ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 570 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади. Уларнинг 311 мингги ушбу касаллик оқибатида вафот этади.
Бу борада мамлакатимиздаги вазият қандай? Вирусология илмий текшириш институти ходими, тиббиёт фанлари доктори Шаҳло Садирова билан суҳбатимиз ана шулар ҳақида бўлди.
– Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда туради ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Туғиш ёшидаги аёллар (18-45 ёш) орасида касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради, – дейди Шаҳло Садирова. – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар 100 минг аёлдан 11 нафарида учрайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг 2021 йилдаги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1827 нафар аёлда бачадон бўйни саратони аниқланган ва улардан 997 нафари ушбу саратондан вафот этган.
UNFPA таҳлилларидан келиб чиқадиган хулосалар эса анчайин аянчли бўлиб, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони билан касалланиш ва ундан бўлган ўлим кўрсаткичлари йилдан йилга ортиб боради. 2030 йилга келиб, 2100 нафар аёлда бачадон бўйни саратони кузатилади ва ўлимлар сони 1300 тага етади.
– Ўзбекистонда айнан қайси ёшдаги аёлларда ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари кузатилмоқда?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонига чалиниш кўпроқ 35-55 ёшли аёллар орасида кузатилмоқда.
Вирусология илмий-текшириш институти ҳамда Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги 5 та, Андижон вилоятидаги 2 та, Самарқанд вилоятидаги 4 та оилавий поликлиникада бепул скрининглар ўтказилди. Ушбу скрининг текширувлари 30-49 ёшли аёллар орасида ташкил этилиб, жами 44258 нафар аёл текширувлардан ўтказилди. Уларнинг 338 нафарида бачадон бўйни саратон олди касалликлари аниқланди ва бу аёллар тегишли тиббиёт муассасаларига даволаниш учун юборилди. Улар ҳозирда халқаро стандартларга мувофиқ керакли даво муолажаларини олмоқда.
– Бу борадаги ишлар жорий йилда қай тарзда амалга оширилади, бепул текширувлар ташкил этиладими? Ушбу касалликка чалинмаслик учун нималар қилиш керак?
– Касалликларни эрта босқичда аниқлаш учун йилига 3 миллион кишини скрининг текширувларидан ўтказиш ва 35-65 ёшдаги аёлларни бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони учун скрининг билан қамровини 70 фоизга ошириш вазифаси қўйилган.
Касалланиш ва ўлим даражаси юқори бўлишига қарамасдан одам папиллома вируси юзага келтирадиган бачадон бўйни саратон олди касалликларини тўлиқ даволаш имкони мавжуд.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бачадон бўйни саратони 90 фоиз ҳолатларда одам папиллома вируси томонидан чақирилган инфекциялардан бошланади.
Саратон ривожланишнинг дастлабки босқичларида аниқланса, уни ҳам тўлиқ тузатиш имкониятлари мавжуд.
Демак, бачадон бўйни саратонининг олдини қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш орқали ҳам олиш мумкин.
Ўзбекистонда 9-14 ёшли қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш ишлари 2019 йилда бошланган бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда 94 фоиз қизлар эмланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аёлларга бачадон бўйни саратонига чалинмасликлари учун 25-49 ёш даврларида ҳар 3 йилда, 50-64 ёш даврларида эса ҳар 5 йилда скрининг текширувларидан ўтиб туришларини тавсия этади. Қизларни келажакда бачадон бўйни саратони касаллигидан сақлаш учун эса уларни 9-14 ёш даврида одам папиллома вирусига қарши эмлаш тавсия этилади.
ВПЧ вакцина билан эмлашдан кейин инсон организми вирусга қарши таначалар ишлаб чиқаради. Агар вирус қачондир организмга кирадиган бўлса, унга қарши ҳимоя тизими ишлаб чиқилади.
ВПЧ вакцина билан эмлаш натижасида самарадорлик кузатилмоқда. Австралия, Бельгия, Германия, Швеция, Буюк Британия, АҚШ, Янги Зеландияда олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, эмланган аёллар орасида бачадон бўйи патологик ўзгаришлари юзага келиш ҳоллари камайиши яна ҳам аниқ кузатилди. Австралия ва Дания давлатларида касалланиш 80 фоизгача пасайди.
– Очиғини айтиш керак, ота-оналарда ушбу касалликка қарши эмлаш жараёнларига нисбатан ишончсизлик бор. Шу сабабли ҳам аксарият аёллар қизларининг ВПЧга қарши вакцина олишига розилик бермаяпти. Вакцина керакли тарзда синовдан ўтказилганми?
– Хар қандай вакцина каби ВПЧ вакцина ҳам амалиётда қўлланишдан олдин клиник тадқиқотлардан синовдан ўтказилган. Вакцина ЖССТ томонидан сертификацияланган.102 та давлатда бугунги кунда 270 миллиондан зиёд вакцина дозаси ишлатилган. Эмлашдан кейин ножўя ҳолатлар рўйхатга олинмаган.
Моҳигул Қосимова суҳбатлашди, ЎзА