Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жумадан жумагача
18:29 / 2023-07-28

БРИКС йиғилишига тайёргарлик...

Йоханнесбургда 22-24 август кунлари ўтадиган Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари – БРИКС йиғилишида Путин қатнашмайди. Ушбу маълумотни мезбон – ЖАР маъмурияти тасдиқлади.

Ўзаро келишувга мувофиқ, саммит ишида Россияни ташқи ишлар вазири Лавров тамсил этади. Путин эса йиғилишда видеоконференц алоқа  тарзида иштирок этади.

Пандемия замонида видеоконференция йиғилишлари ўтказиш урфга кирди – Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити икки марта шу тарзда ўтди. Россия ва Хитой етакчилари Тайвань ва Украина туфайли Ғарбнинг ғазабига учрамаслик учун аввалгидек эмин-эркин бошқа давлатларга боролмай қолишди. Улар йиғилишларда онлайн қатнашмоқда.

Рус раҳбарининг сафарга чиқолмаслик сабабини аксарият сиёсатчилар хавфсизлик масаласи эмас, балки ҳуқуқий чеклов билан боғлашади. Март ойида Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президентини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди, ҳукмни бажаришга ХЖСга аъзо барча мамлакатлар, хусусан ЖАР ҳам мажбур.

Президент Рамафоса аввалдан рус ҳамкасби ҳибсга олинмаслигини, бундай ҳаракат Москвага уруш эълон қилиш билан баробарлигини айтиб келади.

Экспертлар Жанубий Африка аввал ҳам ХЖС қарорини эътиборсиз қолдирганини эслатишади: ЖАР 2015 йил қуролли можаро пайтида инсониятга қарши жиноятда, геноцидда айбланган Судан етакчиси Умар Ал-Баширни қабул қилган.

Алҳол, бу икки даврдаги сиёсий инқирозни бир-бири билан солиштириб бўлмайди.

BRICS - Brazil, Russia, India, China, South Africa - БРИКС - группа из пяти  стран: Бразилии, России, Индии, КНР, ЮАР - CNews

Гапнинг индаллоси – ЖАР икки ўт орасида қолган. Россияни танлаб, ХЖСдан чиқиш Ғарб билан алоқа узилишига олиб келиши мумкин. Путинга таклифнома юбормаслик эса Москва билан муносабатга путур етказади. Ҳеч бири мамлакат манфаатига тўғри келмайди. Претория Ғарб билан ҳам, Россия ва Хитой билан ҳам муносабат совуқлашишини истамайди, дейди таҳлилчилар.

Бир қарашда бу Жанубий Африка муаммосидек туюлади. Бошқа томондан Путиннинг музокара доирасида ташқари, телефонда айтиб бўлмайдиган, қулоққа шивирланадиган гаплари ҳам бордир...

Хуллас, Кремль Сирил Рамафосани ноқулай вазиятдан қутқарди!

Айрим экспертлар бу нотўғри йўллигини, бошқалари эса стратегик фойда олиш учун танланган тактика эканини айтишади.

Қўшма Штатлар кейинги ой Африка, Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатларини ўзига оғдириб, Россияни глобал ихоталашга уриниб кўрмоқчи. БРИКС саммити билан боғлиқ инқироз мазкур кампания муваффақиятли якунланганини англатмаса керак. Москвани қўллашни рад этиш РФни изоляциялашга автоматик қўшилиш маъносини англатмайди.

Соддароқ айтганда, Глобал Жануб мамлакатларининг аксарияти ҳалиям бетараф позицияда. Саммит билан боғлиқ вазият ҳам шу нейтралитетнинг бир кўриниши.

Мутахассислар айни масалада икки хил фикр билдиришади – Путин ЖАРга келмаслиги БРИКС нуфузини туширади ёки ташкилот фаолиятига таъсир қилмайди.

Россия етакчисининг саммитда қатнашмаслиги БРИКС ҳарбий-сиёсий тузилма эмаслигини яна бир бор тасдиқлайди. Блок эмасми, демак, самарадорликка путур етмайди.

“Катта еттилик”дан фарқли ўлароқ, БРИКСнинг ягона мафкураси йўқ. Бу суверен мамлакатлар бирлашмасидаги ҳар бир мамлакат мустақил сиёсат юритади, бир-бирининг фикрини қўллайди.

Қолаверса, давлатлар дам-бадам икки томонга оғиб турадиган даврлар тарихда қолиб кетган. Қандайдир глобал эътироздан воз кечиш ёки кескин халқаро позицияни эгаллаш вақти келган.

Масалан, ШҲТ шундай йўл тутди – Америка санкцияси остидаги Эронни сафга қабул қилди...

БРИКСдаги айрим давлатлар, масалан, ЖАР, Бразилия, қисман Ҳиндистон ўз қарашига эга. Буниям тушуниш керак – Халқаро жиноят суди қарори, тугамаётган Россия – Укриана инқирози ва ҳакозо...

Хуллас, иккиланишлар бор экан, БРИКС кўп қутбли дунё учун масъулиятни ҳали зиммасига ололмаслиги кўринмоқда...

Хитой ташқи сиёсатини ўзгартирмоқчи...(ми?)

Хитой етакчиси Си Цзиньпин ўтган йил кузда партия ва давлат раҳбари этиб учинчи муддатга сайланди. Мухолифат тозаланган, сиёсий элита тўлиқ назорат остида, Пекиннинг ташқи майдондаги обрў-эътибори жойида...

Кадрлар сиёсатида ҳам ҳаммаси кўнгилдагидек (эди), гўё. Ўтган ойдаги воқеа эса ҳаммаси режа бўйича кетмаётганини кўрсатди.

25 июль куни мамлакат парламенти ташқи ишлар вазири Цинь Ганни вазифасидан бўшатди. Унинг ўрнига ёки ўзининг эски жойига Ван И қайтди. Ван 2013-2022 йиллари вазирликни бошқарган, ўтган йил октябрда Компартия Марказий қўмитаси ташқи ишлар бўйича комиссияси раҳбарлигига “кўтарилганди”.

Бор-йўғи уч ой олдин ХХР Давлат кенгаши аъзолигига сайланган Цинь Ган эса ТИВни ярим йилгина бошқаришга улгурди.

Одатда Хитой вазирлари камида беш йил ишлаб беришади. Циннинг кутилмаган истеъфоси кўпчиликни шошириб қўйди. Унинг сирли равишда ғойиб бўлиши ҳамма ишлари режа асосида, назоратли кетаётган Хитой обрў-эътиборига жиддий зиён келтирди.

Ганга нима бўлгани тўғрисида расмий хабар берилмади. Хитой сиёсатининг “ошхонаси доим ёпиқ”. Кузатувчилар ўз фаразларини илгари суришади, холос.

Цинь охирги марта 25 июнда Россия, Вьетнам, Шри-Ланка тадбирида кўриниш берган. Экспертлар айтишича, ўшанда у бироз асабий кўринган. Аслида, ташқи сиёсатнинг ўзи асабий иш эмасми?!

Норасмий тахминга кўра, у “маънавий воқеа қурбони”га айланди. Ғарб давлатлари “махсус хизмати диққатини тортган жиҳат” шуки, у гонконглик таниқли журналист Фу Сяотянь билан “севги-муҳаббат” қиссаси иштирокчисига айланган. Ўтган йил охирида жуфтликнинг никоҳсиз фарзанди дунёга келган.

Цинь 19 мартда туғилган. Шу куни Фу Сяотянь “Weibo” ижтимоий тармоғида ўғлининг сурати билан бирга “Ота, туғилган кунинг муборак бўлсин!” табригини жойлаштиради. Гонконг ОАВ бу ҳақда бонг уради...

Албатта, шугина воқеа вазир ишдан кетишига сабаб бўлиши керак эмасдек. Зеро, Ғарбда бунга ўхшаш, ҳатто, бундан баттар мисоллар тўлиб-тошиб ётибди.

Шарқнинг нозиклиги шундай пайтда билинади...

Ган англо-саксон мамлакатлари бўйича малакали мутахассис, 2021-2022 йиллари АҚШда элчи бўлган. Вазир лавозимида ташқи сиёсатга таъсири кам эди. Давлат раҳбарининг ўзи ҳамма ишга бош-бош. Ижрони Марказқўмнинг ташқи ишлар бўйича комиссияси таъминлайди, де-факто бутун ташқи сиёсатнинг куратори сифатида.

69 ёшли Ван И ТИВ етакчилигига вақтинча қайтдими ёки давлат раҳбарининг учинчи муддати битгунча шу лавозимда ишлайдими – асосий савол шу!

“Ган “соғайиб кетгунча” бўлса, бир гап, ё янги муносиб номзод топилгунчамикан?”, дея талқин қилади маҳаллий таҳлилчилар.

Одатда бу “оғир вазнли” лавозимни Компартия Марказий қўмитаси аъзоси, тажрибали дипломат эгаллаши шарт.

Экспертлар шундайлардан бири сифатида 60 ёшли Лю Хайсинни билишади. Европашунос, Францияда ишлаган, ўтган йил июль ойида бошқа соҳага ўтказилган – Компартия МҚ давлат хавфсизлиги кенгаши девонхонаси раҳбари ўринбосари этиб тайинланган. Кузга бориб Марказқўм аъзолигига қабул қилинган.

Мазкур лавозим вазир мавқеига тенг. Давлат хавфсизлиги кенгаши ўта обрўли тизим, ташқи сиёсатнинг муайян йўналишларини белгилайди.

Яна бир номзод – 59 ёшли Лю Цзяньчао Буюк Британияда ўқиган, ишлаган. Кейинроқ Филиппин ва Индонезиядаги дипломатик ваколатхоналарни бошқарган. Ҳозир у Марказқўмда халқаро алоқалар бўлимини бошқармоқда, яъни партиялараро алоқага жавобгар.

