Сўнгги ҳамла! Ё чикка ё пукка...
Туркиядаги қизғин сайлов олди кампанияси бугун ниҳоясига етади. Эртага мамлакатда “сокинлик” ҳукм суради. Президентликка ва депутатликка номзодлар, сайловчилар бир кун тин олишади. 14 май оқшоми яна ғала-ғовур авжига чиқади...
Президентлик учун кураш, тахмин қилинганидек, амалдаги давлат раҳбари Эрдоған ва бош мухолифат вакили Қиличдорўғли орасида кечди. Ҳар икки номзодга хайрихоҳ ижтимоий сўров марказлари ўзларига маъқул натижани эълон қилиб, “ўртани қиздириб туришди”.
Мўътадил таҳлил марказлари асосий номзодлар сайловчилар овозини бўлиб олиши фаразини илгари суришмоқда. Иккинчи турда ҳам Эрдоған ва Қиличдорўғли баҳслашиши кутиляпти.
Номзодлар тарғибот-ташвиқот жараёнида сайловчилар кўнглини овлаш учун бисотидаги бор чиройли ибораларни қўллаб, ваъдалар қопини тўлдиришди...
Одатда, давлат раҳбарлигига номзодларнинг миллати, диний мансублиги муҳим ҳисобланади. Кутилмаганда Қиличдорўғли “Мен алавийман, мусулмонман”, дея ўзини “ошкор” қилди.
Айнан унинг мазкур конфессияга мансублиги президентликка номзоди қўйилиши арафасида яширин баҳсни келтириб чиқарди. Зеро, кўпчилик, жумладан, унинг мухолифат блогидаги иттифоқчилари – турк консерватив сайловчилари ва сунний диндорлар алавий номзодга овоз беришдан бош тортишини айтишди.
Алавийлик Онадўлидаги қараши билан бектошия тариқатига яқин синкретик диний гуруҳ. Бу гуруҳ ўз даврида туркий шаманлик, зардуштлик, маздаизм, манихейлик, христианликка, шунингдек қадимги Онадўли ва Месопотамия мифологиясига таъсир ўтказган.
Мухолифатчи “Миллий альянс” ёки “олтилик платформаси”да турфа қарашли сиёсий партиялар мавжуд. Консерватив “Саодат” ва “Келажак” партиялари таъкидлашича, Қиличдорўғли ўзини алавий, деб таништириши “ишнинг пачавасини чиқарган”.
Мазкур исломий партиялар алавийликка кўзини юмиб, Отатурк партияси номзодини қўлламоқчи эдилар.
Экспертлар қайд этишича, Қиличдорўғли ўзини ҳуқуқи поймол этилаётган “мазлум озчилик” вакили сифатида кўрсатишга уринган бўлиши мумкин.
Сурия Президенти Башар Асад ҳам алавий, аммо буни ошкор қилмаган. Аксинча, ўзини суннийликка яқин кўрсатишга интилади, сунний масжидга боради ва ҳоказо.
Турк мухолифатчиси келиб чиқишини яширмаган, аммо кенг намойиш ҳам қилмаган.
Туркияда алавийларга нисбатан салбий муносабат ҳеч қачон кузатилмаган. Масалан, ҳукумат ва парламентнинг собиқ раиси Бинали Йилдирим алавий, Президентнинг жон дўсти.
Таҳлилчилар Қиличдорўғли сайловда ғалаба қозонса, биринчи хорижий сафарини Сурияга ташкил этишини тахмин қилишмоқда. У Асад ҳукумати билан муносабатни яхшилаш тарафдори. Эрдоған ҳам қўшни давлатга муносабатини ўзгартирган, аммо юз минглаб сурияликлар “қатлиоми” унга тинчлик бермаяпти...
Мухолифатчи курсига ўтирса, НАТО ва ЕИ билан қандай сиёсат олиб боришини олдиндан айтиш мушкул-у, ҳар холда, амалдагидан анча фарқ қилиши аниқ.
“Олтилик платформа” жанговар F-35 қирувчи учоқлар дастурига қайтишни ваъда қилмоқда. Эрдоған Россиядан С-400 зенит ракетаси тизимини сотиб олгач, океан орти мамлакати Анқарани F-35 дастуридан чиқариб юборган.
Бўлғуси янги ҳокимият Украина зиддияти туфайли Россия ва Туркия орасини бузиб қўйиш эҳтимоли юқори. Мухолифат альянси 15 майдан кейин “Туркиянинг НАТО аъзоси” эканини Россияга эслатиб қўйиши мумкин.
Россия билан савдо-иқтисодий алоқани ҳисобга олиб, Қиличдорўғли Москвага қарши хорижий санкцияга қўшилмаслиги керак, дея тахмин қилади экспертлар.
Шунингдек, янги сиёсатда Туркия ЕИ жараёнига қайтиши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларини бажаришга розилик бериши мумкинлигини назардан қочирмаслик керак.
Қиличдорўғли сўнгги ўн йилда икки марта Вашингтонга борди. Бинобарин, буни ортиқча “реклама” қилиб ўтирмади, ҳатто, маҳаллий ОАВдан яширишга уринди.
Анқаранинг ЕИ ва НАТО билан яқинлашишига қарамай, янги ҳокимият мустақил ташқи сиёсат олиб боришга ҳаракат қилади.
Тез орада қайси тахминлар ҳақиқатга яқин эканини кўрамиз...
Халқ бир тараф, раҳбар бир тараф…
10 майда Россия Грузия фуқаролари учун виза режимини бекор қилди. Энди грузинлар бу мамлакатда 90 кун меҳмон бўла оладилар. Айни тартиб меҳнат фаолияти билан шуғулланувчиларга дахлдор эмас. Шунингдек, 2019 йилдан бери амал қилиб келаётган Россия самолётлари парвози ва Грузияга сайёҳлик турлари билан боғлиқ тақиқ бекор қилинди.
Президент Саломе Зурабишвили бу қарорларни «иғво», деб атади. ТИВ раҳбари Илья Дарчиашвили эса Грузия фуқароларининг Россияга визасиз бориши ва тўғридан-тўғри рейслар тикланиши қарорини олқишлади.
Парламент раиси Шалва Папуашвили муносабатни кескинлаштирмаслик учун Грузия Россияга қарши санкция қўлламаслигини билдирди.
Грузия билан виза режими Москва ва Тбилиси дипломатик муносабати узилган 2008 йилгдан олдин киритилган эди. 2000 йилда Панкисс дарасидан террорчилар рус ҳудудига ўтишининг олдини олиш учун шундай йўл тутилган. Кейинги ўн йилда ўзаро муносабат хусусиятида бирмунча ўзгариш кузатилди.
Парвозга изн берилишида мантиқ бор. РФ ҳукумати ўшанда Грузияда вазият сокинлашгач, самолётлар қайта уча бошлайди, деган эди. Ўтган йил бир миллион россиялик сайёҳ Грузияда дам олгани бу диёр русларнинг севимли масканига айланганидан дарак.
Икки давлат ораси Москва Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олганидан кейин бузилган. 15 йил дипломатик алоқа мутлақо кузатлмади.
Михаил Саакашвили мамлакатга раҳбар бўлган 2012 йилда россияликлар учун қисқа муддат визасиз режим амал қилди. Бу билан Президент очиқлигини намойиш этмоқчи, Грузиянинг иқтисодий муваффақиятини кўрсатиб, евроинтеграция ғояси билан рус халқи ҳавасини келтирмоқчи бўлганди.
Буларнинг бари булутдай тарқаб кетди, шундан кейин виза режимини енгиллаштириш ёки умуман бекор қилиш ҳақида бош қотирилди.
Россияда юз минглаб грузиялик яшайди, бу халқлар орасида кўп асрлик маданий, инсоний алоқалар шаклланган. Визасиз тартиб айни омиллар ривожига ҳисса қўшиши, муҳими, Саакашвилининг Жанубий Осетияда уруш келтириб чиқарган қараши туфайли қўзғалган душманлик кайфиятига барҳам бериши мумкин.
Экспертлар бу қарор, нима бўлганда ҳам, грузин жамияти билан алоқани тиклашда муҳим ўрин тутишини таъкидлашяпти.
Грузиянинг Украина масаласидаги ҳатти-ҳаракати ҳам ижобий роль ўйнагани қайд этилади. Мамлакат БМТ Бош Ассамблеяси сўнгги сессиясида Россияга қарши овоз берди, аммо санкция киритиш борасида бетараф қолди.
Грузия ҳукумати миллий манфаатни эътиборга олиб, шундай позицияни эгаллади. Икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ўтган йил 50 фоиз ўсиб, 2,5 миллиард долларни ташкил этди. Ақли расо халқ бундан кейин 2008 йилги воқеа такрорланишини истамайди.
Евроатлантика қадриятларига содиқлик намойиш этилаётган бир пайтда, Грузиянинг бундай прагматик йўл тутиши замонамизда камёб ҳодиса.
Таҳлилчилар фикрича, Грузия сўнгги йилларда АҚШ ва ЕИ сингари «иттифоқчилари» томонидан босимга учрамоқда. Шу сабабли энди соғлом ташқи сиёсат юритишга чоғланган бўлиши мумкин.
Президент Саломе Зурабишвили Франция ташқи сиёсат тизимида тобланган мутахассис. У Россиянинг виза мавзусидаги қадамини «навбатдаги провокация», деди. «Виза ва ҳаво қатнови масаласи Украина можароси билан бирга тугайди», деб ҳам қўйди.
