Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жума табриги ва диний масалаларни тарқатиш атрофидаги гап-сўзларга муносабат
16:56 / 2023-05-30

Ижтимоий тармоқларда “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш гўёки мумкин эмас, деган мазмундаги асоссиз хабарлар кенг тарқатилмоқда.

Шунингдек, юртимиздаги расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидлаш керакки, ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаради.

2021 йил 5 июлдаги Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунига асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.

Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин. Жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ.

Таъкидлаш жоизки, Ислом маърифатини тарқатиш, халқимизга дину диёнатни етказиш ва ёшларни илму маърифатли қилиш зиёлилар, хусусан дин пешволарининг энг муҳим вазифасидир.

Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги имом-домлалар томонидан интернет тармоғи орқали маънавий-маърифий йўналишларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси muslim.uz сайтида “Қуръони карим ва тажвид”, “Илм ва одобга оид ҳадислар шарҳи”, турли ваъз-насиҳатлар, Фатво марказининг fatvo.uz каналида диний савол-жавоблар ва Муфтий ҳазратларининг @Муфтий_Нуриддин_домла каналларида  руҳий тарбияга оид суҳбатлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда.

Демак, мўмин-мусулмонларимиз мана шундай расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкин.

Эслатма шуки, бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринмоқда. Шунинг учун ҳам экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда хоҳ жума табриги бўлсин, хоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланади. Шундай экан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни яна бир бор огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.