English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жумадан жумагача
18:34 / 2022-10-07

Эрдоған - Пашинян келишиб олишдими?..

Туркия ва Арманистон ўртасида 311 километр умумий сарҳад бўлишига қарамай, дипломатик алоқа йўқ. Қорабоғ муаммоси, арманлар геноциди каби чигал тарихий саҳифалар муносабат ўрнатишга изн бермайди.

Совуқ муносабатни илиқлаштириш учун 2008 йил “футбол дипломатияси” бироз ишлаган бўлди. Ўша йили жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Туркия - Арманистон ўйини томошасига Президент Гул Ереванга борди. Кейинги йил давлат раҳбари Саргсян Бурса шаҳрида такрорий матчни кўзлади.

Бу ҳаяжон битмасдан, 2009 йил октябрь ойида Цюрих шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирлари дипломатик алоқа ўрнатиш протоколини имзолади. Озарбайжон ҳукумати бундай “ярашув”дан хафа бўлди. Шундан кейин Туркия ва Арманистон парламентларида ҳужжатларни ратификация қилиш жараёнини тўхтатишга мажбур бўлишди. Кичик тарих шу.

Сўнгги йилларда икки давлат ўзаро муносабатни тиклашга бир-икки уринди. Охирги учрашув кеча Чехияда Европа сиёсий ҳамжамияти саммити доирасида бўлиб ўтди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ва Франция раҳбари Эммануэль Макрон иштирокида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Икки етакчи илгари ҳеч кўришмаган. Умуман, бу икки давлат раҳбари ўн уч йилдан кейин илк бор учрашди.

Музокарада Туркия ва Арманистон муносабатини нормаллаштириш масаласи муҳокама қилинди.

Хусусан, Эрдоған Пашинянга икки томонлама муносабатни тартибга солиш бўйича махсус вакиллар учрашувларини учинчи давлат ҳудудида эмас, навбатма-навбат Туркия ва Арманистонда ўтказишни таклиф қилди.

Бундан ташқари Туркия етакчиси минтақадаги кескинликни юмшатиш ҳамда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида имкон қадар тезроқ тинчлик шартномаси имзолаш лозимлигини етказди.

Яна бир гап шундаки, бу икки раҳбар Самарқандда кўришиши керак эди. Пашинян мамлакатидаги вазият кекскинлашиши оқибатида Ўзбекистонга келолмади.

Арман томони билан музокарадан олдин Эрдоған Илҳом Алиев билан гаплашиб олганини яшириб ўтирмади. Экспертлар тахминига кўра, кўришмада туркийлар билан арманлар ўртасидаги муносабатни нормаллаштиришга қаратилган, “турк-озар бирлиги” томонидан ҳозирланган “йўл харитаси” кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, гарчи, очиқ-ойдин гапирилмаган бўлса-да, Зангезур (Арманистон билан Нахичеван оралиғи) йўлагининг очилиши энг муҳим масалалардан бири, дея фараз қилиш мумкин.

Прагада яна Эрдоған-Пашинян-Илҳом Алиев бир орага келиб, долзарб мавзуларни учовлон кўриб чиққанликлари айтилди.

Арманистон Украинадаги инқироз туфайли Россия билан муносабатни модернлаштиришни ҳам ўйлаб турибди. Бу ҳам Туркия билан музокарага киришиш учун бир сабаб бўлгандир, балки.

Туркия ҳам халқаро архитектурада демонтаж жараёни бошланганини ҳис қилиб, янги дунё тизимида ўзига ўрин ҳозирлаб олмоқчи. Арманистон билан муносабатни яхшилаб олмасдан, Ғарб Россия ва Эрон билан айни йўналишда бир муваффақиятга эришиб бўлмаслигини тушуниб етган кўринади.

Ереван ҳам минтақа ичида сиқилиб қолганини тушуниб етмоқда, шунинг учун Яқин Шарқ томон очилиш манёврини қилмоқчи. Шу билан бирга етти ўлчаб, бир кесишни ҳам унутмаяпти, чунки Озарбайжон билан икки йил аввал “Қорабоғ-2” урушида тавба қилгандек гўё...

Байденми, Трамп?

Ҳафтанинг “портлатувчи” хабарларидан бири АҚШ Президенти Байденнинг 2024 йил бўлиб ўтадиган президентлик сайловида қатнашиш нияти Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер томонидан тасдиқланиши бўлди.

