Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қабул қилинишини жадаллаштириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этган тадбирда амалга оширилиши зарур бўлган саъй-ҳаракатлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишига тайёргарлик кўриш чоралари муҳокама қилинди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов йиғилиш қатнашчиларига ҳозиргача амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. 2023 йилда жараённи тезлаштиришга қаратилган устувор вазифалар билан таништирди.
Мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан элчиларимизга ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларнинг асосий йўналишлари тушунтирилди.
ЖСТга аъзо барча давлатлар бозорига товар ва хизматларимиз кириб боришини таъминлаш учун икки томонлама музокараларни фаоллаштириш, келишувлар якуни бўйича тегишли баённомалар имзолаш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, қўшма саъй-ҳаракатлар натижасини мунтазам таҳлил қилиб боришга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнини янада жадаллаштириш бўйича фикр алмашиш мақсадида шундай учрашувларни доимий равишда ўтказиб боришга қарор қилинди.
ЎзА