Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесуснинг фикрича, COVID-19 коронавирус пандемияси тез орада тугамайди.
Ушбу баёнотни “Le Mond” нашри тарқатди.
“Пандемия ҳали-вери тугамайди. Вирус тарқалиши, касалхонада даволаниш ҳолатлари кўпаймоқда. Ҳукуматлар синовдан ўтган чоралар - ниқоб тақиб юриш, хоналарни шамоллатиб туриш, шунингдек, тест синовини амалга оширишда давом этишлари керак” деди ташкилот раҳбари.
ЖССТ мамлакатларни “беш ва ундан катта ёшдаги иммунитети кучсиз ёки жиддий даражада заифлашганлар ҳамда уларнинг яқинларини бустер, яъни кейинги босқич вакцинасини олишга ҳам чақирди.
Сўнгги икки ҳафта ичида дунё бўйлаб COVID-19 билан касалланиш 30 фоиз ошгани таъкидланмоқда. 11 июль ҳолатига кўра, ЖССТ дунёда жами 552,5 миллиондан зиёд кишига ушбу вирус юққанини тасдиқлади.
ЖССТ пандемия билан боғлиқ “соғлиқни сақлаш бўйича халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат” давом этаётганини қўшимча қилган.