Америка етакчисининг ўзи сентябрь ойида “CBS” телеканалига берган интервьюсида икки йилдан кейин бўладиган сайловда номзодини қўйишини айтиб ўтган эди.

Собиқ давлат раҳбари Дональд Трамп ҳам июль ойидаёқ икки йилдан кейинги сайловда иштирок этиши ҳақида қатъий фикр билдирган.

Қўшма Штатлар экспертлари ҳар икки кекса номзоднинг сайловга етиб бориб, қатнашиши ва муваффақият қозонишига шубҳа билан қарамоқда.

Номзодларнинг сайловлардаги иштироки тарихига бир назар ташлаб қўямиз.

Байден илк бор 1970 йил Делаверда Ньюкасл округи кенгашига сайланади. Орадан 52 йил ўтиб, амалдаги президент яна Оқ уйдаги ором курсисини эгаллаш учун навбатдаги сиёсий кураш майдонига тушмоқчи.

Кўплаб таҳлилчилар бу мавзу 2022 йил бошида кўтарилганида, воқеалар анча таҳликали ва мураккаб кечарди, деган фаразни илгари суришди. Зеро, давлатда 40 йил давомида инфляция даражаси ҳеч қачон шундай рекорд даражага чиқмаганди. Байденни қўллаш рейтинги эса, ўшанда, 36 фоизга тушиб кетганди.

Рейтинги охирги бир-икки ой ичида анча кўтарилиб қолгани сабабли, Оқ уй раҳбари фурсатни бой бермай, номзодини илгари сурди, дейишмоқда. Бутун умри давомида ҳокимиятга интилган инсон осонгина жиловни қўлдан чиқаргиси келмаслиги аниқ-да! Ноябрь ойида Конгрессга бўладиган оралиқ сайлов бу масалага анча ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Демократлар ичида Байденнинг обрўси ҳамин қадар. Сўнгги оммавий сўровга кўра, унинг 2024 йил қайта президент бўлишини истовчи-тарафдорлар 56 фоизни ташкил қилмоқда.

Америкалик таҳлилчилар давлат раҳбарига партиядошлари орасида рақиб йўқлигини айтишмоқда. Камала Харрис харизмаси кучли аёл. Тўғри, тажрибали сиёсатчи, бироқ унга кўпгина жиҳатлар етишмайди. Айниқса, келиб чиқиши билан боғлиқ маълумотлар халақит бериши мумкин...

Байденнинг рейтинги Украинани қўллаб-қувватлагани учун сезиларли равишда кўтарилди. Шунга қарамай, америкаликлар биринчи навбатда “кисса”га қараб овоз беришлари ҳам маълум.

Шу маънода амалдаги президентга жиддий эътирозлар бор. Байденни қўллаётган Огайо, Жоржия, Аризона каби штатларга нисбатан, иккиланиб турган штатларда унинг рейтинги анча паст.

Ўтган сафарги сайловда Байден бор-йўғи 0,2 фоиз устунлик билан зафар қозонганди. Оқ танли демократ-эркаклар инфляция ва беқарор иқтисодий вазият туфайли давлат раҳбаридан рози эмас. Манфаатимизни ҳимоя қилмайди, миллий озчиликни қўллаб-қувватлашга кўп эътибор қаратади сингари иддаолар бисёр.

Асосий рақиб Трамп бўлиши эҳтимоли юқорига ўхшайди. У нафақат Байден, балки олифта миллиардер республикачилар партиясининг қайсидир тоифалари учун ҳам бош оғриғи бўлиши мумкин.

Республикачиларда вазият анча мураккаб. Трамп ўнлаб миллион тарафдорларига эга, унинг мақсади аниқ-равшан: мен ёки ҳеч ким! Республикачилар Трамп номзодини қўлламаса, партия парчаланиб кетиши мумкин. Мабодо, ютқазиб қўйса-чи, унда нима бўлади?

Трамп номзодини мустақил равишда ёки бошқа бирор партия томонидан қўйса, республикачилар имконияти-омадини йўққа чиқарган бўлади, чунки уларнинг собиқ вакили сайловда, балки, ғалаба қозонар...

