Бугунги кунда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши масаласига жиддий эътибор қаратилиб, дадил қадамлар ташланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати натижаси ўлароқ, сўнгги икки йил давомида музокаралар жараёни янада жадаллашиб, Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 5 маротаба йиғилиши ўтказилди. Бугунги кунга келиб АҚШ, Хитой, Япония, Туркия, Бразилия, Саудия Арабистони каби 24 дан ортиқ ЖСТ аъзолари билан миллий бозоримизга ушбу давлатлар маҳсулотлари ва хизматлари кириши шартларини келишиш бўйича икки томонлама музокаралар тугалланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссияси томонидан “Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини якунига етказишда қонунчилик ислоҳотларининг ўрни, амалга оширилган қонунчилик ислоҳотлари йўналишидаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада қонун чиқарувчи ва музокарачилар гуруҳи ўртасидаги уйғунликдаги ҳамкорликни кучайтириш, ҳамкорликнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.
Қайд этилганидек, биргина 2024 йилда бу борада 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан 6 та қонун қабул қилинган. Улар асосида 74 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан 10 та қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Шунингдек, 2025 йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш борасида тизимли фаолият олиб борилаётгани таъкидланди.

Жумладан, ўтган даврда қуйи палата томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини ЖСТнинг ТРИПС битими талабларига мувофиқлаштиришга, божхона қонунчилигида энг қулай режимни қўллаш билан боғлиқ қоидаларни ЖСТнинг Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишуви (ГAТТ) қоидалари асосида такомиллаштиришга, давлат божи тўғрисидаги қонунчиликни ЖСТ битимлари талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган, шунингдек, ЖСТнинг Санитар ва фитосанитар тадбирларни қўллаш ҳақидаги битими асосида ҳамда Кодекс Алиментариус каби халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари қабул қилингани таъкидланди.
Муҳокамалар якунида Қонунчилик палатаси ва ижро ҳокимияти фаолиятида режалаштирилаётган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА