Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилишича, Туркиянинг жануби-шарқида ва Суриянинг шимолида юз берган зилзиладан жабр кўрганлар сони 23 миллион кишига етиши мумкин.
Азертаж ахборот агентлигининг ёзишича, ЖССТ фавқулодда вазиятлар бўйича вакили Адельхейд Маршанг Туркия ва Суриядаги зилзила ёки кейинги рўй берадиган афтершоклар 23 миллион кишининг жабр кўришига сабаб бўлиши мумкинлигини айтган.
ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таъкидлашича, ташкилот Туркия ва Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун барча ҳамкорлар билан иш олиб бормоқда. Бош директор, шунингдек, икки мамлакатга тиббий дори-дармонлар юкланган учта чартер рейслар жўнатилганини маълум қилди. «Биз кундалик энг зарур буюмларни тўплаяпмиз ва ЖССТнинг тез тиббий ёрдами бригадалари тармоқларини фаоллаштирмоқдамиз. Улар ярадорларга ва энг ночор одамларга зарур тиббий ёрдамини кўрсатади», – дея қўшимча қилган Тедрос Адханом Гебрейесус.