Демократларга нисбатан республикачиларда номзод топиш осонроқ кўриняпти, дейишди экспертлар. Масалан, Флориданинг 44 ёшли губернатори Рон Десантис Трампсиз “трампизм” моделини қўллаш ниятини билдирган...

Россия НАТОга кирмоқчи бўлганми?

Ўтган ойда АҚШнинг 42-раҳбари Билл Клинтон бир вақтлар биринчи Президент Борис Ельцин билан Россия Федерациясининг НАТОга аъзо бўлиши истиқболини муҳокама қилганини иддао қилиб чиқди.

У Россияга, дастлаб, махсус ҳамкор мақомини олиш, кейинчалик ҳақиқий аъзо бўлиш таклифини берганмиш. “Бизнинг мақсадимиз хавфсизлик билан боғлиқ глобал муаммолар – ноҳукумат ташкилотлар, авторитар давлатлар, террорчи гуруҳлар қўлига тушиб қолиши хавфи бўлган кимёвий, биологик ва ядро қуролларини назорат қилиш” деганмиш.

Владимир Путин йил бошида ўз халқига йўллаган мурожаатида Клинтондан 2000 йил АҚШ Россиянинг НАТОга қабул қилинишига қандай қарагани тўғрисида сўраганини айтиб берган эди.

Давлат раҳбари суҳбатнинг бор тафсилотига тўхталиб ўтиришни эп билмай, “саволимни суҳбатдошим вазминлик билан қабул қилди”, деб қўя қолган.

Ўша даврда Шимолий Кавказдаги террорчилар ғарб давлатлари томонидан очиқ қўллаб-қувватланар, хавфсизлик талабига менсимай қаралар, НАТОнинг Шарқ томон кенгайиши ҳақида баҳс давом этаётган эди. Шундай вазиятда, россиялик таҳлилчиларга кўра, Клинтоннинг Россияга аъзолик истиқболини таклиф этиши хаёлий бир нима эди.

Қолаверса, Россия-НАТО шартномаси қабул қилинган, шу ҳолда мамлакатни Альянсга ҳеч ким чақирмагани аниқ-да!

1992 йил бу ҳақда гап-сўз бўлмаган, дейиш ҳам нотўғридир, балки. Зеро, Россиянинг НАТОга кириши йўлида ҳаракат бўлган ва бу қаттиқ қаршиликка дуч келган. Эҳтимол, шундан кейин Клинтон Ельцинга мурожаат қилган бўлиши мумкин.

Таҳлилчилар яна бир жиҳатга эътибор қаратишган. Клинтонгача Американинг таниқли сиёсатчиси, давлат арбоби Генри Киссинжер ҳам шу масалани кўтарган, дейишади. Буни АҚШ маъмуриятининг розилиги сифатида тушуниш ҳам мумкин.

Янаям аниқроқ айтилса, ўтган аср 90-йиллари бошида Россия демократлаштириш жараёнини босиб ўтган. Бундай “очиқлик-мавҳумлик” шароитидан учинчи кучлар фойдаланиб қолмоқчи бўлишгандир, эҳтимол? Айни шу пайт рус сиёсий элитаси ғарбнинг Евроосиёдаги устувор шериги бўлишга ҳаракат қилган, деб тахмин қилиш мумкин.

Клинтон бундай таклиф бериши учун сабаб йўқ эди - унинг қандайдир сиёсий мотивни илгари суриш ёки сайловда қатнашиш нияти бўлмаган эди-ку!

Мабодо, мазкур таклиф амалга ошиб қолганда, Россияга Яқин Шарқ масаласи, Ҳиндистон ва Эрон билан ҳамкорлиги панд берарди. Яъни, Россия катта сиёсат майдонида ўз фикрини эркин билдиришдан мосуво бўлиб қоларди. Яна ҳам аниқроғи, Австралия, Канада ва Япония сингари Америка сателлити - сунъий ҳамкорига айланиб қоларди.

Яна бир муҳим жиҳат: НАТОга аъзо бўлиш Россия хавфсизлигини бевосита таҳдид остида туширарди. Бу борада Альянснинг Югославиядаги ишини эслатиб қўйиш етарли бўлса керак...

Бугунча шу!

Янаги жумада хабарлашгунча...

Аброр ҒУЛОМОВ, ЎзА сиёсий шарҳловчиси