Хитойда COVID-19 туфайли оғир ҳолатлар кўпайгани жиддий хавотир уйғотмоқда, ЖССТ Хитойни хавфли гуруҳдагиларни эмлашга кўпроқ эътибор қаратишга чақиради, деб баёнот берди ташкилот раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус брифингда.
“ЖССТ Хитойдаги вазият ривожидан жуда хавотирда. Мамлакатда хасталикнинг оғир кўринишлари сони ошмоқда”, деди у.
Тедрос Адханом Гебрейесуснинг қўшимча қилишича, ЖССТ Хитойга саъй-ҳаракатларини энг оғир гуруҳдаги одамларни вакциналашга қаратишига ёрдам кўрсатади.
"Хитойдаги аҳволга тўғри баҳо бериш учун ЖССТга касалликнинг қанчалик оғирлиги, касалхоналарга ётқизилиши, тезкор даволаш бўлимларини қўллаб-қувватлаш бўйича янада батафсилроқ маълумотлар керак", – дея аниқлик киритди у.
Хитой соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган куни мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ 2286 та ҳолат аниқланган, уларнинг 2229 таси маҳаллий шароитда юз бергани айтилмоқда. 16 декабрь ҳолатида Хитойда жами 34 минг 334 киши коронавирус билан оғримоқда.