Аксарият грузинлар бу қарашни қўлламайди. «Маъқул ва номаъқул вазиятда Зурабишвили Брюссель ва Вашингтонга содиқлигини намойиш этиш учун шундай баёнот берди», дейишади улар.
Халқ бир тараф, раҳбар бир тараф. Натижани вақт кўрсатади…
Саргардон Сурия сиёсат майдонига қайтмоқда…
3 май куни Эрон Президент Иброҳим Раисий бошчилигидаги нуфузли делегация Дамашққа ташриф буюрди, сурияликлар билан қатор шартномалар имзолади. Сўнгги йилларда Эроннинг Сурияга таъсири анча ошгани сезилмоқда. Бу даражадаги сафар анчадан бери амалга оширилмаган эди. Башар Асад эса Теҳронга бир неча марта бориб келишга улгурган.
Сурия анча заиф бўлса-да, Эрон ёрдамига муҳтожлик сезилса-да, ҳарбий ҳаракат давом этиб турган пайтда Ислом Республикаси расмий ҳужжат имзолашга интилмади, тузукроқ вазиятни пойлади. Мана, шундай шароит етилгани билинди.
Музокара натижасида Сурия ва Эрон ўртасидаги Кенг қамровли стратегик ҳамкорликнинг узоқ муддатли режаси бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандумни давлат раҳбарлари имзолашди. Мазкур ҳужжат алоҳида муносабатдан келиб чиқиб, узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш асосини яратади.
Ҳужжатлар хусусида очиқ маълумот кам, аммо ташқи кучлар учун яхши ниятли алоқа кенгайиб бораётганини кўрсатиб қўйиш учун етарли бу факт.
Журналистлар учун брифингда Асад ҳужжатлар, асосан, иқтисодиётга оид экани, Сурияни ҳарбий амаллар тугагач, февралдаги кучли ер силикинишидан кейин қайта тиклашга қаратилганини таъкидлади.
Суриянинг расмий ОАВ беғараз иштиёқ билан мазкур муҳим воқеа ҳақида мақолалар чоп этиш учун бир-бири билан мусобақалашди, гўё. «Тишрин» газетаси янада илгарилаб, Сурия, Ироқ ва Эрон янги мустаҳкам минтақавий блок ташкил этишига ишора қилди.
Ҳужжатларга шубҳа қилувчиларнинг аксарияти, келишувлар қоғозда қолиб кетадиган декларатив хусусиятга эга, деб чиқдилар. Шартномалар тўплами махсус битим ёки аниқ шартномага асосланган келишувни акс эттирмаган, дейишди қўшимчасига.
Бир жиҳатдан улар ҳақдир, яъни томонлар фавқулодда минтақавий ўзгаришлардан фойдаланиб қолган бўлишлари мумкин.
Раисийнинг сафари Араб давлатлари лигаси Ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан бир неча кун аввал содир бўлди. Табиийки, эронликлар Суриянинг «араб оиласи»га қайтиши тўғрисида резолюция қабул қилинишидан хабардор эдилар: Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони сингари минтақанинг кучли давлатларида Сурияга таъсир кўрсатиш билан боғлиқ янги имконият пайдо бўлди.
Етарли даражада ресурсга, таъсир кучига эга бу давлатлар Эроннинг Суриядаги ҳукмронлик ролига қарши чиқишга қодир. Саудия Хитой воситачилигида Теҳрон билан муносабатни илиқлаштирганига қарамай, ўз манфаатини устун қўйиши аниқ.
Эрон делегацияси ташрифига шу нуқтаи назардан баҳо бериш керак. Эрон шошиб қолди, нега? Сурияга ишончи йўқлигидан даракми бу?
Урушдан хонавайрон бўлиб чиққан мамлакат ҳар қандай сармоя олишга тайёр, аммо бундай манба эронликларда йўқ, дейди экспертлар.
Юқорида таъкидлаганимиздек, аксарият ҳужжатлар шартли равишда қабул қилинган бўлса-да, Теҳроннинг Дамашқ иқтисодиёти тармоқларида ўзини кўрмоқ нияти бор. Бу, аввало, логистика, яъни транспорт инфратузилмаси – аэропорт ва автомобиль йўлларини тиклаш, келгусида темир йўлларни тартибга келтиришни назарда тутади.
Хабарларга кўра, Араб давлатлари лигаси саммити ўтадиган 19 майгача Асад Ар-Риёдга ташриф билан бориши мумкин. Таҳлилчилар таъкидича, Саудия Арабистони минтақадаги низоли вазиятларни океан орти иродасига қарши ҳал қилиш йўлини тутмоқчи. Зеро, айни ҳолат ўнлаб йиллар давомида араблар аро қарама-қаршиликни, диний низоларни кучайтириб келаётган эди.
12 йиллдан сўнг Суриянинг катта сиёсат майдонига қайтиши минтақадаги мувозанатни ўзгартирмоқда…
Бугунча шу.
Келаси жумада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси