Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЖССТнинг огоҳлантириши ўз вақтида ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилган
16:09 / 2022-12-26

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Самарқандда таблетка ва сироп кўринишидаги «Док-1 Макс» дори воситаси қабул қилинганидан сўнг беморларда ножўя таъсирлар кузатилгани билан боғлиқ вазият юзасидан ижтимоий тармоқларда турли хил фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билдирган расмий муносабатда таъкидланишича, октябрь ойининг аввалида ЖССТнинг тиббий маҳсулотларнинг қалбакилаштирилгани ҳақидаги 6/2022-сонли огоҳлантириши эълон қилинган. Унда "Maiden Pharmaceuticals Limited" (Харяна, Ҳиндистон) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 4 та препарат: "Promethazine Oral Solution" (прометазин, перорал эритмаси), "Kofexmalin Baby Cough Syrup" («Кофексмалин» йўталга қарши болалар сиропи), "Makoff Baby Cough Syrup" («Макофф» йўталга қарши болалар сиропи) ҳамда "Magrip N Cold Syrup" («Магрип Н» шамоллашга қарши сиропи) ҳақида сўз борганди.  

ЖССТ томонидан огоҳлантириш эълон қилинган заҳоти Агентлик ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК Фармакологик назорат бўлими мутахассислари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситалари реестрини мазкур корхона томонидан чиқарилган ҳар қандай турдаги дори воситалари борлиги жиҳатидан ўрганиб чиқишган.  

Текширув препаратлар номи эмас, айнан ишлаб чиқарувчи компания номи асосида олиб борилди, зеро мазкур дори воситаларининг Ўзбекистонга кириб келган номи ва қадоғи огоҳлантиришдагидан фарқ қилиши мумкин эди.  

Текширувлар натижасида ЖССТ огоҳлантиришида хабар қилинган дори воситаларини ишлаб чиқарувчи "Maiden Pharmaceuticals Limited" (Харяна, Ҳиндистон) компаниясининг бирорта маҳсулоти айни дамда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмагани маълум бўлди.  

ЖССТ огоҳлантириши агентлик ходимлари томонидан ўз вақтида ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилган.  

Таъкидлаш даркорки, аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини ЖССТ ҳамда фармацевтика соҳасига алоқадор бўлган халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорликда олиб боради.  

Фармакологик назорат бўлими ЖССТ хабарлари ҳамда АҚШ, ЕИ, Буюк Британия, Австралия ва ЕОИИ давлатлари тартибга солувчи органларининг сайтларини мунтазам равишда ўрганиб боради.  

Хусусан, мазкур ташкилотлар, шу жумладан, ЖССТнинг ҳар бир тавсияси доимий тартибда ўрганиб чиқилади ва уларга ўз вақтида тегишли муносабат билдирилади.  

Зарурат туғилганда агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлигини, тартибга солувчи органларни, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар, дистрибюторлар ҳамда истеъмолчиларни юзага келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида тезкорлик билан бохабар қилади.  

Шу билан бир қаторда, агентлик томонидан тартибга солувчи органлар вакиллари, шифокорлар, фармацевтлар ва бошқа мутахассислар учун юртимизда рўйхатдан ўтказилган фармацевтика маҳсулотлари юзасидан маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида семинар-тренинг ҳамда консультациялар мунтазам равишда ташкиллаштириб келинади.  

 

ЎзА