Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЖСТга аъзо бўлиш натижалари бўйича Ўзбекистон нималарга эътибор қаратиши зарур?
15:41 / 2023-04-14

Жаҳон савдо ташкилотига 1990 йилдан кейин 15 та ривожланаётган мамлакат аъзо бўлган. Улар Албания, Баҳрайн, Бангладеш, Камерун, Грузия, Гондурас, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Непаль, Россия, Шри Ланка, Туркия ва Вануату давлатларидир.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш дунё мамлакатлари иқтисодиётига қандай таъсир этганини ўрганар экан, юқорида қайд этилган мамлакатларнинг экспорт ва импорт, ЯИМнинг ўсиши, инфляция, ишсизлик, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши ва ишлаб чиқариш саноатининг ЯИМдаги улуши каби макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар таҳлилига аҳамият қаратди.  

Таҳлилга кўра, ушбу 15 та мамлакатдан 12 тасида экспортнинг, 10 тасида эса ЯИМнинг ўсиш суръати тезлашган. 12 тасида инфляция секинлашган ва 10 тасида ТТХИ кўлами ошган. Бангладеш, Гондурас, Туркия ва Камерунда кўпчилик йўналишлар бўйича ижобий натижа кузатилган.  

Салбий тенденция ҳисобланган ишсизлик даражаси 15 та мамлакатдан 10 тасида ошган. Масалан, Бангладешда ишсизлик 2,3 фоиздан 3,5 фоизга, Гондурасда 3,4 фоиздан 4,4 фоизга, Қирғизистонда 6,8 фоиздан 8,7 фоизга ошган. Ушбу мамлакатларнинг 2 тасида ишлаб чиқариш саноатининг ЯИМдаги улуши ошган бўлса, 6 тасида камайган.  

Шунингдек, ташкилотга аъзо бўлган Қозоғистон, Туркия ва Грузиянинг макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ЖСТга аъзо бўлмаган шундай мамлакатлардаги ўзгаришлар  билан қиёсланди.  

Натижаларга кўра, сезиларли ижобий ўзгариш фақат экспорт ва импортда кузатилган. Қолган йўналишлардаги кўрсаткичлар деярли фарқ қилмаган. Масалан, Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлгандан кейин ишсизлик даражаси 5,3 фоиздан 4,9 фоизга пасайган. Озарбайжонда ҳам айнан шу даврда 5,2 фоиздан 4,9 фоизга камайган, Ўзбекистонда эса 5 фоиздан 5,6 фоизга ошган.  

Демак, таҳлил натижаларини инобатда олган ҳолда Ўзбекистон учун  ташқи дунё билан эркин рақобатлаша оладиган ишлаб чиқариш соҳаларини танлаб олиш ва уларни узоқ муддатли ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш, узоқ муддатли самарали саноат стратегиясини шакллантириш ва корхоналарнинг ташқи рақобатга бардошлилик кўрсаткичи бўйича доимий равишда ўзини-ўзи мониторинг қилиб боришига туртки берувчи механизмларни қўллаш  чора-тадбирларини кўриш мақсадга мувофиқдир.  

ЎзА