал Таний 2012 йил Ғазо секторига ташриф буюрган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди. Ўшанда Қатар ХАМАСга 1,5 миллиард евро маблағ берган.
Яна бир муҳим иттифоқдош – Туркия. Эрдоған Исмоил Хания билан мулоқот қилиб туради.
ХАМАСни, шунингдек, турли давлатлардаги ўнлаб ноҳукумат ташкилотлар қўллайди. “Der Spiegel” журнали маълумотига кўра, Германия ҳаракат ҳисобига миллионлаб евро маблағ ўтказиб берган.
Бир вақтлар АҚШ собиқ конгрессмени Рон Пол “ХАМАС Исроил томонидан Ёсир Арофатга қарши туриш учун тузилгани”ни айтган, собиқ Бош вазир Ицхак Рабин эса “ХАМАСни тузиш ва қўллаб-қувватлаш жуда катта хато бўлгани”ни эътироф этиши табиий ҳол.
Таҳлилчилар бу ўринда Ғарб ташаббуси билан “Толибон”, “Ислом давлати” ва бошқа террор ташкилотлари ташкил этилиб, кейин надомат чекилганини эслатадилар...
Бугунча шу.
Келаси жумада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси