Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жумадан жумагача
18:11 / 2023-04-14

Макроннинг Хитой сафари...

Эммануэль Макрон Хитойга бориб келди. Франция сиёсий доиралари бу сафардан анча умидвор эди. Жиддий музокара нияти ўхшамади, маъмурият унинг натижасидан кўнгли тўлмади. 

Бунинг устига Макрон Пекин мустақил сиёсатчи сифатида йўлга отланган эди, ЕИ унга Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйенни қўшиб қўйди...

Делегация таркибига ишбилармонлар доираси ва маданият вакиллари кирди. Тахминий шу таркиб билан давлат раҳбари ўтган йил охирида АҚШга борганди. Danone, L’Oréal, Alstom, LVMH ва Veolia компаниялари, “BNP Paribas” банки раҳбарлари хитойлик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказишди.

Французлар маданиятини мусиқачи Жан-Мишель Жарр, дунёга таниқли шоу устаси, режиссёр Жан-Жак Анно тамсил этди. Давлат етакчисининг ғоясига кўра, айнан бу сиймолар икки мамлакат ўртасида қизғин маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши керак эди... 

Сафардан уч ҳафта аввал – 10 март куни Урсула фон дер Ляйен  Вашингтонда Жо Байден билан кўришиб қайтганди. Кетидан Брюсселда Европанинг Хитой муносабатларида иқтисодни чеклайдиган қатор чоралар қабул қилинди. Хусусан, Германиянинг мобил телефон операторлари Хитойнинг Huawei ва ZTE ускуналаридан воз кечади. Голландиянинг ярим ўтказгич ишлаб чиқарувчи ASML компанияси эса Хитойга маҳсулот юборишни тўхтатди. 

Фон дер Ляйеннинг америкалик етакчи билан учрашуви Европа кенгаши билан келишилмагани (?) маълум бўлади. Европа мамлакатларининг ЕИдан мустақил сиёсат юритамиз, дейишларига қарамай, мажбурланган чекловларга розилик билдирилди. 

Хусусан, Le Monde нашри дипломатлар ва “юқори мартабалик европалик зодагонлар”нинг гувоҳликларига таяниб, Евромамлакатларининг бундай сиёсатнинг зарарли экани ҳақида гапирдилар. 

30 март куни Брюсселда, шунингдек, хитойшунослик билан шуғулланадиган Европанинг икки йирик таҳлилий марказлари – Хитой санкциясига тушган Merics ва European Policy Centre ташкил этган конференция ўтказилади. 

Анжуманда сўз ирод этган Еврокомиссия раҳбари Хитойда “инсон ҳуқуқлари жиддий бузилаётгани”ни танқид қилади. Украина можаросида бу мамлакатнинг эгаллаган позициясига қараб, ЕИ мамлакатлари билан муносабатларини аниқлаб оламиз, деб таҳдид ҳам қилиб ўтади. 

Макрон ўзига юкланган “вазифа”ни бажарди – Россияга ҳарбий амалларни тўхтатиш ва музокаралар ўтказишга чорлаш учун Хитой таъсирига муҳтожлиги етказилди. Аммо Пекин бўлажак амалларини Зеленский билан бамаслаҳат олиб бориши зарурлигини қистириб ўтди. 

“Россияни ақл-ҳушини йиғиштириб олишга” чақиришни ва ХХРнинг Украина муаммосига қарашларини ўзгартиришни сўрайди. 

Бир сўз билан айтганда миссия муваффақиятсиз якунланади, бу ҳақда ОАВ, дипломатлар, сиёсатчиларнинг ўзлари айтишди. 

Музокарада Макрон Хитойнинг ҳудудий яхлитлик тамойилини ҳурмат қилади, деб айтмоқчи бўлади-ю, Тайвань масаласи эсига тушиб, тили айланмай, бу фикрни очиқлашдан воз кечади, деб ёзди француз матбуоти. Журналистларнинг тўғри саволларига эгри жавоб қайтаради...

Хуллас, француз етакчиси Сидан Украина масаласида Россия ва ядро қуролини ҳудудида жойлаштиришга розилик берган Беларусни қоралата олмайди. 

Хитой компартиясининг нашри бўлган China Daily шу кунлари Ғарбнинг Альянс тараққиёти концепциясига таяниб, Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиб киришини танқид қилиб чиқади. Матбуот учун тарқатилган баёнотда Си Цзиньпин Урсула фон дер Ляйенга “Украина инқирози ЕИ ва Хитой учун муаммо эмас” таъкидлагани маълум бўлади.

Дарвоқе, фон дер Ляйен сафари бир кунда якун топиб, қайтиб кетади...  

Макрон Хитой етакчисидан биргина Зеленскийга телефон қилиш ваъдасини ола билди. Қачон? Шароит-вазият тақозо қилганда, жавоби берилди!

