Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш ҳар қандай давлат учун фақат ташқи савдони либераллаштириш эмас, балки миллий ҳуқуқий, институционал ҳамда техник инфратузилмани тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этувчи мураккаб ислоҳотлар жараёни ҳисобланади. Бу жараёнда энг катта ўзгаришлар техник жиҳатдан тартибга солиш тизимига тўғри келади. Чунки, ЖСТ доирасида савдога тўсқинлик қилаётган асосий омиллар божхона тарифларидан кўра, стандартлар, техник регламентлар, сертификатлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш билан боғлиқ техник тўсиқлар ҳисобланади.
GATT қоидаларида савдо эркинлигининг умумий тамойиллари белгилаб берилган бўлса, кейинчалик қабул қилинган келишувлар, хусусан, техник тўсиқларга оид ҳужжатлар миллий техник инфратузилманинг халқаро талабларга мувофиқлигини тақозо этади. ЖСТ аъзолари ўртасидаги савдо муносабатларида маҳсулот сифати, хавфсизлиги ва мувофиқлигини баҳолаш усулларининг ўзаро тан олиниши муҳим аҳамият касб этади. Бу эса миллий техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг халқаро стандартлаштириш, метрология ва аккредитация тизимлари билан уйғунлашган бўлишини талаб қилади.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича миллий стратегиясида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимини халқаро қоидаларга мослаштириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бу жараён фақат қонунчиликни янгилаш билан чекланмай, балки институционал тузилмалар, лабораториялар, аккредитация органлари, метрология хизматлари ҳамда ахборот алмашинуви механизмларини қайта ташкил этишни ҳам ўз ичига олади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, техник тўсиқлар асосан стандартлар, техник регламентлар ва мувофиқликни баҳолаш тартибларининг халқаро талабларга мос келмаслиги натижасида юзага келади. Миллий стандартларнинг ISO, IEC, Codex, OIML каби халқаро ҳужжатлар билан уйғунлашмаганлиги экспортчи корхоналар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Натижада, GATT ва унга боғлиқ келишувларда товарларнинг эркин ҳаракатланиши тамойили белгиланган бўлса-да, амалиётда маҳсулотлар техник талаблар сабабли ташқи бозорларга кириш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Шу билан бирга, ЖСТ талаблари нуқтаи назаридан қаралганда, стандартлаштириш, метрология, аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш тизимларини янада чуқур трансформация қилиш зарурати сақланиб қолмоқда. Хусусан, мувофиқликни баҳолаш натижаларининг халқаро миқёсда тан олиниши учун миллий аккредитация органининг халқаро ташкилотлар билан интеграциялашуви муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, техник регламентларни ишлаб чиқишда халқаро стандартлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш амалиётини кенгайтириш талаб этилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, ЖСТ доирасида техник тўсиқларни бартараф этиш фақат ҳуқуқий ислоҳотлар билан чекланмасдан, методологик ёндашувни ҳам ўзгартиришни талаб қилади. Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бозор иқтисодиёти талабларига мос, шаффоф ва халқаро стандартларга асосланган бўлиши лозим. Жаҳон банки таҳлиллари ривожланаётган давлатлар ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида энг катта қийинчиликни айнан техник инфратузилмани қайта қуришда дуч келаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон шароитида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини уйғунлаштиришда халқаро стандартларни устувор қўллаш, техник регламентларни хавф-хатар таҳлили асосида ишлаб чиқиш, мувофиқликни баҳолаш тизимини мустақил ва шаффоф ташкил этиш, ахборот алмашинувини рақамлаштириш ҳамда нотфикация механизмларини жорий этиш муҳим методик тамойиллар сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, TRIPS келишувида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш орқали маҳсулот сифати ва хавфсизлиги масалалари техник талаблар билан узвий боғлиқ экани қайд этилган бўлиб, бу соҳанинг инновация ва технологиялар билан чамбарчас алоқадор эканини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида техник тўсиқларни бартараф этишнинг асосий йўли техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро талаблар билан чуқур ва тизимли уйғунлаштиришдан иборат. Бу жараён ҳуқуқий, институционал ва методологик ўзгаришларни қамраб олади. Стандартлаштириш, метрология, аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш тизимлари халқаро талаблар асосида қайта ташкил этилган тақдирдагина миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорида эркин ҳаракатланиши учун мустаҳкам замин яратилади.
Алишер Додоев,
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги масъул ходими.