ЖССТ раҳбари Суриянинг Идлиб вилоятига боради
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори (ЖССТ) Тедрос Адханом Гебрейесус Суриянинг расмий ҳукумати назорат қилмаётган Идлиб вилоятига сафар қилади.
"Мен фронт чизиғи орқали зилзила оқибатлари жуда аянчли, дейилаётган шимоли-ғарбга (Идлиб вилояти) сафар қилишни режалаштирмоқдаман", - дея аниқлик киритган Тедрос Адханом Гебрейесус брифингда.
ЖССТ маълумотларига кўра, зилзила оқибатида Сурияда тахминан 8,5 минг киши ҳалок бўлган.
Аввалроқ Идлиб губернатори Саир Салхаб Сурия ҳукумати Идлиб вилоятига гуманитар ёрдам етказишга тайёр эканини маълум қилиб, бироқ жангарилар бунга тўсқинлик қилаётганини таъкидлаганди.
6 февралда Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида бирин-кетин икки марта 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила зарбидан Сурия ҳам катта зарар кўрган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалокат сабабли Туркияда қурбон бўлганлар сони 29 минг 605 кишига етган.