Эртага, 15 апрелда Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Пекинга бориб, Макрон ва Урсула фон дер Ляйен уддалай олмаган камчиликларни тўлдириши керак эди. Кутилмаганда  COVID-19 тестининг ижобий натижаси сафарни бекор қилдиради. Бу “сиёсат”нинг рост-ёлғонлиги вақт ўтиши билан айён бўлар...

Аммо, аввалдан режаланмаган ташриф билан Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок кеча Пекинга етиб келади...

Икки ўт орасидаги Арманистон...

7 апрель куни Арманистон Мудофаа вазирлиги жорий йилда АҚШнинг Европадаги Қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги томонидан уюштириладиган иккита ҳарбий машғулотларда иштирок этишни режалаштирилмоқда, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати. 

Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (КХШТ)нинг аъзоси бўлган Арманистон ва Россия Мудофаа вазирликлари январь ойида “мавжуд вазиятда” Ереванда аввалдан режаланган “Бузилмас биродарлик” машғулотини ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хабар тарқатишади. 

Йил бошида, шунингдек, Пентагон Арманистон бошқа давлатлар қаторида Defender Europe – 2023 машқларида қатнашиши хабарни эълон  қилади-ю, бир муддат ўтиб, уни иштирокчилар рўйхатидан чиқариб юборади. 

Қадимдан аҳил-иноқ бўлган Арманистон – Россия муносабатларга ўтган йили “кўз тегади”. 

Арман раҳбарияти сентябрда Қорабоғдаги амаллари учун Озарбайжон ҳаракатларига КХШТ “етарли даражада муносабат билдирилмагани”дан хафа бўлади. 

Ереван мухолифати КХШТдан чиқиб кетиш талабини қўяди.

Пашинян бу баёнотни маъқулламайди.

Ноябрда бош вазир КХШТнинг саммити якунлари бўйича якуний декларацияни ҳамда Арманистонга биргаликда ёрдам бериш чоралари тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини имзолашдан воз кечади. Пашинян ташкилотнинг Озарбайжон Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигига қарши “агрессияси”га сиёсий баҳо бермаганини рўкач қилади. 

Йилнинг сўнгги ойига келиб, Арманистонни Қорабоғ билан боғлайдиган Лочин йўлаги тўсатдан тўсилади. Ереван бу ишда Бокуни айблайди. Озарбайжон, ўз навбатида, йўлни россиялик тинчликпарвар кучлар тўсгани ҳақида маълум қилади. 

Москвага мурожаат қилган арман ҳукумати “йўлакни эпласанг назорат қил, бўлмаса БМТга мурожаат қилишга мажбур бўламиз”, деб баёнот беради. 

Мартда Ереван КХШТ раисининг ўринбосари лавозими учун номзод киритиши керак эди. Бу квотани ҳам қабул қилмайди. "Мазкур лавозим  мамлакатим хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмайди”, дейди Пашинян. 

Экспертларнинг фикрича, бу Ереваннинг Альянсдан узоқлашишини кўрсатади. Бошқа томондан Москва ва Киев можаросида ҳеч қайси томоннинг ёнида турмаслигини англатади. 

Таҳлилчилар Арманстоннинг КХШТдан чиқиш нияти йўқ, деб биладилар. Бу ташкилот ва Россия унинг иттифоқдоши, аммо кўнглининг тубида улардан воз кечиш ўйи бор. 

Ғарбга ҳам ишончини йўқотган. У Ереванга ҳам Озарбайжон, ҳам Туркия билан муносабатларни яхшилаш зарур эканини бот-бот таъкидлайди.

Қўшма Штатлар Кавказортидаги геосиёсий позицияни ўзгартириш, у ерда Россиянинг мавқеини заифлантиришни ўйлагани-ўйлаган. 

Москва ҳам Боку билан алоқаларнинг бузилишини истамайди. 

КХШТга аъзо бошқа мамлакатлар ҳам жанубий Кавказ давлатлари орасига тушишни хоҳламайди...

Арманистонда ЕИнинг миссияси фаолият олиб боради, у бор-йўғи кузатувчи, холос, халқаро мақоми ҳам йўқ... 

Аслида Арманистон стратегияси Қорабоғнинг экс-квосини ўзгартириш ва 2020 йилда қабул қилинган уч томонлама тинчлик шартномаси шартларини бажармаслик, дейди таҳлилчилар.

Арман раҳбарияти икки ўт орасида қолган. Ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари аниқ эмас каби кўринади. Мамлакат маълум сабаб ва шароитлар туфайли тобора заиф ҳолга тушиб бормоқда. 

КХШТдан чиқиш ҳақидаги гап-сўзлар навбатдаги манипуляцияга ўхшайди. Таҳлилчилар ташкилотдан чиқиб кетиш кимга фойда-ю, кимга зарар, саволига аниқ бир нима дея олмаяптилар. Ҳар ҳолда ундан Москва ҳам, КХШТ ҳам ютқазмайди... 