Хитойнинг ҳозирги тизимида ташқи ишлар вазири ташқи сиёсатни белгилаш ва амалга ошириш устидан назорат билан шуғулланмайди. Юқорида таъкидланганидек, бу иш юқори партия тизими зиммасида.

Албатта, ҳеч ким Си Цзиньпин чизиб берган чизиқдан чиқмайди...

“Дон шартномаси” йўллари...

Россия дон шартномаси талаби бажарилмаса, “ўйин”дан чиқишини бир неча марта такрорлаган. 17 июлда воқеа содир бўлди. Бу тўғрида аввалги ёзувимизда маълум қилган эдик.

Ҳар ҳолда, Қора денгиз дон ташаббуси салкам бир йил амалда бўлди. Истанбулда имзоланган келишувни Туркия ўзининг йирик дипломатик ғалабаси, дея жар солди. Ўша нашидани қайтариш учун Анқара Украина, БМТ ва Россияни музокара столига чорламоқчи...

Эрдоған 7 июль куни Туркиядаги учрашув чоғида Зеленскийга дон йўлаги давом этишини таъкидлади. Фақат шартномани камида уч ойда янгилаш таклифи берилди – охирги марта у икки ой учун имзоланган.

Турк етакчиси Путин ҳам дон шартномаси узайтирилишини истайди, дея ўсмоқчилайди. Бу орада ТИВ раҳбарлари Лавров ва Фидан телефонда Украина ва Ғарб давлатлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда маҳсулот етказиб беришнинг муқобил йўлларини муҳокама қилишади.

Туркиялик экспертлар руслар шартномага қайтмаса, Украина бардаргоҳларидан донни олиб чиқиш анча оғир бўлишини урғулашади. Кемачилик компаниялари учун Қора денгиз акваториясидан юк ташиш анча хавфли. Украина маҳсулотини ташишда, аввал ҳам ёзганимиздек, темир йўлдан фойдаланиш таклифи билдириляпти. Ҳозирча энг мақбули Руминия портлари, деб ҳисобланмоқда. Бу йўл дон экспорти миқдорини қисқартириб, транспорт харажатини оширади...

Босфор бўғози орқали юк ташиш камаядиган бўлса, Туркиянинг қатор тармоқлари зарарга киради. Биринчи навбатда, дунёда етакчи ўринни эгаллаб келаётган ун саноати қаҳатга учрайди. Унни қадоқлаш, сотиш ширкатлари самарадорлиги тушиб кетади.

Россияликлар Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш марказини тарк этди. Турклар улар қайтишига ишоняпти.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли дон шартномасини тиклаш жараёнида туркларга ишонишини айтди. Афсуски, ғарбликлардан ҳеч ким русларнинг дони, минерал ўғити ҳақида оғиз очмади...

Таҳлилчилар яқин кунларда Эрдоған ва Путин телефон орқали суҳбатлашишини тахмин қиляпти. Россия етакчиси август ойида Туркияга ташриф буюриши кун тартибда турибди, ўзгармаган. Ўшанда долзарб дон масаласи бош мавзу бўлади.

Туркияда дон омбори ташкил этиш истиқболи ўтган йилдан бери муҳокамада. Ўтган йил ноябрь ойида Ун саноати федерацияси раҳбари Эрен Гунхон Улусой Россия бу янги ғояга ижобий қараётганини айтди.

Лойиҳага кўра, омборда дон ётиб қолмайди, қайсидир қисми ун заводида қайта ишланади, мамлакат бўйлаб тарқалади. Россияда сўнгги йилларда кузатилаётган ҳосил рекорди кишини шошириб қўймоқда: ўриб-йиғиб олиш, донни сақлаш ва экспорт қилиш муаммоси... аввало, фермерларни қийнамоқда.

Маҳаллий қувват маҳсулотни қайта ишлашга етмайди, чет эл бозори эса мамлакат учун тобора ёпилиб бормоқда. Туркия айни масалада Россияга кўмакчи, аъзо давлат сифатида НАТО мазкур гуманитар масалага тўғри ёндашишидан умидвор.

Аслида, Россия билан ҳамкорликдаги лойиҳалар учун Анқара Ғарбдаги иттифоқдошлари танқидига учраяпти. Фақат... Қора денгиз дон ташаббуси бироз нозик масала...

Туркия етакчиси, бир ярим йилдирки, Россия ва Украина раҳбарларини бир орага келтира олмаяпти. Бир муддат глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга эришганди, бугун айни муаммо яна дунё кун тартибига чиқди.

Буюк мақсад – яна Россияни дон шартномасига қайтариш!

Вазифа қандай уддаланади, буни вақт кўрсатади...

Бугунча шу!

Сентябрь ойида хабарлашгунча!

Аброр Ғуломов,

ЎзА сиёсий шарҳловчиси