Соғлиқни сақлаш вазирлигида ЖССТ вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ташкилотнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ходимлари ЖССТ ва Ўзбекистон ўртасида 2025-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси ҳамда ташкилотнинг Европа иш дастури (2026-2030 йиллар учун) тақдимотини ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Стратегия Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан мамлакатимиз учун ишлаб чиқилган ва ҳудудимиз учун мослаштирилган биринчи ҳужжат бўлиб, унда Ўзбекистон халқининг саломатлиги ва фаровонлигини яхшилашга интилиш акс этади ҳамда у мамлакатни соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишларга эришишда қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Илгари имзоланган ва икки йиллик даврни қамраб олувчи ҳамкорлик дастурларидан фарқли ўлароқ, стратегия ҳаракатлар учун қўлланма бўлиб, 6 йилга мўлжалланган ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасини трансформация қилиш борасидаги умумий қарашлар ва устувор йўналишларни акс эттиради. Ҳар йили уни иш режалар ва аниқ дастурлар билан тўлдириш мумкин.
Ҳужжат соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге томонидан жорий йил 8 апрель куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда имзоланади.
Учрашув давомида ташкилотнинг Иккинчи Европа иш дастури (2026 –2030 йиллар учун) ҳам тақдим этилди. Ҳужжат беш йилга мўлжалланган бўлиб, ЖССТнинг глобал стратегиясини минтақавий контекстга мослаштириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиришга хизмат қилади. У қарийб миллиард одамнинг саломатлигини яхшилашга қаратилган.
Ҳужжат аъзо давлатлар томонидан 2025 йил 28-30 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ЖССТнинг Европа минтақавий қўмитаси 75-сессиясида тасдиқлаш учун тақдим этилади.
М.Қосимова, ЎзА