Хитойнинг бош балоси – Тайвань...

Ўтаётган ҳафтада Хитойнинг халқ-озодлик армияси бевосита Тайвань яқинида уч кунлик ҳарбий машғулотлар ўтказди. “Умумий қилич”, деб номланган манёврларда оролни ташқи кучлардан ҳимоя қилиш амаллари ишлаб чиқилди.

“CCTV” телеканали хабарига кўра, машғулотларда олтита турли замонавий кемалар қатнашган. South China Morning Post нашрига кўра, Гонконг армиясининг Су-30, J-16, J-15, Shaanxi Y-8 ва учувчисиз бошқариладиган самолётлар ва бошқа йирик техникалар Хитой армиясига кўмаклашган. 

Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучлари жанубий Хитой денгизида ўтган машғулот муваффақиятли якунланган.

Си Цзиньпин Компартиянинг XX съездидаги чиқишида Хитой Тайванни тинч йўл билан қўшиб олишга интилади, деб баёнот берган эди. Аммо масалани ҳал этишда куч ишлатилиши истисно қилинмайди, деб қўшиб қўяди. “Охир-оқибатда миллий бирлашув амалга ошади”, дейди яна қатъий. 

Экспертлар Тайванни ўз назоратига олишда денгиз блокадаси энг эҳтимолий сценарий эканини айтишади. Океанорти давлатининг мудраб ётган пайтини пойлаб, яшин тезлигида ҳаракат қилади. 

Аммо Хитой армиясининг жанговар тажрибаси йўқ ҳисоби, охирги марта 1979 йилнинг февраль-март ойларида Вьетнам билан чегара уруши бўлган. Бу жанглар қатнашган ҳаётдаги генераллар-у қўмондонлар қартайишган бўлиши керак. Шунга кўра, Иккинчи жаҳон уруши ёки Корея уруши сингари йирик денгиз амалиёти ўтказилмаслиги кўпроқ аниқ!

Ҳарбий экспертлар иккинчи вариант ўлароқ Тайвань атрофидаги майда оролчаларни эгаллаб олишдан бошлашлари ва кетидан йирик амалиётга ўтиши мумкин, деб ўйлайдилар. 

Машғулотларда Хитойнинг Ҳарбий-денгиз флоти соҳилдаги ракета ҳужумлари ва авиация гуруҳлари билан ҳамкорликдаги манёврлар синовдан ўтказилди. Хитой ҳудудидан туриб, шунингдек, Тайваннинг шимоли, шарқи ва жанубий томонларга қарата шартли зарбалар берилди.

Global Times нашрига кўра, аэродромлар, алоқа тизимлари ва мобил мақсадлар нишонга олинган.

Чин ҳукумати майда зарбалар бериш ҳақида бир неча марта айтган, Ғарб ОАВ бу таҳдидларга эътибор бермаслик ҳақида огоҳлантиришган. Режаланаётган кенг миқёсдаги зарбалар ҳазил учун амалга оширилмаяпти, дейишади, хитойликлар табиатида бу йўқ. 

Хитой ўрта ва қисқа масофали қанотли баллистик ракеталар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Шунингдек, 200 километргача бўлган масофадан зарба беришга қодир бўлган узоқ масофали кўп марталик ракета тизимлари сони бўйича ҳам биринчи ўринни эгаллайди. 

Қўшма Штатлар Тайванга йўналтириладиган ракета зарбаларини тахмин қилаётгани аниқ. Шу муносабат билан оролни ҳаво ҳужумидан ҳимоя замонавий тизимлари билан тўлиқ таъминламоқда, дейди таҳлилчилар. Масалан, Reuters хабарига кўра, 2022 йилда Давлат департаменти Patriot сотиб олиш учун маблағ ажратган.

Тайвань осмонининг ҳимояси учун Исроилнинг “Темир гумбаз” тизими ўрнатилгани хабарлари бор. The Wall Street Journal АҚШ қўмондонлиги шу мажмуалар орқали оролни қўлламоқчи. 

Исроилнинг бундай хатарга бориши тўғрисида шубҳа билдиришади. Чунки жуҳудлар Украинага ҳам бундай аслаҳага етказиб беришдан тортинишган эди. 

Қолаверса, ХХРнинг Исроилга босим ўтказадиган имконлари бор. Аввало у сиёсий соҳада унга йирик шерик, Яқин Шарқ мамлакатлари учун иқтисодий ҳамкор...  

Хуллас, кунимизда Тайвань ва унинг иттифоқдошларининг Хитойга бас келиши мушкул. Пекин душман мудофаасининг заиф жойларини яхши билади. Бунинг устига “Умумий қилич” ҳарбий машғулотлари Хитойнинг Оролни куч билан қўшиб олиш имкониятларини синовдан ўтказиб олди...

Бугунча шу.

Келаси жумада хабарлашгунча!

Аброр Ғуломов, ЎзА халқаро шарҳловчиси