Эрдоған мероси...
Эрдоған президентлик сайловида мухолифатчи Қиличдорўғли устидан кичик фарқ билан ғалаба қозонди ва яна беш йилга лавозимини сақлаб қолди.
Сайлов олдидан ўтказилган ижтимоий сўровларда мухолифат вакилининг амалдаги президентдан ўзиб кетиши бот-бот айтиб келинган эди...
Сайлов олди кампаниясида Эрдоғаннинг имконияти ниҳоятда кенг бўлди, барча давлат ресурслари, ҳатто, ОАВ унга хизмат қилди.
Қиличдорўғли эса партиянинг чекланган бюджетидан фойдаланди, холос. Давлат ОАВ унинг чиқишларига чеклов қўйди. Эрдоған тўлиқ жамоаси билан "Формула-1"да миникардаги Қиличдорўғли билан мусобақалашди, гўё...
Таҳлилчилар сайлов кампанияси ва унинг натижасига таъсир кўрсатган учта омилни таъкидлашади. Биринчидан, мамлакат февраль ойида тарихан мислсиз кўламдаги йирик зилзилани кўрди. Офат натижасида 51 мингдан зиёд қурбон берилди.
Иккинчидан, мамлакат сўнгги 20 йил ичида энг оғир иқтисодий вазиятни бошидан кечирмоқда. Ўта юқори даражада намоён бўлаётган ишсизлик, айниқса, ёшларга жиддий зарба бермоқда. “Ақл эгалари” мамлакатдан чиқиб кетаётгани иқтисодиёт янада заифлашишига олиб келмоқда.
Учинчидан, мамлакатга 2015 йилдан бошлаб Сурия, Ироқ, Эрон ва Афғонистондан жуда кўп қочқин кириб кела бошлаган. БМТнинг Қочоқлар бўйича Олий комиссарияти бошқармаси маълумотига кўра, бу қочоқлар сони тўрт миллиондан ошади.
Эрдоған Қиличдорўғли сингари сайлов олди кампаниясида “қочоқлар муаммоси” ҳал этилиши, яъни улар мамлакатларига қайтариб юборилишини бир неча марта айтди.
Амалдаги тажрибали давлат етакчиси сайловчилар билан учрашув чоғида мана шу уч инқирозий вазиятдан усталик билан фойдаланди. Ҳукуматда бир кун ҳам ишламаган Қиличдорўғли бу масалада ночорлик қилди.
Таҳлилчилар турли инқирозларга қарамай, аҳоли мамлакатни шу ҳолга келтирган президент учун овоз берди, дейди. Бу кутилмаган ва кутилмаган ҳолат эди... Сайловчилар одатда бундай кўнгилсиз даврда мамлакатни бошқариш тажрибаси бўлмаган янги инсон ўрнига таниқли сиёсатчини қўллайди.
Кейинги йил баҳорда Туркияда маҳаллий сайлов ўтиши керак. Яқин ойларда янги сайлов олди кампанияси бошланади. Экспертлар яна Эрдоғаннинг қаттиққўл сиёсати давом этишини тахмин қилишмоқда. Энди фуқаролар эътиборини заиф иқтисодиёт ва ижтимоий тенгсизлик каби реал муаммолардан чалғитиш учун жамоатчилик фикрини қутблаш чораси кўрилади, дейишади таҳлилчилар. Акс ҳолда сайловчилар ҳукуматни нишонга ола бошлайди.
Одатда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида сайловни бой берган номзод масъулиятни зиммасига олиб, лавозимини тарк этади. Туркияда бу усул қабул қилинмаган. Шу сабабли Қиличдорўғли сиёсатни тарк этиш ҳақида ўйламаяпти. Қайтага ҳаммани лол қолдириб, курашни давом эттиришини айтмоқда.
Мағлуб “Олтилик альянси”нинг келгуси тақдири ҳам муаллақ. Аъзоларининг ҳар бири умумий мақсадга эришиш йўлида партиялари кўз ўнгида нималардандир воз кечишга мажбур бўлган эди...
Экспертлар тахминича, Қиличдорўғли каби “олтилик” ҳам маҳаллий сайловгача сақланиб қолади.
Эрдоған сайловда ғолиб чиқиши учун иккинчи босқич зарур бўлди, бунинг устида бор-йўғи тўрт фоиз устунликка эришилди... “Бу ҳол мамлакат аҳолисининг раҳбардан ва ҳукуматдан норозилигини англатмайдими?”, дея савол беради экспертлар.
Фаразга кўра, кейинги беш йил инсон ҳуқуқи масаласида вазият ўзгармайди, Президент сўнгги муддати давомида сиёсий вориси тўғрисида қайғуради... Ҳар ҳолда у ўзидан кейин парчаланган, ҳар томонлама ботқоққа ботган мамлакатни қолдириб кетишни истамаса керак, дея тахмин қилишмоқда таҳлилчилар.
Мавжуд Конституцияга кўра, Эрдоған давлат раҳбари лавозимига бошқа сайланиш ҳуқуқига эга эмас. Бунинг устига, узуқ-юлуқ гапларга қараганда, саломатлиги ҳам ҳаминқадар...
Харитага боқилса, Туркиянинг катта қисми Осиё минтақасида...
Шарқда эса “абадий президентлик”ка даъвогарлик ота-боболардан мерос....
Шов-шувли Толибон – Эрон уруши...
Эрон ва Афғонистон сарҳадида 27-28 май кунлари эронлик чегарачилар ва афғон толиблари ўртасида содир этилган отишмаларни ОАВ ва экспертлар террор-агрессияга менгзашди. Бу Толибон ҳаракатининг террорчилик хусусияти ва тинч мулоқотга қодир эмаслиги тасдиғи, деб ҳам айтишди.
Бунинг исботи тариқасида ўзини Толибон раҳбарларидан бири сифатида танитган Абдулҳамид Хуросоний толибларнинг Эронга уруш эълон қилгани тўғрисидаги баёнотини келтиришди.
Экспертлар тасдиқлашича, Хуросонийнинг бу сўзлари, аввало, матн ичидан юлиб олинган ва Эрон томонини гиж-гижлашга қаратилган.
Шов-шувнинг эртасига у Интернетдаги саҳифасидан баёнотини олиб ташлади...
Иккинчидан, бу инсон, бор-йўғи, оддий блогер бўлиб чиқди. У ҳеч қачон Толибон ҳаракати билан алоқада бўлмаган. Охирги вазифаси афғон туманларидан бирида полиция участкаси бошлиғи, холос.
Мазкур ҳодисанинг террор режаси ёки бошқа агрессив интилиш билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ. Ҳозирча инқирознинг асл сабаби аниқ эмас, ҳар ҳолда сув муаммоси эканлигига эҳтимол бериляпти.
1973 йил Эрон ва Афғонистон Хельманд дарёси сувидан бирга фойдаланишга келишган. Кобул ЭИРга бир йилда ўртача 820 миллион кубометр сув етказиб бериш мажбуриятини олган.
Хельманд дарёси Афғонистон ҳудудининг катта қисмидан оқиб ўтади ва Эрон билан туташ Хамун кўлига тушади. Ўтган аср 50-йиллари бошида Американинг “Моррисон-Кнудсен” фирмаси дарё устига тўғон қуриб берган.
2010-йилларда афғон ҳукумати, Теҳроннинг фикрича, АҚШ кўмагида Эронга сув етказиб беришни қисқартира бошлайди.
Афғонистон Толибон ҳукумати ЭИР манфаатини кўзлаб, сув омбори туби ва дарё ўзани лойқаланишига ишора қилиб, зарур сув оқимини таъминлай олмаганини айтади. Кобул вакиллари ўзларини оқлаб, сув омборининг катта қисми балчиққа тўлиб кетгани сабабли қўшни давлатга сув берилмаяпти, дейди. Бу техник сабаб 2021 йил Толибон ҳокимиятга келганидан кейин ҳам кўрсатилади.
Толибон 1973 йилдаги шартномага биноан, баҳсни ҳал этиш учун арбитражга мурожаат қилишни таклиф этади. Шу билан бирга, ЭИР билан муносабатни ривожлантириш Толибоннинг устувор сиёсати, дея таъкидлашни ҳам унутмайди.
Теҳрон эса терс тарзда сув муаммоси бўйича барча масъулиятни Толибонга ағдаради.
20 май куни ЭИРнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ҳасан Козимий Кумий сув муаммосини яратгани учун толибларни жавобгарликка тортиш керак, деб баёнот беради.
Президент Иброҳим Раисий 18 май кунги баёнотида Систон ва Белужистон аҳолисини сув билан таъминлаш талабини қўяди. “Кейин афсусланмаслик учун гапларимни диққат билан тингланглар”, деб дўқ ҳам уради.
Афғонистон ТИВ раҳбари Амир Хон Муттақий Раисийга жавоб тариқасида ҳаётий муҳим масалани сиёсийлаштирмасликка чақиради.
Бу сўз “отишмалари” сарҳадлардаги ўқ овозларига айланади.
Икки мамлакат ўртасида чегара муаммосига сабаб қилиб сарҳадлар делимитация ва демаркация қилинмагани кўрсатилади.
Эрон инқилобидан кейин Теҳрон ва Кобул муносабатида кескинлик сақланмоқда. ЭИР ҳар сафар янги ҳукуматга қараб, Афғонистонга нисбатан сиёсатини ўзгартириб келади.
1979 йил икки воқеа содир бўлди: советлар Афғонистонга кирди, Эронда инқилоб рўй берди. Вашингтон ва Теҳрон афғон йўналишида бирданига иттифоқдошга айланди...
2001 йил Қўшма Штатлар террорга қарши глобал уруш очди ва ЭИР билан биргаликда Толибонни бартараф этишга киришди.
Американинг Афғонистонга интервенцияси ЭИРнинг бу мамлакатдаги позициясини мустаҳкамлайди. Толибон яна Теҳрон билан яқинлашишга мажбур...
2021 йилдан бери Толибон ЭИРнинг асосий душмани.
1998 йилда ҳам Теҳрон ва Толибон уруш ёқасига келишган.
Бугунги вазият эса батамом бошқа...
Сербия ва Косово: инқироз давом этади...
Косово шимолидаги Звечан, Зубин-Поток ва Лепосавич ҳамда Силовики маҳаллий ҳокимиятларига сайловлар бўлади. 26 май куни ғолиб бўлган албан ҳокимлари янги лавозимда иш бошлашига серблар тўсқинлик қилади ва ўлкада вазият кескинлашади. Серб номзодлари қатнашмаган сайловларни бекор қилиш даъватлари янграйди.
29 май куни НАТОнинг халқаро хавфсизлик коллектив кучлари – KFOR маҳаллий маъмурият биноларини ўраб олади.
30 май куни ҳам Косово шимолидаги Звечан шаҳрида серб намойишчилари полиция ва НАТО аскарлари билан тўқнашади. НАТО раҳбарияти Косовога қўшимча 700 ҳарбий юбориш қарорини чиқаради.
Ғарб давлатлари серб аҳолиси кўпчиликни ташкил этадиган шимолий ҳудудларда миллатлараро таранглик ортишига йўл қўймасликка чақиради.
Косоволиклар билан юзага келган кескинлик туфайли Сербия етакчиси Вучич НАТОдан кўмак истайди...
НАТОнинг Югославияга қарши операциясига 22 йил тўлди.
1999 йилдаги урушдан кейин мамлакат Қуролли кучлари анча заифлашади. 2000 йил Югославия армиясида 105 минг хизматчи бор эди, 2017 йилга келиб, серб армияси 30 минггга тушиб қолди. Замонавий қурол-аслаҳа, техника сотиб олишнинг идожи йўқ.
Вучич давлат бошига келгач, армияни қайта жиҳозлашга киришади. Бу ишда, албатта, Россиянинг иштироки катта, жуфтликка Беларусь ҳам қўшилади.
Сербларнинг махсус кучлари ҳар йили ўтказиладиган Россия-Беларусь-Сербия қўшма “Славян биродарлиги” машқида қатнашади.
Ўлкада истиқомат қиладиган этник серб ва албанлар ўртасидаги кўп йиллик тарангликдан кейин 2008 йил Косово ўзини Сербиядан мустақил, деб эълон қилади.
Косово Республикасини Европанинг айрим жанубий-шарқий ва Болқон ярим ороли давлатлари эътироф этган, холос. Сербия Конституциясига кўра, Косово Сербия таркибидаги Косово ва Метохия мухтор ўлкасидир. Косово Сербия ҳукумати томонидан назорат қилинмайди. Мухтор ўлка пойтахт Приштинага бўйсунмайди. Аҳолининг 90 фоиздан зиёдини этник албанлар ташкил этади, шимолда серблар кўп.
Ўлка ҳудудида беш минг кишилик KFOR кучлари бор.
Белград ва Приштина 2013 йилдан буён ЕИ воситачилигида ўзаро муносабатни изга солишга уриниб келади.
Сербия билан Косово ўртасидаги можаро ўтган йил июлда таранглаша бошлаган. Ўшанда Приштина Сербиядан кириб келаётган фуқаролар учун муваққат ҳужжат жорий этиш ҳамда серб озчилигидан Сербиянинг эски авторақамларини маҳаллий рақамларга алмаштиришни талаб қилади. Ноябрь ойи охирига келиб, Косово ва Сербия ЕИ воситасида мавжуд муаммоларни қисман бартараф этади, бироқ минтақада майда келишмовчилик ҳалигача давом этмоқда.
Таҳлилчилар ЕИ раҳбарлиги остида муносабатни яхшилаш жараёни суст кетаётганини таъкидлашади. Музокара муваффақияти учун икки томон ҳам муросага бормаяпти.
Томонларнинг бир-бирига нисбатан ишончи анча сўнган.
ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель ҳам Косово – Сербиянинг салбий муносабатидан жиддий хавотир билдиради. 10 йилдирки, ЕИнинг қўлидан ҳеч нарса келмаяпти.
Сербия Косово мустақиллигини тан олмасдан ЕИга аъзо бўлолмайди. Косово эътирофи ҳам осон масала эмас. Қолаверса, ЕИга аъзо бошқа давлатларнинг ҳам бундай истаги йўқ...
Экспертлар Косово конструктив руҳдаги минтақавий ҳамкорликка тайёр, дейишади. Шу билан бирга ўлка ўз мустақиллиги бошқа давлатлардан томонидан тан олинишиям истайди...
Бугунча шу...
Келаси ҳафта жумада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси.