Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЖССТ вакили Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни эътироф этди
09:08 / 2023-04-27

Олий Мажлис Сенатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюросининг Давлат стратегиялари ва соғлиқни сақлаш тизимлари бўлими директори Наташа Аззопарди – Мускат бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.  

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Тошмуҳамедова ўсмирлар ва ёшларнинг руҳий саломатлигини профилактика қилиш ва мустаҳкамлаш, фаровонлигини таъминлаш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳнинг фаолияти тўғрисида батафсил тўхталди. Бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган тавсиялар ва 2023 йилга мўлжалланган Ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ва уларнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Н.Мускат хоним томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда  Президент бошчилигида соғлиқни сақлаш тизими, хусусан руҳий саломатлик масалаларида олиб борилаётган ислоҳотлар эътироф этилди.  

Хусусан, Сирдарё вилоятида тиббий суғурта тизимининг жорий этилганини, ушбу янги тизимнинг келгусида республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилишини юқори баҳолади.  

Шунингдек, идоралараро ишчи гуруҳнинг фаолиятини кенгайтириб, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларидан ҳам вакилларни қамраб олувчи минтақавий ишчи гуруҳни тузиш ташаббуси билан чиқишини ва ўзининг бу соҳадаги тажрибасини намуна сифатида бошқа мамлакатлар билан бўлишишини таклиф сифатида билдирди.  

Учрашув якунида Сенатнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан келгусидаги ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди.  

Н.Абдураимова, ЎзА