Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЖСТга аъзо бўлишда қонунчилик ислоҳотларининг ўрни
11:12 / 2025-08-14

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га тўлақонли аъзо бўлиши мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Мазкур халқаро ташкилотга аъзолик Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига қўшилишида, ташқи савдо сиёсатида катта аҳамиятга эга бўлиб, адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш имконини беради. Шу боис мамлакатимизда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари жадал олиб борилмоқда. Миллий қонунчиликни унга уйғунлаштириш, тартиб ва стандартларни халқаро талабларга мослаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимизда 13-16 август кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда бир қатор давлат органлари вакиллари иштирокида Жаҳон савдо ташкилотининг ҳуқуқий тизими ва ушбу тизимнинг қонунчилик жараёнлари масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда.

Тренинг Қонунчилик палатасининг Қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича вакили ҳамкорлигида “Ўзбeкистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Анжумандан кўзланган мақсад халқаро савдони ҳуқуқий тартибга солиш, ЖСТ ҳуқуқий тизими асослари, шунингдек, миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари қоидаларига уйғунлаштириш масалалари бўйича семинар иштирокчиларининг салоҳиятини оширишдан иборат.

Семинар-тренингда ЖСТ масалалари бўйича халқаро даражадаги экспертлар — ЖСТ Апелляция органи собиқ аъзоси, бир қатор халқаро савдо низоларида ҳайъат аъзоси бўлган профессор Питер Ван ден Бош, узоқ йиллар давомида ЖСТ тизимида турли раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган савдо масалалари бўйича маслаҳатчи Ҳамид Мамду, шунингдек, халқаро савдо масалаларида 35 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият олиб бораётган АШҚдаги Джонс Хопкинс университет профессори ҳамда халқаро савдо масалаларига ихтисослашган “Appleton Luff” адвокатлик фирмаси асосчиси Артур Апплтонлар иштирок этмоқда. Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, депутатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича вакили, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги бўйича музокарачилар гуруҳи аъзолари, “ақл марказлари” вакиллари иштирок этяпти.

Тренинг давомида иштирокчилар халқаро савдодаги тариф, шунингдек, техник тартибга солиш, санитар ва фитосанитар чоралар, субсидиялаш ва демпинг масалалари каби нотариф чоралар бўйича асосий қоидалар, уларни қўллаш, халқаро хизматлар савдосини тартибга солишнинг ўзига хослиги, халқаро савдонинг интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ жиҳатлари, ЖСТ доирасида халқаро иқтисодий низоларни ҳал қилиш борасида тўлиқ маълумот олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Семинарда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини якунига етказишда қонунчилик ислоҳотларининг ўрни, бу борада қонун ижодкорлиги масаласида илғор халқаро тажрибалар ҳақида фикр алмашилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА